Линклар

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева Озодлик билан суҳбатда Тошкент вилояти Чиноз тумани Ички ишлар бошқармасидаги сўроқ қилиниши акс этган видеога муносабат билдирди. Урлаевага кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати уни обрўсизлантириш учун шу монтаж қилинган видеони атайлаб тарқатган.

Шу йилнинг 31 май куни Елена Урлаева Чиноз туманидаги пахта далаларида давлат бюджет идоралари ходимлари, жумладан, ўқитувчи ва шифокорларнинг мажбуран пахта чопиғига олиб чиқилаётганини ҳужжатлаштираётган вақтида ҳибсга олинган ва кун давомида туман ички ишлар бошқармасида сўроқ қилинганди.

Ўн кун ўтиб ҳукуматга яқин деб кўриладиган Узметроном нашрида ҳуқуқ ҳимоячисининг Тошкент вилояти Чиноз тумани Ички ишлар бошқармасидаги сўроқ қилиниши акс этган видео эълон қилинди.

Қўпол монтаж қилинган видеода Урлаеванинг чет эл элчихоналари кўрсатмаси билан ўз вазифасини бажараётгани, хорижий ахборот воситаларига маълумот етказиб туриши ва буни эвазига пул олиши ҳақидаги узуқ-юлуқ сўзларини эшитиш мумкин.

- Разведкачи ёки агент каби ахборот оламан, оламан ва у ёққа бераман, бераман, пул қўлимда, - дейди Урлаева.

Тошкентлик фаол Озодлик билан суҳбатда бу видеони қоралади.

- Бу ҳақиқатан ҳам Чинозда олинган видео, лекин монтаж қилинган. Мени киноя билан мазах қилиб айтган гапларимни улар монтаж қилиб, гўёки иқрор шаклида беришган. Лекин, ҳеч қанақа иқрор бермаганман. Сабаби мени ҳеч нарсада айблаб бўлмайди. Иккинчидан, ўша куни мени ҳибсга олинишимни ўзи ноқонуний бўлган. Ҳуқуқ тартибот органларига мен ҳуқуқ ҳимоячисини видеога олиш билан шуғуллангандан кўра ўқитувчи ва ҳамшираларнинг пахта далаларига мажбуран чопиққа олиб чиқилишини тасвирга олишни тавсия қиламан, - дейди тошкентлик фаол.

Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Ўзбекистонда бюджет соҳасида ишловчиларни пахта чопиғига мажбурий олиб чиқилишини ҳужжатлаштирмоқда. Лекин унинг айтишича, бу ишга ҳукумат тўсқинлик қиляпти.

Сўнгги бир ҳафта ичида Елена Урлаева Тошкент вилояти Чиноз туманида икки марта ҳибсга олинди. Ҳар икки холатда у кун давомида сўроқ қилиниб, қўйиб юборилди.

–Уларни мақсади мени ишимга ҳалақит қилиш, монтаж қилинган видеоларни Интернетда тарқатиб, мени ёмонотлиқ қилиш ва халқаро ҳамжамиятдан мени узиб қўйиш бўляпти, - дейди Урлаева.

Эслатамиз, Елена Урлаева ўтган ой охирида Чинозда бюджет соҳасида ишловчиларни пахта чопиғига мажбурий олиб чиқилиши ҳолатини аниқлагани борганида мазкур туман милициясига олиб кетилган ва ноинсоний муносабатга дучор бўлган эди.

- Улар мени куч билан РОВДга олиб кетишди, куч билан босиб, жинсий аъзомдан флешка излашди, қийнашди. Ўшандан бери ўн кун ўтди, ҳуқуқ тартибот органлари мени шикоятларимга парво ҳам қилишмади, - дейди Елена Урлаева.

Хьюман Райтс Уотч ҳамда Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммосини ўрганаётган ҳуқуқ фаолининг қўлга олиниши ва унга нисбатан милиция бўлинмасида ўта ноинсоний муносабатда бўлинганини танқид қилиб чиққан эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG