Линклар

GM Uzbekistan ширкати 3 июндaн 31 декaбргaчa Lacetti-2 вa Cobalt aвтомобиллари учун, уларни хaлқaро плaстик кaртaлaр воситасида сотиб олиш шарти билан, янги нaрх белгилaди.

“Ўзавтосаноат”нинг расмий сайтида эълон қилинган бу хaбaрни тушунтирар экан, GM Uzbekistanнинг мижозлар билан ишловчи оператори нархлар 15% га арзонлаганини маълум қилди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар нархи пасайиши уларнинг Россия бозорида сотуви ҳажми кескин пасайгани фонида юз берди.

Арзонлатилгани рост

“Ўзавтосаноат”нинг расмий сайтидаги хабар юзасидан дастлабки саволга жавобан GM Uzbekistan ходими бундай деди:

- Тўғри, Lacetti gentraнинг биринчи вa иккинчи позицияси ҳамда Cobaltнинг биринчи вa иккинчи позицияларининг нархлари 15%га туширилган.

MasterCard ёки Visa бўлуви лозим

Ширкат вакилининг айтишича, арзонлатилган моделларни сотиб олиш учун пулни фақат MasterCard ёки Visa карталари орқали тўлаш лозим.

Йил охиригача кутасиз

Lacetti-2 вa Cobalt aвтомобиллари нархининг 15%га арзонлагани, GM Uzbekistan ходимига кўра, "улар сотилмай туриб қолди, дегани эмас". Пулни тўлаб, шартнома имзолайсиз ва машина қўлингизга жорий йил охиригача тегади.

Orlandoни сўмга олса бўлади

Шуни айтиш керакки, GM Uzbekistanнинг мижозлар билан ишловчи операторининг Orlandoга оид маълумотининг бир қисми бироз ноаниқроқ бўлди. У айнан мана бундай деди:

- Orlandoнинг биринчи вa иккинчи позицияларини 2 – 3 кун ичида олиб кетсангиз бўлади, дейишди. Бу моделларни ўз миллий валютамиз – сўмга ҳам сотиб олса бўлади.

Lacetti ва Cobaltнинг янги ва эски нархлари

Маълумотларга қараганда:

Cobalt LS (1- позиция) янги нархи 27 726 320 сўм, (эски нархи 32 619 200 сўм);

Cobalt LT (2- позиция) янги нархи 29 773 434 сўм, (эски нархи 35 027 570 сўм);

Lacetti SX (1- позиция) янги нархи 32 604 300 сўм, (эски нархи 38 358 000 сўм);

Lacetti CDX/M/T (2- позиция) янги нархи 37 683 509 сўм, (эски нархи 44 333 540 сўм).

Хомтама бўлманг

Ўзбекистонда валютанинг қора бозори ҳам мавжудлигини билганлар автомобилларнинг янги нархларини долларнинг қора бозор курсига чақиб, “арзон экан”, деган фикрга бориши мумкин.

Масалан, Cobalt LS 15%га арзонлаган нархи - 27 726 320 сўмни шу кундаги қора бозор курсига чақсангиз, бор-йўғи тақрибан $6,300 бўлади.

"$6,300ни бозордан сотиб олиб, MasterCardимга соламану бориб Cobalt LS сотиб оламан", деб хомтама бўлманг.

Тошкентдаги автосалонлардан бирининг сотувчиси 4 июнь куни Озодлик мухбирига бундай деди:

- Сиз валютангизни банкка олиб келиб, давлат курсида - 2573 сўмдан топширасиз.

Демак, Cobalt LS Сизга хаёлингиздаги $6,300га эмас, балки $10,775га тушади.

Ўтмай қолган мол?

Lacetti ва Cobalt моделлари нархлари арзонлатилганига оидсаволга GM Uzbekistanнинг мижозлар билан ишловчи оператори "бундай масалаларга аралашишга ваколати йўқлигини" писанда қилиб, жавоб беришни истамади. “Ўзавтосаноат”нинг расмий сайтида ҳам бу масала изоҳини тополмадик.

Нархлар туширилганини GM Uzbekistan автомобилларининг Россия бозоридаги савдоси касодга учрагани билан боғлаш мумкин.

Бу ширкат ишлаб чиқарган автомобилларнинг Россиядаги савдоси жорий йилнинг биринчи чорагида 85 фоизга қисқариб кетгани тўғрисида Озодлик "Автостат-инфо" компанияси маълумотларига таяниб, 15 май куни хабар қилган эди.

Минилган машиналар ҳам арзонлaяпти

Ўзбекистонда жорий йилнинг дастлабки 3-4 ойида минилган автомобиллар нархлари ўртача 30% фоизга арзонлаб кетгани тўғрисида Озодлик апрелнинг охирида хабар қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG