Линклар

logo-print

Бир неча йилдан бери Россия пойтахтидаги савдо марказларидан бирида фаррош бўлиб ишлаётган 38 яшар гулистонлик аёл Озодлик билан боғланиб, бир ватандоши - ижтимоий тармоқдаги “дўсти” уни жиҳодга чорлагани тўғрисида айтиб берди.

Мутахассислар фикрича, ижтимоий тармоқлар Ўзбекистон каби сўз эркинлиги йўқ мамлакатлар фуқаролари учун нафақат информация айирбошлаш воситаси, балки радикал ғояларни ёйиш майдони ҳам бўлиб қолмоқда.

Исми сир қолишини, Мадина, деб аташимизни сўраган гулистонлик аёл билан ўтказганимиз 20 дақиқали суҳбатни ёзиб олдик. Суҳбатдошимиз нафақат исмини ўзгартирди, балки овози эшиттирилмаслигини ҳам сўради.

“Ўша йигит ўч олиши мумкин, қўрқаман”, деди Мадина.

Айтишича, Мадина яқинда “Одноклассники”даги саҳифасида 27 яшар йигит билан танишиб қолган.

“Аввалига дугоналарингиз билан таништириб қўйинг, деди. Мен унинг илтимосини беодобликка йўйиб, рад этдим”, деди Мадина.

Унинг айтишича, йигит вақти-вақти билан у билан алоқага киришаверган ва секин-аста гапни жиҳод мавзуига бураверган, бу орада Мадинанинг боши очиқлигини билган.

Йигитнинг навбатдаги гапларини эслар экан, Мадина бундай дейди:

“Мен сизни Оллоҳ учун никоҳимга оламан. Мен билан жиҳодга кетасиз, деди. Чўчитиб юбормай, деди шекилли, Сурияга демади”, дейди Мадина.

“Ҳа, мен ўзимга қўшиб одамларни портлатайми, дедим” – бу Мадинанинг йигитга жавоби.

“Йўқ, одамларни эмас, кофирларни, деб жавоб ёзди йигит”.

“Менга сиз кофир деб атаётганлар ёмонлик қилмаган бўлса, уларни нима гуноҳи учун ўлдиришни ўйлашим керак, дедиму отказ қилдим”, дейди Мадина.

Озодликка Мадина йигитдан қўрқаётганини айтиш учун мурожаат қилганини билдирди. Сўзларига қараганда, Мадина анча ваҳимага тушиб қолган.

“У мени сўйиб кетиши мумкин. Ўлигим Россияда қолиб кетишини истамайман”, деди суҳбатдошимиз.

Мадинанинг айтганлари тошкентлик сиёсатшунос Анвар Назировнинг яқинда ОзодНазарда айтган гапларини ёдга солди.

ИШИД сафларига тарғиб қилиш воситаларидан бири сифатида сиёсатшунос Однокалассникини тилга олар экан, бундай деган эди:

“Кимдан эшитманг, ИШИДга тушиб қолганларнинг ҳаммаси бизлар Одноклассникида танишдик, дейди. Фейсбук, Твиттер эмас, фақат шу”, деган эди Анвар Назиров.

Сиёсатшуноснинг Одноклассникига берган бу муросасиз баҳосини шарҳлаб беришни ижтимоий тармоқлар бўйича бишкеклик мутахассис Тўлқин Умаралиевдан илтимос қилдик. Унинг фикрича, Анвар Назировнинг гапларида,

- Жон бор. Тўғри, исломий гуруҳлар тарафдорлари Одноклассникида кўп. Улар, албатта, бошқа тармоқларда ҳам бор, лекин Ўзбекистонда айнан Одноклассники оммалашгани учун бу ерда улар кўпроқ. Лекин бу ресурсни фақат исломий гуруҳлар учун тарғибот майдонига айланиб қолди, дейиш ҳам нотўғри. Чунки Ўзбекистон ёпиқ жамият экан, Одноклассники каби ижтимоий тармоқлар ўзбекистонлик фойдаланувчиларга ўз фикрини эркин ифода қилиш мумкин бўлган бир майдонга айланган. Шунинг учун, Одноклассники ҳақида эмас, балки ўз муаммоларини бемалол ўртага ташлаб муҳокама қила олмаётган ёпиқ жамият ҳақида гапириш керакдир, деди Тўлқин Умаралиев.

Баъзи таҳлилчилар Сурия ва Ироқ ҳудудининг бир қисмида Исломий давлат тузганини иддао қилаётган ИШИД эктремистик гуруҳи сафларига қўшилаëтган ўзбекистонликлар сони ошаётганини қайд этадилар.

Ўзбекистонлик жангарилар иддаосича, ИШИД сафига қўшилган ўзбекистонликлар сони бир неча мингни ташкил этади.

Аммо ўзбекистонлик мутахасисис Рафик Сайфуллин¸ ИШИДга қўшилган ўзбекистонликлар сонининг 500 нафардан ошмаслигини жорий йил апрелида билдирган эди.

XS
SM
MD
LG