Линклар

3 июнь куни Тошкентдаги янги “Минор” масжиди олдида фотосессия қилмоқчи бўлган модел агентлиги ходимлари ҳайдаб солинди. Воқеа гувоҳларига кўра, масжид ҳудудини қўриқлаëтган хавфсизлик ходими бу ҳудудда суратга тушиш тақиқланганини айтиб таҳдид қилган. “Минор” раҳбариятига кўра, масжид олдида видео-фото қилишга тақиқ йўқ, лекин очиқ-сочиқ кийинган аёлларнинг суратга тушишига чеклов мавжуд.

3 июнь куни “Минор” масжиди олдидан ҳайдалган модел агентлиги ходимларининг Озодлик билан микрофонсиз мулоқотда айтишича, улар ўша куни Ўзбекистондаги нуфузли ташкилотлардан бири (улар ташкилот номини очиқламасликни сўрашди. -таҳр.) сўровига кўра реклама ҳозирлаш учун фотосессия ўтказишни режалаштиришган.

Бироқ ўзини “Минор” масжиди ходими сифатида тақдим этган йигит бу ерда суратга тушиш мумкин эмаслигини айтиб, уларга таҳдид қилган:

"Суратга олиш мумкин эмаслиги борасидаги ҳужжатни сўраганимизда, у бизни қўрқитди; бошимизга муаммолар ёғдиришини айтди. Участка нозирини чақиришга ва машинамиз рақамини ёзиб олишга ҳаракат қилди. Камерани синдиришини айтиб, пўписа қилди", дейилади Facebookдаги “Потребитель.уз" гуруҳи орқали тарқатилган хабарда.

“Минор” масжиди олдида суратга тушишга рухсат берилмагани ҳақида фотоссессия иштирокчилари томонидан Facebookка жойланган хабарга, масжид ходимининг сурати ҳам илова қилинган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида масжид олдида суратга тушиш тақиқлангани ҳақидаги хабар кенг муҳокама қилиниб, бу ҳолат кескин қораланди.

Озодлик мухбири 4 июнь куни “Минор” масжиди билан боғланганида, ўзини имомнинг ёрдамчиси деб таништирган Баҳодир исмли йигит масжид ҳудудида суратга тушишга ҳеч қандай тақиқ йўқлигини таъкидлади:

- Йўқ, йўқ. Ҳеч қачон бу пайтгача ҳали тақиқланмаган. Шу пайтгача ҳеч ким нима қилаëтгани йўқ опажон. Тақиқловчи белгимиз ҳам йўқ¸ ҳеч қайси масжиднинг ҳеч қайси бурчагида.

Озодлик: Балки оғзаки тақиқ бордир тақиқловчи белги бўлмаса ҳам.

- Йўқ, оғзаки ҳеч қандай нима ҳам йўқ.

Лекин Баҳодирга кўра, масжид олдида аёлларнинг суратга тушиши борасида айрим чекловлар мавжуд:

- Фақат ярим-яланғоч ҳолатда бўладиган бўлса, охраналар узр сўраб, айтиб қўяди. Бошқа ҳеч қандай масжидда расмга тушиш, видеога тушиш ëки бошқа нарсани тақиқлашга ҳам биз нима қилганимиз йўқ ва тақиқловчи белгимиз ҳам йўқ. Оғзаки қайтарамиз. Масжид эканлиги¸ бизга умуман қизиғи йўқ бу ерга келаëтган жамоатчилик, яъни келаëтган одамларни кўпроқ меъдасига теккани учун шуни масжид ходимларига айтишаяпти. Ходимлар секин тушунтириб оғзаки айтиб қўяяпмиз. “Опалар илтимос, бу масжид. Бу музей эмас. Ибодат қиладиган жой. Шунинг учун кийиниш маданиятига эътибор қилсангизлар” деб қўямиз,- деди ўзини “Минор” масжиди имоми ёрдамчиси Баҳодир.

Унинг айтишича, аёлларнинг суратга тушиши борасидаги чекловлар нафақат фотосессия ўтказмоқчи бўлганларга, балки туристлар ва масжидни томоша қилишга келган ўзбекистонлик аёлларга ҳам бирдай тааллуқли.

Имом ёрдамчиси аёлларнинг масжид олдида суратга тушишига рухсат берилиши учун уларнинг кийимлари қай кўринишда бўлиши кераклигини ойдинлаштирмади.

Кеча масжид олдидан ҳайдалган модел қизлар ўзларининг елкалари очилмаган, камтарона кийимда бўлишганини айтишмоқда.

Бунга далил сифатида улар “Минор” масжиди олдида олишга улгурган суратни Facebookка жойлашди.

Суратда “Минор” масжиди фонида суратга тушган модел қизнинг кўйлаги узун этаклиги эканини кўриш мумкин. Кўйлак этаги ҳатто қизнинг оёқларини тўлиқ ёпган. Фақат суратдаги модел қизнинг кўйлагининг энги йўқ.

Бундан кўринадики, энгсиз кўйлак кийган аёлнинг “Минор” масжиди олдида суратга тушишига рухсат берилмайди.

Ўзбекистондаги энг йирик бўлган “Минор” масжиди ўтган йилнинг 1 октябрь куни очилган.

Тошкентдан олинган маълумотларга кўра, масжидни томоша қилишга ишқибозлар сони ошганидан сўнг "Минор" маъмурияти айрим чекловлар жорий қилган.

Айрим норасмий манбалар¸ “Минор” масжиди қурилишини асли наманганлик миллиардер¸ Россиянинг энг бой одами бўлиб қолаëтган Алишер Усмонов молиялаганини айтмоқда.

Аммо оилавий хилхонаси масжид қурилган ҳудуддаги қабристонда бўлган Алишер Усмонов “Минор” қурилишига ўзининг алоқаси йўқлигини эълон қилди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили Озодликка берган изоҳда¸ "Минор" масжидининг давлат маблағи эвазига қурилганини билдирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG