Линклар

Қирғизистонлик ўзбеклар Бан Ки Мунга очиқ хат йўллади


БМТ бош котиби Қирғизистонга 11 июнь куни сафар қилади.

БМТ бош котиби Қирғизистонга 11 июнь куни сафар қилади.

Ўш воқеаларини уюштирганликда айбланиб Қирғизистонда сиртдан судланган этник ўзбеклар Қодиржон Ботиров, Халилжон Худойбердиев ва бошқалар БМТ Бош котиби Бан Ки Мунга очиқ хат йўллаб, Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан милиция томонидан қўрқитувлар давом этаётганини иддао қилди.

Мурожаатнома муаллифларидан бири Халилжон Худойбердиевнинг Озодликка айтишича, “июнь воқеаларининг 5 йиллигига 5 кун қолганида Ўшнинг Амир Темур шаҳарчасида ўтказилган аксилтеррор машқлари” қўрқитув амалиёти сифатида талқин қилинади. Баёнот муаллифлари БМТ Бош котибининг Ўшга 11 июнь куни қиладиган сафари арафасида ҳукумат ўзбекларни “нишонга айлантирган аксилтеррор амалиётини” ўтказишга қарор қилганини қоралайди.

Бундан ташқари баёнотда этник ўзбеклар судларда ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида адолат топмаётгани, ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари йўқ қилингани, Ўшда мавжуд бўлган ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар сони кундан-кунга қисқартирилаётгани, давлат телеканалларида ўзбекларнинг “иккинчи сортлиги”ни таъкидловчи кўрсатувлар намойиш этилаётгани айтилади.

Баёнотга имзо чекканлар БМТ Бош котибидан Қирғизистон ҳукуматини этник ўзбеклар ҳуқуқини паймол қилмасликка чақиришни илтимос қилган.

2010 йилда Ўшда этник низолар асосида юзага чиққан зўравонликлар чоғида ҳукумат ҳисобича, 450 одам ўлган, минглаб одам яраланган. Тўқнашувларда қурбон бўлганлардан 295 нафари ўзбек, 123 нафари қирғиздир.

2010 йил июнь воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз, 8 нафари бошқа миллат вакилларидир.

XS
SM
MD
LG