Линклар

Туркиядаги парламент сайловида Эрдўғон партияси кўзлаган маррасига етолмади


"Халқлар демократик партияси" тарафдорлари Истанбулда ғалаба нашидасини сурмоқда, 2015 йил 7 июни.

"Халқлар демократик партияси" тарафдорлари Истанбулда ғалаба нашидасини сурмоқда, 2015 йил 7 июни.

Туркияда якшанба куни ўтказилган парламент сайловининг дастлабки натижаларига кўра, ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт партияси” парламентда мутлақ кўпчилик ўринларни қўлга киритиш имкониятини бой бермоқда.

Берилган овозлар санаб бўлинганидан кейин Ражаб Тоййиб Эрдўғон бошчилигидаги партия сайловчиларнинг 40,8 фоиз овозини олгани маълум бўлган.

Бу ҳукмрон партияга 550 ўринли парламентдаги 258 ўринни эгаллаш имконини беради. Буюк Миллат мажлисида мутлақ кўпчилик овозга эга бўлиш учун эса камида 274 ўринни қозониш лозим эди. Бу “Адолат ва тараққиёт партияси”ни бир партияли ҳукумат тузиш ва конституцияга тўсиқсиз ўзгартиш киритиш имкониятидан мосуво қилади.

Якшанба кунги сайловлар 2002 йилдан буён Туркияда ҳокимият тизгинини қўлда тутиб келган партиянинг мағлубияти ўлароқ баҳоланмоқда.

Эрдўғон партияси 7 июнь кунги сайловда тўла ғалаба қозонган тақдирда мамлакат конституциясига президент ваколатларини кенгайтирадиган ўзгартишлар киритишни режалаётганди.

Курдларнинг Халқлар демократик партияси кечаги сайловларда 10 фоизли сайлов тўсиғидан ўтиб, сайловчиларнинг 13,1 фоиз овозини жамғаришга муваффақ бўлди. Бу натижа мазкур партиянинг парламентда 80 та ўринга эга бўлишини таъминлайди.

XS
SM
MD
LG