Линклар

logo-print

Тошкентнинг қаршилиги Қамбарота ГЭСи қурилишига тўсиқ бўлди


Қамбарота ГЭСини Россия барпо этишга ваъда бергани ҳақида 2009 йилдан бери айтилиб келинади.

Қамбарота ГЭСини Россия барпо этишга ваъда бергани ҳақида 2009 йилдан бери айтилиб келинади.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Валерий Диль парламент қўмитасида қилган чиқишида Россия томонидан барпо этилиши ваъда қилинган Қамбарота-1 ГЭСининг қурилиши Ўзбекистон қаршилик қилаётгани учун шу кунгача бошланмагани ҳақида гапирди.

Россия ва Қирғизистон ўртасида 2012 йилда имзоланган шартномага мувофиқ лойиҳавий қиймати 2 миллиард долларни ташкил этаётгани айтилган Қамбарота-1 ГЭСи Россия ҳисобидан қуриб битказилиши керак эди. Бироқ мазкур гидроиншоот қурилиши сиёсий сабаблар билан кечиктирилаётганини 2 июнь куни қирғиз парламентида чиқиш қилган Бош вазир ўринбосари Валерий Диль билдирди. Унинг айтишича, ГЭС қурилиши борасида Тошкент расмийлари муросага келмаётгани боис, Россия ҳам қурилиш ишларини бошлашни пайсалга солмоқда.

Ўзбекистон томони Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши билан минтақа экологиясига катта зарар етиши, трансчегаравий бўлган сув заҳиралари фақат бир давлат назоратига ўтиб қолиши мумкинлигидан ташвиш билдирган ҳолда, мазкур қурилишга қаршилик билдириб келмоқда.

Мазкур жараённи кузатиб келаётган таҳлилчи Эрнис Карибековнинг фикрича, Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон билан тил топишмагунига қадар Россия гидроиншоотларни қуриш борасидаги ўз ваъдаларини амалга оширмайди.

-Ўтган йилнинг 10 декабрида Путин Тошкентга расмий сафар билан борган. Ўша сўзлашувларда Қамбарота ГЭСи қурилмайди, деган қарор қабул қилинган. Бу лойиҳа иқтисодий жиҳатдан Россия учун ҳам манфаатли эмас, бундан ташқари жуда қиммат лойиҳа. Ўзбекистон Қамбарота бўйича халқаро экспертиза ўтказилишини талаб қилаяпти, Бишкек эса бунга рози бўлмаяпти. Ўзбекистон билан тил топишмагунимизча, Россия бу ГЭС қурилишини бошламайди. Қамбарота қурилиши яна 30-40 йилдан сўнг бошланиши мумкин, - деди таҳлилчи Эрнис Карибеков.

Ўзбекистон расмийлари, жумладан, президент Ислом Каримов нуфузли халқаро анжуманларда Қамбарота ГЭСи қурилишига ўз салбий муносабатини билдирган эди. Таҳлилчилар 2009 йилда пайдо бўлган Қамбарота ГЭСини қуриш ғояси ортидан Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари кескин ёмонлашганини эътироф этиб келадилар.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, 25 йил давомида Тошкент билан савдо, иқтисодиёт, маданият ва сиёсат соҳасида 86 шартнома имзоланган. Бугунги кунда мазкур шартномаларнинг 61таси мутлоқо ишламаяпти.

Мустақилликнинг биринчи йилларида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айрибошлаш 500 миллион долларни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 140 миллион долларга аранг етмоқда.

Қирғизистоннинг собиқ энергетика вазири Ўсмўнбек Артиқбаев ҳам Бишкек расмийлари фақат муроса йўли билан мазкур ГЭСни қуришга эриша олишини айтди:

- Бу лойиҳанинг келажаги ва имкониятлари жуда катта. Шунинг учун ҳукумат бу лойиҳанинг қўшни давлатларга қандай фойдаси тегишини аниқ тушунтириб, музокралар ўтказиши зарур. Айниқса, сув заҳираларидан унумли фойдаланиш масаласида бу лойиҳа жуда долзарбдир, - деди Ўсмўнбек Артиқбаев.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев эса 2013 йилда ўз мамлакати ГЭС қурилишига Ўзбекистонни ҳам шерик қилишдан манфаатдор эканини, бу масалада Ўзбекистон томони ўз позициясини ўзгартиришига умид қилишини бир неча бор айтиб чиққан эди.

Аммо 2015 йилнинг бошларида қирғиз расмийлари Ўзбекистон билан муносабатлар ҳамон ноаниқлигича қолаётганини билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG