Линклар

Тулада қўлга олинган ўзбекистонлик умрбод қамалиши мумкин


Беш одамни пичоқлаб ўлдирганликда айбланаëтган ўзбекистонлик.

Беш одамни пичоқлаб ўлдирганликда айбланаëтган ўзбекистонлик.

Россия Тергов қўмитасининг Тула области бўйича раҳбари Татьяна Сергееванинг мухбирларга айтишича¸ ўзбекистонлик Сирожиддин Шералиев ўз айбига иқрор бўлган ва унга ҳозирда Жиноят Кодексининг уч моддаси бўйича расмий айб қўйилган.

Бошқа жиноятни ëпиш мақсадида икки ва ундан ортиқ одам¸ хусусан¸ ëш болаларни ўлдирганлик¸ икки одамни ўлдиришга уринганлик ва жинсий зўравонликда айбланаëтган Шералиевга маҳкама томонидан умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Тергов қўмитаси расмийсига кўра¸ айбланувчи ҳозирда иқрор характеридаги кўрсатма бермоқда. Унга таржимон ва адвокат тайинланган¸ унинг руҳий саломатлигини аниқлаш мақсадида суд-психиатрия экспертизаси ўтказилади.

Айни пайтда¸ тирик қолган 7 яшар бола ва 37 яшар эркакнинг аҳволи қониқарли¸ улар ҳаëтига хатар йўқ¸ деб маълум қилди Сергеева.

Тергов хулосасига кўра¸ қотиллик маиший асосда содир этилган.

30 май Косая Гора посëлкасидаги хусусий уйлардан биридан беш одамнинг ўлиги топилган ва тергов натижасида уларнинг бир оила аъзолари экани аниқланган эди.

Тергов қўмитаси расмийсига кўра¸ мазкур қотиллик билан боғлиқ ҳолатларда совуққонликка йўл қўйган қатор маҳаллий тизимлар¸ хусусан¸ полиция хизматчиларига нисбатан ҳам текширув жараëни бормоқда.

XS
SM
MD
LG