Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:35

Ўзбекистон кино идоралари мисли кўрилмаган тафтиш остида


Бош прокуратура ўзбек киноиндустрияси ичида чуқур илдиз отган коррупцион схемаларни фош қилиш бўйича тергов олиб бормоқда. Озодлик манбаларига кўра¸ бу жараëнга Тошкент марказидаги энг оммабоп "Панорама" кинотеатри директоридан¸ "Ўзбеккино" ва "Ўзбекфильм" каби давлат ҳиссадорлик жамиятлари раҳбарларига қадар тортилган.

Республика Бош прокуратураси “Ўзбеккино” миллий агентлигининг яқинда бўлган кенгайтирилган йиғинида эълон қилинган тақдимномасида мамлакат кино соҳасидаги талон-тарожлар кўлами тасвирланади.

Айни йиғинда қатнашиб тақдимнома билан танишган кино арбобларидан бирининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича¸ Алишер Навоий номли санъат саройи – халқ орасида Панорама деб аталадиган кино саройининг ҳозирда собиқ директори Обид Маҳкамович Холиқов ўмарган маблағ прокуратура тақдимномасида 315 миллион сўм дея кўрсатилган.

Прокуратура тақдимномасида шундай айблов мавжудлигини Озодликнинг республика прокуратурасига яқин манбалари тасдиқлади.

Обид Холиқовнинг киночилар кинотеатрда қўйиладиган кинолар тушумининг 40 фоизига эгалиқ қилиб келгани айтилади.

“Санъат-маъно” киностудиясида режиссер Саид Мухторов суратга олган “Ўкинч” фильмига сарфланган маблағнинг ҳатто олтидан бири қопланмаганини ҳам фильм ижодкорлари Озодликка билдирган эди.

“Ўкинч” фильми режиссери Озодликка мактуб йўллаб¸ фильм Алишер Навоий номли кинотеатр раҳбарининг “ғаразли нияти” боис атайлаб “муваффақиятсизликка учратилганини” иддао қилган эди.

Мактубдан иқтибос келтирамиз:

“Ўкинч” деган кинога 60 миллион сўм сарфладим.10 миллион сўмини ҳам чиқариб ола олмадим. "Панорама" (Тошкентдаги Алишер Навоий номли кинотеатри) директори Обид Маҳкамович киномизни провал қилиб берди. Сабаби бошқарув у кишининг қўлида "¸ деб ëзилади мактубда.

Мактуб муаллифининг таъкидича¸ Алишер Навоий номли кинотеатр раҳбари “Ўкинч” киносига сотилган чипталардан тушган пулнинг 50 фоизини олиб қолган.

Республика Бош прокуратурасининг “Ўзбеккино” миллий агентлиги кенгайтирилган йиғинида эълон қилинган тақдимномасида 70 яшар Обид Холиқовнинг ўзи раҳбарлик қилаëтган кинотеатрда намойиш қилинган деярли барча фильмлардан ўлпон олгани таъкидланади.

Тақдимномада айтилишича¸ “Ўзбеккино” ҳисобидаги 4,5 миллиард сўм солиқдан яширинча инкассация қилинмасдан¸ Алишер Навоий номли кинотеатр ҳисобига кирим қилинган.

Бу айбловлар ортидан Озодликнинг Тошкентдаги манбасига гапирган Обид Холиқов жорий йилнинг 24 февралида Республика Бош прокуратураси тақдимномасида давлатга келтирилган зарар сифатида малакаланган 315 миллион сўмни давлатга қайтарганини айтди.

Киночиларнинг¸ хусусан “Санъат-маъно” киностудиясида режиссер Саид Мухторов суратга олган “Ўкинч” фильмига сарфланган маблағнинг олтидан бири ҳам қопланмагани масаласида Холиқов ўзини мутлақо айбсиз деб билишини манбаларимизга билдирди.

Холиқов иддаосига кўра¸ “бу мазмунан сайëз фильмни томошабин қабул қилмаган¸ чипта олиб киришмаган”.

Холиқовнинг Озодлик манбасига айтишича¸ у кинонинг муваффақиятли намойиши учун қўлидан келганини қилган:

“Кинотеатрдаги 12 та залдан хоҳлаганида намойиш қилишга шароит яратдим. Лекин мен қизиқарсиз кинога томошабинни мажбурлаб олиб кира олмайман. Тижорий муваффақият қозонмаган бўлса¸ аввало киночи айбни ўзидан қидирсин. Томошабинни қизиқтира олмаган бўлса¸ бу ақлли киночи нега мени айблайди? деган Озодлик манбаси билан суҳбатда Обид Холиқов.

Озодликнинг Ўзбекистон киноарбоблари уюшмасидаги манбасига кўра¸ Обид Холиқов ëши катталиги¸ илгари жиноят қилмагани ва давлатга етказган моддий зарарни қоплагани боис амнистия акти бўйича жиноий жавобгарликдан озод қилинган.

Айни манбанинг айтишича¸ Республика Бош прокуратурасининг тақдимномасида номи зикр қилинган “Ўзбекфилм” собиқ бош муҳаррири Мурод Муҳаммад Дўст ҳам амнистия акти билан жавобгарликдан озод қилинган.

Айни пайтда “Ўзбекфилм” студияси собиқ директори Файзираҳмон Усмонов, “Ўзбеккино” собиқ бош директори Жаҳонгир Қосимовга қарши очилган жиноий иш бўйича тергов давом этаëтгани билдирилди.

Кино идоралари мисли кўрилмаган тафтиш остида

Ўтган йили “Ўзбекфильм” очиқ акционерлик жамияти директори Файзираҳмон Усманов жиддий тафтиш натижасида аниқланган бир миллиард сўм камомадда айбланиб ишдан олинган эди.

Бу воқеадан бир неча кун ўтгач “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош муҳаррири Мурод Муҳаммад Дўст ҳам лавозимидан бўшатилган эди.

Озодлик манбаларига кўра¸ кейинги бир йил ичида “Ўзбекфильм” молия бўлимида ишловчи камида икки нафар ходим ҳибсга олинган.

Ўзбекистон кино индустриясининг барча тармоқларида ўтган йили бошланган тафтиш пайтида “Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамияти маҳсулотларини сотиш бўлими бошлиғи 51 яшар Тўлаган Назаровнинг жасади “Ўзбекфильм” биносида осилган ҳолда топилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Тўлаган Назаров нафақат мулозим¸ балки кинопродюссер сифатида ҳам танилган эди. Назаров 2011 йили суратга олинган ва бир неча киносовринлар соҳиби бўлган “Қўрғошин” фильмига продюссерлик қилган.

“Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамиятида ишлаган ва Тўлаган Назаровни ўлим арафасида кўрган аëл кишининг Озодликка айтишича¸ марҳум тафтишчиларнинг қаттиқ босими остида бўлган.

Ўзбек кино индустрияси пул ўзлаштириш машинасими?

Озодлик суҳбатлашган кино соҳасидаги мутахассислар “Ўзбекфильм” раҳбариятидагилар¸ ўзларидан юқори мартабадаги давлат мулозимлари билан биргаликда кино соҳасига ажратилган йирик миқдордаги давлат маблағларини муттасил ўзлаштириб келди¸ деган иддаоларни илгари суришди.

Бу иддаоларни илгари сураётган мутахассисларга кўра, кейинги бир йил ичидаги текширишлар асносида кино техникаси¸ декорация ва актерлар маошига ажратилган катта маблағлар ўзлаштирилгани аниқланган.

Режиссëр Рустам Сагдиев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:40 0:00
Бевосита линк

“Ўзбекфильм” ҳақида

“Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси берган лицензияга мувофиқ бадиий, ҳужжатли, мультипликацион фильмларни ишлаб чиқариш, уларни турли тилларга дубляж қилиш ва субтитрлаштириш фаолияти билан шуғулланади.

Ширкат низом фондининг 93,48 фоизини давлат улуши ташкил этади, қолгани эса юридик ва жисмоний шахсларнинг улуши ҳисобланади.

“Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамияти фильмлар ишлаб чиқариш жараёнида асосан давлат буюртмасига таянади ва жамиятнинг фильм ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши 91 фоиздан ошиқроқни ташкил этади.

XS
SM
MD
LG