Линклар

logo-print

Фарғона вилояти Сўх тумани Ғазнов қишлоғидаги “Султон Маҳмуд” жоме масжиди имоми Авазжон Исмоилов давлат идоралари ходимларининг масжидда намоз ўқишига изн бермаётир.

Бу ҳақда Озодликка бир неча ғазновлик маълум қилди.

Уларга кўра, сўнгги бир ой ичида қишлоқдаги жоме масжиди имоми намозга келган барча давлат идоралари ходимлари, жумладан, шифокорлар, муҳандис ва ўқитувчиларни масжиддан чиқариб юбормоқда.

“Султон Маҳмуд” жоме масжиди имоми Авазжон Исмоилов мазкур даъволарни инкор этмади.

Аммо Сўх тумани бош имом хатиби Воҳидхон Камолов туман бўйича давлат идоралари ходимларини масжидларга қўймаслик тўғрисида “ҳеч қандай топшириқ берилмаган,” деб айтди.

Озодлик билан суҳбатда Сўх тумани бош имом хатиби Ғазновдаги масжид имоми “хатти-ҳаракати” текширилаётганини билдирди.

“Масжидда фақат чоллар қолди”

Имом ўзбошимчалик билан жамоат намозига келганларни масжиддан ҳайдаяпти. Ўқитувчилар дарсини берсин, ўқувчилар дарсини қилсин, врач беморини даволасин, деяпти. Масжидда фақат чоллар қолди. Бунақасини ҳали кўрмагандик", деди Озодлик боғланган ғазновликлардан бири.

Озодликка Whats App орқали хабар йўллаган яна бир ғазновликнинг ёзишича, “шу ҳайдалаётганлардан бири Абдулвоҳидов Абдулазиз ўша қишлоқдаги 21-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. 22 май (жума) куни жума намозини ўқишга жоме масжидга борган. Жума намозида маъруза бўлаётганда имом Исмоилов Авазжон ўқитувчи Абдулвоҳидов Абдулазизни кўриб қолиб: “Сен бу ерда нима қиляпсан, сенга мумкин эмас буёққа келиш, чиқиб кет”, деган. Абдулазиз: “Майли, кейинги сафар келмайман”, деса, имом жамоатга қарата: “агар шу одам чиқиб кетмаса, жума ўқимаймиз", деган. Шундай қилиб, Абдулазиз чиқиб кетишга мажбур бўлган”.

Озодлик айни даъволар юзасидан қишлоқдаги мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлган Абдулвоҳидов Абдулазиз билан боғлана олмади.

“СНБга арз қиламан”

Ғазновдаги “Султон Маҳмуд” жоме масжиди имоми Авазжон Исмоилов Озодлик билан суҳбатда ҳамқишлоқлари илгари сурган даъволарни инкор этмади.

Исмоилов “бу ишни мактаб директори топшириғи билан” бажараётганини айтди.

- Мен намозга рухсат бермаганим сабаби, мактаб директори келиб: “Ўқитувчиларга буйруқ чиқарганман, дарсни ташлаб, масжидга келяпти, қўйманг”, деди. Улар дарсни ташлаб келар экан. Мактаб директори: “Агар сиз қўйсангиз, устингиздан СНБга арз қиламан”, деди менга. Кейин мен ўқитувчиларга: “Дарсларинг бор, дарсни ташлаб келаяпсизлар. Аввал давлат ишини қилинг" деб, қўймадим мен, тўғри, - деди Авазжон Исмоилов.

Бироқ қишлоқдаги 22-мактаб директори Озодликка “телефон орқали” изоҳ бермаслигини билдирди.

Намоз баҳона...

"Султон Маҳмуд" жоме масжиди имомининг Озодликка айтишича, давлат идоралари ходимлари иш пайтида масжидга бормаслиги керак.

У бу борада диний идора масъулларидан топшириқ олмаганини, ўз виждонига таянганини айтди.

- Вилоят имом хатибидан сўраганим йўқ. Лекин мен виждоним билан айтаяпманки, болаларни, дарсни ташлаб, постни ташлаб, қандай қилиб масжидга келиб, кечгача ўтиради? Улар масжидга намозга эмас, ош ейишга келади. Ош қилиб, кечгача ўтиради! Намоз баҳона уларга, – дейди Авазжон Исмоилов.

Бироқ Сўх тумани бош имом хатиби Воҳидхон Камолов “балоғатга етган” фуқароларнинг масжидга боришларига ҳеч ким тўсқинлик қила олмаслигини айтди.

- Ўзбекистон Республикаси фуқароси, балоғатга етган, паспорти бор одамнинг масждига келишига ҳеч ким монелик қилолмайди. Лекин “Султон Маҳмуд” масжиди ҳақида гап кетганда, у ўзидан қўрқиб шунақа деган экан, бир ҳафтача бўлди, уни чақиртирганман, гаплашганман. "Унақа қонундан ташқари иш қилмайсан, айтган гапинг учун жумада бориб, узр сўрайсан", деб айтганман, - деди Сўх тумани бош имом хатиби Воҳидхон Камолов.

Ғазнов Қирғизистон ҳудуди ичкарисида жойлашган Ўзбекистонга қарашли Сўх анклавининг энг чекка қишлоқларидан биридир.

Аҳолиси 80 мингдан зиёд бўлган Сўх анклавида 11 та жоме масжиди мавжуд.

Туманда ишсизлик даражаси юқори бўлиб, сўхликлар асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади.

Маҳаллий аҳоли ёшларнинг кўпчилиги иш излаб, хорижга кетишга мажбур бўлаётганини айтади.

Озодлик суҳбатлашган сўхликлар туманда диндорларга нисбатан тазйиқлар йўқлигини билдирди.

Аммо, бир маҳаллий журналистга кўра, масжид имомининг давлат идоралари ходимларини масжидга қўймаётгани "кўз кўриб, қулоқ эшитмаган" ҳодисадир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG