Линклар

Хорижда жанг қилиб қайтганларга қандай муомала қилиш керак?


Ироқдаги жангарилар ИД раҳбари ҳисобланмиш Абу Бакр ал-Бағдодий имомлигида намоз ўқимоқда (2014 йил ёзида олинган сурат).

Ироқдаги жангарилар ИД раҳбари ҳисобланмиш Абу Бакр ал-Бағдодий имомлигида намоз ўқимоқда (2014 йил ёзида олинган сурат).

“Исломий Давлат” Яқин Шарқда қирғин бошлаганидан бери дунёнинг турли мамлакатларидан 20 мингдан зиёд одам жангари гуруҳ сафига қўшилгани айтилмоқда. Бу сонни Лондонда жойлашган Радикаллашув ва сиёсий зўравонликни ўрганиш халқаро маркази ҳукуматлар тарқатган маълумотларга таяниб ҳисоблаб чиқди. “Исломий Давлат”га қўшилган чет элликларнинг кўпи ҳалок бўлади. Аммо яна анчагинаси ўз ватанига қайтиб боради ёки бошқа мамлакатга кўчиб кетади.

"Исломий давлат" гуруҳи сафида бўлиб, уйига қайтаётган ғарбликларнинг барчаси ҳам таҳдид эмас. Лекин улар уйга қайтгач, тинч яшайдими ёки зўравонликка қўл урадими, бу уларга нисбатан муносабатга боғлиқ бўлади.

АҚШда чиқадиган Foreighn Policy нашри ушбу мавзуда эълон қилган мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Бу эркак ва аёлларнинг кейинги қарорларига, яшаш тарзларига ҳамда ўзлари яшайдиган жамият учун туғдирадиган хавфига уларда ўз янги ҳаётларида бўладиган имкониятлар ҳамда қайтиб келганларидан кейин қандай муомалага дуч келишлари катта таъсир қилади. Ҳозирги кунда қайтиб келганларга муомала қилиш стратегияларини ишлаб чиқиш жуда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай стратегиялар нафақат одамлар нима учун уйларидан кетганларини аниқ англаб етишга, балки қайтиб келишларига нима туртки бўлганини тушунишга асосланган бўлиши керак. Аниқ ва эътиборли стратегия ёрдамида ҳукуматлар қайтиб келган ҳар бир одам хавфли эмаслигини тан олиб, ўз жамиятларини хатардан холи сақлашлари мумкин.

Қайтиб келган жангчилар ва улар туғдирадиган хавф бўйича хавотирлар энди янграётгани йўқ. “Исломий Давлат”дан аввал Босния ва Афғонистондаги тўқнашувлар араб мамлакатларидан, АҚШдан ҳамда Европадан жангчиларни жалб қилган. Олиб борилган изланишлар қайтиб келганларнинг жуда оз қисми яна зўравонлик қилганини кўрсатади. Норвегия Мудофаа тадқиқоти идораси ходими Томас Хегхаммер Афғонистон ва Сомали каби ерларда жиҳодчи гуруҳлар сафларида жанг қилиб қайтган ғарбликларнинг уйга қайтиб келиб кўрсатган таъсирини йигирма йил давомида ўрганди. У қайтиб келганларнинг жуда оз қисми ҳақиқий ва жиддий хавф туғдиришини хулоса қилди. Ироқ ва Сурияга бораётган жангчиларнинг сони бундан анча кўп бўлгани учун бу каби хавф туғдирувчи жангариларни аниқлаш жуда муҳимдир.

Европа ва Шимолий Америкадаги кўп мамлакатларда Ироқ ва Суриядан қайтган барча жангчилар муҳтамал хавф ўлароқ кўрилмоқда. Кўпинча бу жангчилар айнан нима қилгани ҳамда “жангларда” қай даражада иштирок этгани бўйича оз далил бўлса-да, уларнинг қилган сафари ҳамда алоқалари қонунга хилоф, дея баҳоланади. Айрим ҳолларда қайтиб келган жангарилар хавфсизлик кучлари қиладиган ёки қамоқхоналардаги муомала сабаб янада радикаллашишлари мумкин. Паспортларни олиб қўйиш ёки фуқароликни бекор қилиш каби чоралар қайтиб келганларни четлатиши, бу эса уларни дерадикализация ва жамиятга қайта интеграция қилиш ҳаракатларига тўсиқ бўлиши мумкин.

“Исломий Давлат”, “Боко Ҳарам”, “Ал-Шабаб” каби гуруҳлар амалга оширган зўравонликларда иштирок этиш ҳамда уларга гувоҳ бўлиш бу гуруҳларга қўшилишни истаганларнинг ихлосини қайтаради. Террористик гуруҳларга қўшилиш сабаблари улардан кетиш сабабларига қараганда кўпроқ ўрганилган. Шундай бўлса-да, “Тинчлик тадқиқоти журнали”да “собиқ жангчилар” ҳақида чоп этилган изланиш натижаларига кўра, кетишга чорловчи омиллардан бири жангариларнинг ўз етакчиларидан кўнгли совишидир.

Қайтганларнинг айримлари бошидан кечирганлари сабаб руҳий ва жисмоний зарар кўрган, руҳий ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин. Қўшма Штатлар тинчлик институти (USIP) изланишлари Нигерия ва Кенияда руҳий шикаст нафақат ваҳший экстремизм қурбонлари, балки зўравонликда иштирок этган жангарилар орасида ҳам борлигини кўрсатади. Қайта тикланиш учун имкониятлар эса чекланган. Бу муаммоларга олиб келади, сабаби шикастланган собиқ жангчилар зўравонликка қўл уришга кўпроқ мойил бўлиши мумкин.

АҚШ, Европа, Шимолий Америка, Саудия Арабистони, Форс кўрфази мамлакатлари, Ўрта Осиё, Австралия ва Индонезия фуқаролари жангари гуруҳ сафига қўшилаётган бир пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари қайтиб келаётган жангариларга одилона ва масъулият билан муомала қилиши, уларнинг зўравонликда қатнашишда давом этишини олдини олиш учун стратегиялар ишлаб чиқиш жуда муҳимдир. Мазкур стратегиялар экстремистларнинг зўравонликка яна қўл уришини олдини олишда қанчалик самара беришини аниқлаш учун бошқа ҳолларда уларнинг қайсилари натижа берганини ва қайсилари натижа бермаганини кўриб чиқиш зиён қилмайди.

11 сентябрь ҳужумларидан кейин Саудия Арабистони, Индонезия ва Яман каби мамлакатлар зўравонликка асосланган диний ва мафкуравий қарашлар хато эканлигини кўрсатишга қаратилган ҳаракатларга кўпроқ эътибор бериб келади. Бу мамлакатларда кўп ҳолларда зўравонликка ундашларнинг мантиқий ва маънавий хатоларини кўрсатишда диний уламолар ёрдамидан фойдаланилади. Бу каби дастурлар қисман натижа бериб келади, холос.

Бунинг сабаби экстремистик гуруҳларга қўшилишда мафкуранинг фақат қисман роль ўйнашидир. Мафкуравий ҳикоялар жангариларни тортувчи илгакдир. Ҳикоялар жангарилар нима сабабдан жалб қилинишини эмас, балки қандай қилиб жалб қилинишини белгилайди. Масалан, Сингапур ва Индонезияда ҳукуматнинг “Жамоа Исломия” гуруҳига қаратилган дерадикализация дастурлари таъсири катта бўлмади, чунки бу дастурлар жангариларнинг гуруҳга қўшилиш сабабларини эътиборга олмади. Жангарилар учун гуруҳ аъзоси бўлиш орқали эришиш мумкин бўлган маъно, аъзолик ёки ўзлик, аъзо бўлиш яратадиган имкониятлар ёки ҳақиқий ва ўз тасаввурларидаги аламлар учун қасос олиш ва адолат ўрнатиш истаги муҳим бўлган. “Собиқ жангарилар”дан радикаллашув олдини олишда фойдаланиш кўпинча муаммоларга олиб келди, сабаби жангарилар ўз қарашларидан чиндан воз кечмаган бўладилар.

Экстремизм муаммосини руҳий жиҳатдан ўрганувчи олимлар дерадикализация қилишда дуч келинадиган мазкур когнитив диссонанс муаммосига тўхталиб ўтадилар. Инсонлар ўз ҳаракатлари асоси бўлган қарашлардан осонликча воз кечмайдилар. Айрим изланишлар одам хатти-ҳаракати ўзгарганидан кейин унинг қарашлари ўзгаришини кўрсатади. Бу соҳада кўпчиликка маълум бўлган тадқиқотчилар Жон Ҳорган ва Торе Бйоргонинг “Терроризмни ортда қолдириш: Индивидуал ва умумий озодлик” деб номланувчи китобларида “айрим одамлар гуруҳдан чиқиб кетиш натижасида радикал қарашларидан воз кечадилар”, дея ёзилади.

Саудия Арабистони 11 сентябрь ҳужумларидан кейин Афғонистондаги жангларда иштирок этиб қайтган жангариларни реабилитация қилиш дастурини амалга оширди. Дастур дин пешволари ҳамда руҳий маслаҳатчилар иштирокида дерадикализация сессияларига ва моддий сабабларга кўра жанг қилганлар билан ишлашга эътибор қаратди. 2009 йилда дастур битирувчиларининг тўққиз нафари террористик гуруҳларга яна қўшилганидан кейин дастурнинг камчиликлари юзага чиқди. Дастурнинг яна икки бошқа битирувчиси “Ал-Қоида”нинг Ямандаги қанотига қўшилгани аниқланди. Бунинг натижасида дастурга ўзгаришлар китирилди. Қарашлар ва мафкурага эмас, балки алоқалар ва жамиятга қайта кириш имкониятларига кўпроқ эътибор берила бошланди.

2008 йилда бошланган дастурда шу кунгача уч мингдан зиёд собиқ жангари иштирок этди. Ҳозир дастур қайтиб келган жангариларнинг оилаларига кўпроқ эътибор қаратади ва жангариларни жамиятга қайта интеграция қилиш учун ижтимоий, оилавий ҳамда миллий алоқаларнинг аҳамияти катта эканини эътироф этади.

Тенгқурлар ва оила аъзолари билан бўлган алоқалар нафақат экстремистик гуруҳларга қўшилиш қарорига келишда, балки дерадикализация ва реинтеграция қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шимолий Европадан сафар қилган ёшларнинг аксари битта жамият ёки ижтимоий тармоқ аъзоларидир. Бир неча жангари чиққан Даниянинг Орхус шаҳрида полиция ва маҳаллий ҳукумат шахсий алоқалар ва ҳаётий қобилиятларга эътибор берувчи реинтеграция дастурини таъсис қилган. Newsweek нашрида ёзилган мақолада: “Данияликлар қайтиб келган жиҳодчиларни кечириб бўлмас гуноҳ қилган аскарлар эмас, балки ўзбошимча ёшлар, деб қабул қилишмоқда”, дея ёзилади. Қайтиб келган жангариларга орхусликлар таълим олишда, иш топишда ва алоқаларни тиклашда ёрдам бермоқдалар.

Норвегия, Германия ва Швецияда ўнг қанот экстремистларни озод қилишга қаратилган дастурлар муваффақиятининг сабаби бу дастурларнинг экстремистик мафкурадан кўра кўпроқ оилавий алоқалар, ҳаётий қобилиятларга эътибор беришидир. Бундай дастурлар жамиятга реинтеграция қилиш одамларни чиндан дерадикализация қилиб, зўравонликка яна қўл уришдан сақлайди, деган ғояга асосланган. Бундай дастурлар одамларга яна бир имкон беради. Бу каби дастурларни қайтиб келганларга ҳуқуқ-тартибот органлари адолатли ҳамда масъулиятли муомала қиладиган, қайтиб келган ҳар бир жангчи хавф туғдирмаслигини тан оладиган жойларда кузатиш мумкин.

Жоржиа Ҳолмер қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG