Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:07

Принциплари ҳаёт тарзига айланган журналист Хадича Исмоилова


Хадича Исмоилова олти ойдан бери қамоқда қолмоқда. Аммо муаммолар журналист ўтган йилнинг 5 декабрида қўлга олинишидан аввал бошланган. Бошида Исмоиловани телефон орқали қўрқитишди, аммо у ўз принципларидан воз кечмади. Кейин журналистнинг яқинларига таҳдид солишди. Исмоилова барибир таслим бўлмади.

Исмоилова икки йўлнинг бирини танлаши мумкин эди.

Журналист коррупция ҳақда ёзишни тўхтатиши ва бир оз вақт эътибордан четда юриши мумкин эди. Ўшанда ҳеч ким уни айбламасди. Аммо у бундай йўл тутмади. Исмоилова ўз нуқтаи назарини бир оз юмшатиши мумкин эди. Амму у бундай қилмади. Айрим “нозик” мавзуларни четлаб ўтиши ҳамда Озарбайжон “дахлсизларининг” шубҳали фаолиятини текширишни тўхтатиб, муаммолардан йироқ юриши мумкин эди. Аммо у бундай қилмади. Исмоилова журналистика принципларидан воз кечмади.

Озарбайжон расмийлари олдида ҳам икки йўл бор эди.

Мамлакат расмийлари Исмоиловага тазйиқ ўтказишда давом этишлари ва бу билан чет мамлакатлар танқидига учрашлари мумкин эди.

Расмийлар журналистнинг ҳикояларига эътибор бермасликка ва уларнинг мамлакатда чоп этилишига йўл қўймасликка уринишлари мумкин эди. Аммо Интернет сабаб бундай тўсиқ қўйишнинг иложи йўқ. Расмийлар Исмоилованинг журналистик суриштирувларини шубҳа остига олишлари мумкин эди. Аммо бу йўлдан боришда бир муаммога дуч келишлари аниқ эди: шубҳага ўрин йўқ эди, чунки Исмоилова етарлича далил тўплаганди.

2012 йилнинг март ойида Исмоилованинг интим муносабатлари акс этган видео тарқатилганидан кейин расмийлар танлаган йўл аён бўлди: улар бор кучлари билан журналистнинг тилини тийишга қарор қилдилар. Озарбайжон ҳукумати ҳаракатларини ҳимоя қилиш учун лоббичилар ёлланди.

Исмоилова бу сафар ҳам бўш келмади. Матбуот анжумани уюштириб, ўзининг интим алоқаси акс эттирилган видеони намойиш қилди ва ҳеч ким уни коррупция ҳақида ёзишдан тўхтата олмаслигини айтди. Ҳамма, айниқса, Озарбайжон ҳукумати Исмоилова тинчланишини хоҳлади.

Исмоилова ўз сўзи устидан чиқди ва мамлакатдаги расмий коррупция ҳақида ёзишда давом этди. “Қўлга олишлари мумкинлигини биламан. Агар шундай бўладиган бўлса, мен тайёрман”, деган эди журналист 2014 йилнинг октябрь ойида.

5 декабрь куни Исмоиловани полиция ходимлари қўлга олди. Журналистга бемаъни айбловлар қўйилди: уни ҳамкасбини ўзига суиқасд қилиш ҳолатига олиб келганликда айбладилар.

Ўша эркак бундай бўлмаганини таъкидлаганидан кейин Боку расмийлари янги айбловларни қўйишди. Бу сафар Исмоиловани пул ундирганлик, ноқонуний тадбиркорлик қилганлик, солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ва ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбладилар. Озодликнинг Озарбайжон бюроси Бокуда расман рўйхатдан ўтган бўлишига қарамасдан, расмийлар офис молиявий жиноятларни содир қилганини айтишди. 2012 йилда ҳукумат ўтказган аудит давомида Боку офисида ҳеч қандай қонунбузарлик аниқланмаган эди.

Озодликнинг Бокудаги офисини 2 декабрь куни ноқонуний тарзда ёпишди. Терговчи ва қуролланган полициячилар Озодлик ишчиларини бир хонага тўплаб, ширкат сейфини тинтув қилишди ҳамда ҳужжат ва расмий муҳрларни мусодара қилишди. Суд буйруғига кўра, тинтув нодавлат ташкилотларнинг чет элдан молияланиши бўйича қонунларга асосланган ҳолда Озодликнинг Озарбайжон офисида олиб борилаётган текширувларнинг бир қисми ўлароқ амалга оширилган. Озодлик ишчилари бир неча соат сўроқ қилиндилар. Йигирмага яқин ишчини прокуратурага чақиришди. Ишчиларнинг айримлари Бокудан чиқиб кетди. Озодлик учун хабар ёзишни истаганлар иш ҳақларини ололмаяптилар, сабаби уларнинг банк ҳисоблари музлатилган.

Хадича Исмоилова журналистика принциплари учун ўз эркинлигини қурбон қилди. Озарбайжон ҳукумати бўлса Исмоилова тилини тийиш учун қўлидан келганини қилиб, Озодликнинг Боку офисини ёпди.

Озодлик ишчилари Исмоилова ва бошқа озарбайжонлик ҳамкасбларини қўллайди. Қачондир Исмоилова ғалаба қозонади. Журналист Исмоилова бу ғалабага эришиш осон бўлмаслигини ҳаммадан яхши тушунади. Исмоилова қамоқдалигида PEN Америка маркази, Швеция матбуот клуби ҳамда АҚШ миллий матбуот клубидан олган мукофотлари унга куч бағишлаб келади.

Биз Исмоилованинг азобларини яхши тушунамиз: кўп ҳамкасбимиз муаммоларга дучор бўлган, айримлари ҳалок бўлган. Бундай азоблар Озодлик кундалик ҳаётининг бир қисми. Жуда кўп тузумлар ҳамда экстремистик гуруҳлар Озодликнинг тилини тийишга ҳаракат қилиб келади. Ҳали ҳеч ким буни уддалай олгани йўқ, уддалай олмайди ҳам.

Озодлик радиоси раҳбарларидан бири Ненад Пеич қаламига мансуб ушбу мақолани Нодир Атаев инглизчадан таржима қилди.

XS
SM
MD
LG