Линклар

Тожик ҳукумати минтақадаги ягона исломий партия билан алоқани уздими?


Душанбе шаҳридаги марказий масжид

Душанбе шаҳридаги марказий масжид

Тожик ҳукуматининг ҳозирги дилеммаси “нимани эксанг, шуни ўрасан” деган қадимги мақолга яққол ўрнак бўла олади, аммо бу ҳикматли сўзлар иш бермаётган кўринади.

Душанбе дуч келган муаммо халқаро ҳамжамият эътиборини ўзига қаратган.

Ҳукумат унга ечим топишда баъзи дўстлар ёрдамидан фойдаланиши мумкин, лекин бунинг ўрнига у ҳозир энг яхши иттифоқчи сифатида хизмат қилиши мумкин бўлган гуруҳ – Тожикистон Ислом Уйғониш Партиясининг (ТИУП) жиғига тегаётганга ўхшайди.

Муаммо - обрўли махсус кучлар қўмондони Гулмурод Ҳалимовнинг “Исломий Давлат” (ИД) гуруҳига қўшилгани. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, 12 дақиқалик ИД тарғибот видеосида Тожикистон ОМОНининг собиқ қўмондони ўзининг собиқ иш берувчиларини қаттиқ жазолаш билан таҳдид қилади. Видео фасодга ботган ҳукуматнинг Исломни қўпол тарзда назорат қилишга уринаётганига бир давлат хизматчиси, бир солиҳ мусулмон эътирозларини акс эттирган. Афсуски, бу ҳолатни бутунлай инкор этиб бўлмайди.

Тожик ҳукумати масжидга қатновчилар ёшини белгилаш, аёлларга масжидга боришни тақиқлаш, имомларга ҳукумат тасдиғидан ўтган либосларни кийишга буйруқ бериш, хутба мавзу ва матнларини олдиндан тайинлаш билан Ислом йўналишини назорат қилишга уриниб келмоқда. Видеода Ҳалимов бу тартибларнинг баъзиларини тилга олган.

Бунга бошқа талай мисоллар бор. Аммо мухтасар хулоса қиладиган бўлсак, давлат имомларни тайинлайди, улар давлат тасдиғидан ўтган масжидларда ишлайди, давлат тасдиғидан ўтган мадрасаларда дарс беради ва жума намозларида Тожикистон президенти ҳаққига дуо қилади.

Мен учун яна бир қизиқарли жиҳат, тожик ҳукумати Ҳалимовнинг ИДга қўшилганини эмас,балки унинг Марказий Осиёда ягона исломий партия – ТИУП аъзоси бўлганини тинимсиз такрорланаётгани бўлмоқда.

Тожик ҳукумати Ҳалимов чиқишини қаттиқ қоралаган ва ҳукумат тарафини олган ТИУП баёнотларидан фойдаланиши мумкин эди, аммо бу амри маҳолга ўхшайди.

Расмий Ислом, йўқса...

ТИУП раҳбарлари ИДга қарши кўплаб баёнотлар берганини алоҳида қайд этиш лозим.

Аммо бу тожик ҳукуматини ТИУПни яккалаб қўйиш ҳаракатларидан тўхтатиб қололгани йўқ – баъзиларга кўра, ҳукумат исломий партияни Тожикистон сиёсий саҳнасидан бутунлай олиб ташлашни кўзламоқда.

ТИУП ва президент Имомали Раҳмон етакчилик қилган ҳукумат 1992 йилдан 1997 йилгача давом этган Тожикистон фуқаролар урушида рақиблар эди, аммо тинчлик битими адоватга чек қўйди ва ТИУПга ҳукуматнинг 30 фоизини берди.

Ҳукуматдаги ТИУП улуши вақт ўтиб озайди, ўтган йил март ойида эса, парламент сайловидан кейин ҳукуматда унга биронта ўрин қолмади. Имомали Раҳмоннинг Тожикистон Халқ Демократик Партияси мутлақ ғалаба қозонди, парламентда қолган ўринлар ҳам президентни дастаклаган партияларга насиб қилди.

Тожикистондаги энг йирик мухолиф партия – ТИУПни парламентдан бутунлай чиқариб ташланиши кўпчилик томонидан ҳукуматнинг узоқни кўра билмаган қадами сифатида баҳоланди.

Ўтмишда ТИУП ва Раҳмон ҳукумати умумий мақсадларга эришиш учун бир неча бор ҳамкорлик қилган. ТИУП фуқаролар уруши йилларида мухолифат қўмондонлари бўлган шахсларни йўқ қилишга қаратилган ҳукумат уринишларини қўллаб-қувватлади. Тинчлик битими имзолангач, илк йилларда ТИУП турли қуролли гуруҳларни бостиришда ҳукуматга ҳаттоки амалий ёрдам ҳам берди.

ОМОН собиқ командири Ҳалимовнинг янги тарғибот видеоси ўтмишдаги ҳамкорликни қайтадан бошлаш учун қулай фурсатни туғдирганди.

Аммо, ТИУП раҳбарият 30 май куни Тожикистон Олий Суди билан учрашиб, Ички ишлар вазирлиги партия аъзолари ва уларнинг оилаларига тазйиқларни кучайтираётганидан шикоят қилишди. Уларнинг даъво қилишича, “баъзи аъзоларни партиядан чиқишга мажбурлаш” ҳоллари кузатилмоқда. Партия Олий Судга 189 варақлик шикоят аризаси топширди.

Нимани эксанг, шуни ўрасан

ТИУП яқин-яқингача ҳукумат билан муросага боришни маъқул кўрарди, аммо бу гал Олий Судга тақдим этилган материалларда партия аъзоларининг калтакланиши ва ҳаттоки ўлдирилишига оид суратлар ва видеолар бор.

Айни тарзда, аммо бир оз юмшоқроқ шаклда, ҳукумат танлаган йўлдан бормаган, мўътадил диний пешволарни ҳам четлатишга қаратилган ҳаракатлар кучайди.

ТИУП ИД сафларига қўшилиб кетган тожикистонликларни ўз ғояларидан воз кечиб, ортга қайтишга кўндира олмаслиги мумкин. ИД сафларидаги тожиклар дунёвий ҳукумат билан ҳамкорлик қилгани учун ТИУПга кофир сифатида қараши эҳтимолдан ҳоли эмас.

ТИУП Тожикистондаги диндорлар орасида катта обрўга эга. Сурия ва Ироққа кетишни ўйлаганлар кўпчилик фасодга ботган, деб билган ҳукуматни улуғлаган муллалар мавъизаларига қулос солмаслиги турган гап. Аммо улар ИД ҳатти-ҳаракатларини қоралаган ҳукуматнинг собиқ рақибларига қулоқ солишлари мумкин

Брюс Панниер қаламига мансуб мазкур блог Озодлик ходимлари томонидан ўзбекчага ўгирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG