Линклар

Германиянинг G7 саммити ўтиши режаланган шаҳрида намойишчилар ва полициячилар тўқнашди


Германияда G7 саммитига қарши ўтказилган намойишдан лавҳа.

Германияда G7 саммитига қарши ўтказилган намойишдан лавҳа.

Германиянинг Гармиш-Партенкирхен шаҳрида шанба куни полиция ва “катта еттилик” саммитига қарши бўлган намойишчилар ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди.

Намойиш ташкилотчилари тўқнашув чоғида бир неча норози тан жароҳати олганини айтмоқдалар. Ўз навбатида, полициячилар ораларидан бир кишининг кўзи жароҳатланганини билдирдилар.

ДПА агентлиги хабарига кўра, намойишчилар полициячиларга қарата тутун чиқарувчи шашка ва шишалар улоқтира бошлаганлар. Бунга жавобан полиция ходимлари қалампир гази қўллаганлар.

Айни пайтда тадбир ташкилотчилари тўқнашувга полициячилари сабаб бўлгани ва улар намойишчиларга қарши резина таёқ қўллаганини иддао қилмоқдалар.

Намойишда турфа ҳаракатлар фаоллари, жумладан, камбағалликка қарши кураш ташкилотлари вакиллари, атроф-муҳит ҳимоячилари, қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар, ҳайвон ҳақларини ҳимоя қилувчи кишилар қатнашдилар.

Ташкилотчилар ҳисоб-китобига кўра, норозилик тадбирида тақрибан 7,5 минг киши, полиция маълумотига кўра эса 3 минг 600 киши иштирок этган.

“Катта еттилик”нинг 7 июнь куни бошланажак икки кунлик саммитида жаҳон иқтисодиёти, террорчиликка қарши кураш, камбағалликка қарши кураш, иқлим ўзгаришига қарши кураш каби муаммолар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG