Линклар

HRW Бан Ки Мунни Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирди


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Ўзбекистонга 2010 йил апрелида сафар қилган ва президент Ислом Каримов билан учрашганди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Ўзбекистонга 2010 йил апрелида сафар қилган ва президент Ислом Каримов билан учрашганди.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Марказий Осиё сафарига отланган БМТ Бош котиби Бан Ки Мунни минтақа лидерлари билан сўзлашув чоғида бу мамлакатларидаги инсон ҳуқуқларига оид муаммоларни кўтаришга, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон қамоқхоналарида ўтирган сиёсий маҳбуслардан ҳеч бўлмаса биттадан кишини озод қилишда кўмаклашишга чақирди.

Бу ҳақда Озодликка Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов маълум қилди.

ҲРУ вакили қайдича, БМТ Бош котиби Марказий Осиёга келиб кетган 2010 йилдан буён минтақада инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият фақат салбий томонга ўзгарган. Хусусан, жаноб Свердловга кўра, Қирғизистонда Россия қонунларига тақлидан фуқаролик жамияти фаолиятини чеклашга уриниш, Тожикистонда мухолифатчиларга ҳаддан зиёд босим ўтказиш, Қозоғистонда сўз эркинлигини чеклаш каби ҳолатлар кўзга ташланмоқда.

- Кўп йиллардан бери сиёсий қатағонлар ўтказилаётган Туркманистон ва Ўзбекистон ҳақида эса умуман гапирмасам ҳам бўлади. Биргина Ўзбекистоннинг ўзида минглаб сиёсий маҳбуслар бор. Булар сиёсий ва диний сабабларга кўра қамалганлардир. Бундан ташқари, бу мамлакатда қийноқлар билан боғлиқ катта муаммо бор. Айни муаммо минтақадаги бошқа мамлакатлар учун ҳам хос, - дейди Стив Свердлов.

ҲРУ вакили фикрича, Марказий Осиё давлатлари ҳозирда жаҳонга авторитаризмни экспорт қилаётган мамлакатларга айланиб қолди ва БМТ Бош котиби минтақа давлатлари лидерлари билан юзма-юз суҳбат чоғида бу муаммоларни кўтариши лозим.

Стив Свердлов ўз ташкилоти жаноб Бан Ки Мунни Марказий Осиё қамоқхоналарида ўтирган сиёсий маҳбуслардан ҳеч бўлмаса биттадан кишини озод қилишда кўмаклашишга чақирганини ва ҳатто бу чақириққа рўйхат илова қилганини айтади.

Мазкур рўйхатда Қозоғистондан мухолифатчи Владимир Козлов, Қирғизистондан ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров, Тожикистондан ҳуқуқшунос Шуҳрат Қудратов ва мухолифатчи Зайд Саидов, Туркманистондан диссидент Гулгелди Аннаниязов, Ўзбекистондан эса ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармоновнинг номлари бор. ҲРУнинг Бан Ки Мунга мурожаатида узоқ йиллардан буён ўзбек қамоқхонасида ўтирган Муҳаммад Бекжоннинг ҳам исми қайд этилади.

“Бу кишилар минтақа қамоқхоналарида азият чекаётган минглаб сиёсий маҳбусларнинг айримларидир” деган Свердлов мазкур исмларнинг рўйхатга киритилишига ҳам қисқа изоҳ бериб ўтди.

- Аъзам Фармоновни биз унинг қамоқ муддати яқинда яна беш йилга узайтирилгани учун танладик. У билан боғлиқ вазият ўзбек расмийларининг сиёсий маҳбуслар қамоқ муддатини чўзиш бўйича мутлақо уникал тажрибасини акс эттиради. Ўзбек расмийлари тез-тез мутлақо куракда турмайдиган айбловлар билан сиёсий маҳбуслар қамоқ муддатини узайтирадилар. Масалан, жазо муддати 4-5 марта узайтирилган сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг қамоқ муҳлати бир марта унинг ошхонада сабзини нотўғри арчгани сабабли чўзилган. Ўзбек расмийлари инсон учун ўта таҳқирли бўлган бу тажрибаси билан халқаро ҳуқуқ меъёрларини қўпол равишда бузаяптилар. Шунинг учун ҳам биз бу ерда Аъзам Фармонов вазиятига эътибор қаратдик, - дейди Стив Свердлов.

БМТ Бош котиби Қирғизистонга Ўш воқеаларига 5 йил тўлган кунларда келишини урғулаган Стив Свердлов мазкур воқеаларда айбланган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров йиллар бўйи қамоқда азоб чекаётганини эслатади.

- У (Бан Ки Мун демоқчи - таҳр.) бу масалани кўтариши ва Азимжон Асқаровни озод қилишга очиқ чақириқ билан чиқиши муҳим, - дейди Ҳюман Райтс Уотч.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Бош котибнинг Марказий Осиё лидерлари орасида обрўси катта эканини таъкидлаган Стив Свердлов жаноб Бан Ки Мун бу эътибордан минтақада инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун фойдаланиши муҳимлигини қайд этади.

- Марказий Осиё давлатлари президентлари Бан Ки Муннинг сафарига ва умуман олганда, Бирлашган Миллатлар ташкилотига жиддий эътибор билан қарайдилар. Масалан, бундан 5 йил муқаддам президент Каримов Бан Ки Мун билан учрашганида у билан бошқаларга нисбатан кўпроқ вақт ўтказганини, жуда кўп масалаларни муҳокама қилганини биламиз. Минтақа расмийлари ўз давлатларининг БМТга аъзолиги билан тез-тез мақтаниб туришади. Бунинг ўрнига улар БМТ аъзоси сифатида ўз халқаро мажбуриятларини яхшироқ бажаришга эътибор қаратсалар, мақсадга мувофиқроқ бўларди, - дейди Стив Свердлов.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Марказий Осиё бўйлаб сафарини 9 июнь куни Тожикистондан бошлади. Бош котибнинг 10 июнь куни Қозоғистонга, 11 июнь куни Қирғизистонга, 12 июнь куни Ўзбекистонга, 13 июнь куни эса Туркманистонга ташриф буюриши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG