Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:20

Жиҳод ва муҳаббат: Жангариларнинг мактублари...


Ҳалок бўлган жиҳодчи чўнтагида топилган мактуб
Ҳалок бўлган жиҳодчи чўнтагида топилган мактуб

Ҳарб майдонида ўлимга рўбарў бўлиш арафасида йигит ўз хотинига шундай мактуб битган: “Сен билан жуда бахтли эдим, тез орада жаннатда учрашиш насиб айласин, маҳбубам...."

Икки кун ўтиб, йигит ва унинг икки қуролдоши танк ўқидан ҳалок бўлди.​

Ғижимланган ва қонга беланган ушбу охирги ишқий мактуб ўтган йили Суриянинг Ҳалаб вилоятида ҳалок бўлган русийзабон мужоҳид чўнтагидан топилган.

Ҳарҳолда, мактуб ҳақида шундай гап юради.

Facebook ва VKontakte каби ижтимоий тармоқларда “Исломий Давлат” (ИД) тарафдорлари томонидан тарқатилган мазкур мактуб Суриядаги шимолий кавказлик жангарилар орасида шаклланган ҳикоя ва шеърнавислик анъанасига яққол мисол бўла олади.

Эркак ва аёл жиҳодчилар қаламига мансуб ҳикоя ва шеърлар жиҳод ҳақидаги ақидавий ва шахсий кўзқарашларни акс эттиради.

Бу битиклар ИД ва бошқа исломчи гуруҳларнинг русийзабон веб саҳифалари орқали қайта ва қайта тарқатилган.

Шеър ва ҳикоялар, ИДнинг русийзабон тарғибот журналлари ва видеолар сингари Ғарбни ҳайратга солиш ёки янги кўнгиллиларни жалб қилиш учун эмас, балки мужоҳидларнинг ўзлари ҳақида ва уларнинг ўзларига бағишланган.

Муҳаббат ва жиҳод

Ишқий мактублар ва шеърларнинг жанговар жиҳод дунёси ҳамда ИД вахшийликларига алоқаси йўқдек.

Аммо адабий мунаққид Робин Кесвелл ва Принстон Университети тадқиқотчиси Бернард Ҳайкелнинг New Yorker газетасида шу ҳафта нашр этилган мақоласида қайд этишларича: "Жиҳод маданияти - романтик маданият."

Жиҳод "ваъдалари ўрта асрларга бориб тақаладиган қаҳрамонлик ва мардлик саргузаштлари ҳали ҳам мавжудлигини кўрсатади," деб ёзади Кресвел ва Ҳайкел.

Жиҳодий назм араб тилида узоқ йиллик анъанага эга. Ал-Қоиданинг собиқ раҳбари Усома Бин Лодин шеърлари кўпчилик учун манзур бўлган моҳир шоир эди.

Бин Лодин ўз аҳли аёлига ишқий мактублар ҳам битган.

"Билгил, қалбимни муҳаббат ва гўзал хотиралар билан тўлдирасан," дейди у ўз аёлларидан бирига йўллаган видео пайғомида.

Русийзабон жангарилар дунёсида ҳам, араблар даражасида бўлмаса ҳамки, шеърий анъана шаклланган.

Суриядаги русийзабон жиҳодчилар иқший шеърият ва мактубларни жиҳодий маданиятнинг марказий ва идеаллаштирилган унсури, дея билишади ва улардан илҳом воситаси сифатида фойдаланишади.

Ҳалабда ҳалок бўлган жангари қаламига мансуб ишқий мактуб, мисол учун, идеал чечен жангариси тимсолини акс эттиради - ўз қуролдошларига меҳрибон, ҳарб майдонида қаҳрамонларча “шаҳид” бўлишга тайёр эса-да, аёлига ўз муҳаббатини билдиришга вақт топа олган “мужоҳид”.

Аммо, унинг муҳаббати эҳтирос чизиғини кесиб ўтмайди.

Жангари мактуби энг романтик жиҳодий манзарани тасвирлашдан бошланади: тун, йигит жабҳанинг олд сафида, “кофирлар” яқинлашмоқда, у эса ўз ҳомиладор аёлидан йироқда.

Жангга тайёргарлик кўраркан, жиҳодчи ўз суюклиси билан бир вақтнинг ўзида “шаҳид” бўлишни орзу қилганини ёзади.

Аммо, "вақт ўтиб, менинг мактубимни ўқиган пайтинг, билгилки, мен сендан розиман, сен мен учун энг садоқатли ёр эдинг," дея юпатади жангчи.

"Сен билан бирга яшаш мен учун шарафли эди," дея илова қилади у.

Романтик ҳиссиётлар баробарида жангари кундалик ташвишлар билан ҳам банд.

"Қишда совқотиб қолмаслигингни истардим, умид қиламанки, уйда ёқилғи етарли," деб ёзади у хотинига.

У, шунингдек, ўлимидан сўнг ундан қолган нарсаларни нима қилиш кераклиги борасида хотинига муфассал йўриқ беради.

"Агар пулга эҳтиёжинг бўлса, Руминияда ишлаб чиқарилган автоматни сот," – дейди у хотинига.

Кўз ёши тўкма

Идеал жангари “шаҳид” кетган дўстлари учун аза тутмаслиги керак: ИД ақидасига кўра, мужоҳид Аллоҳ ризолиги учун жон таслим қилади ва жаннатга йўл олади.

Мактуб муаллифи хотинидан ўлимдан сўнгра, аза тутмасликни сўрайди.

"Хафа бўлма, бошингга нима келса келсин, синиб қолма, азизам, - деб ёзади у. – Жиҳодни тарк этма, кучли бўл, Қуръон ва Суннатга мувофиқ яша."

Жангари мактуби интиҳоси туғилмаган фарзандига бағишланган.

"Агар ўғил туғилса, унга Абдуллоҳ, деб ном қўй. Агар қиз бўлса, Фотима ёки Хадича ё бўлмаса, ўзинг истаган исмни бер," – деб ёзади жангари. - Бу - васият эмас, балки, шунчаки, ҳозир ақлимга келганини ёзаяпман."

Мени эслагил...

Суриядаги русийзабон жиҳодий битикларда “кофирлар”га қарши жангларда ҳалок бўлган муаллифлар илиқ сўзлар билан эсланади.

Кўп мактубларнинг муаллифи номаълум. Худди Халабда ҳалок бўлган йигит сингари.

Аммо ишқий мактублар ва шеърлар фақатгина эркак жиҳодчиларга тааллуқли эмас.

Аёллар орасида ҳам ўз жиҳодчи эрларига атаб шеърлар битганлари бор.

“Руҳим сен билан тўлган” номли шеърда номаълум шоира "Фотима Мўъмина" эри ИД сафида жанг қилиш учун Сурияга йўл олганидан сиқилгани, аммо эрининг бу амали тўғри эканини ёзади.

"Сен биздан йироққа, аммо Яратганга яқинроққа кетяпсан,” деган сатрларни битган Фотима.

Сабр билан кутишини билдирган Фотима эрига “баъзида мени эслагил,” деб ёзади.

"Шояд ўша дам Аллоҳ сени мен томон юборса... Рўёмда," – дея хулоса қилади Фотима.

XS
SM
MD
LG