Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:18

Нафрат анатомияси (Блог)


Ҳайкалтарош Абдимўмин Бойматов бир сеҳрбоз каби инсон бадани деб аталган иншоотнинг “ғишт”ларини бизга бир-бир кўрсатган эди.

“Инсон баданини либос яширади¸ либосдан мосуво бўлган тана бу ярим ҳақиқат. Агар бу тана устидаги тери шилиб олинса¸ биз инсон ҳақидаги бутун ҳақиқатни билиб оламиз” деган эди устоз.

Аммо туппа-тузук одамнинг нега ваҳшийга айланиш сирини ҳайкалтарошлик санъати менга айтиб бера олмади.

Бу сир адабиëтнинг сарғайган саҳифаларига яширин эканини кейин англадим...

Боғи кўкармаган бахиллар

20 йил олдин иморат қуриш каби машаққат ичида эдим.

Уй ғиштини тераëтган усталардан бири ëн-атрофда қад кўтарган ҳашаматли иморатларга кин ва нафрат билан қараб “Кечқурун келиб бу уйларнинг бирини ҳам қолдирмасдан ўтлаб (ўт қўйиб) кетсанг” деди.

Унинг кўзларидаги нафратдан қўрққулик эди.

Мен бу одамнинг суратини қаерда кўрдим деб ўйланиб¸ ўйланиб охири топдим. Чингиз Айтматовнинг "Бўтакўз" романидаги Абакр эди бу.

Ўқиш-ëзишга чанқоқ¸ тийран ўспирин Камолни таҳқирлаб “Эй академик¸ тумшуғингга тушираман” дейдиган ва пировардида талончига айланган салбий қаҳрамон.

Ëки "Оқ кема" қиссасидаги отаси тенги чолни таҳқирлаб ҳузур оладиган ароқхўр Ўрозқул эдими у?

Чинликка кўчган тўқима

Ўтган йили АҚШ да истиқомат қиладиган бир қирғиз оиласи билан ҳамсуҳбат бўлдим. Суҳбатдошларим Чингиз Айтматовдан норизо эканларини изҳор қилишди.

"Қирғизни ваҳший қилиб кўрсатиб¸ буткул элга шарманда қилди"¸ дейишди улар.

"Ҳеч замонда қирғиз отаси тенги одамни соқолидан судраб урадими?"¸ дейишди.

"Ҳеч замонда қирғиз қўлига болта олиб¸ бешикни толқолайдими?"¸ дейишди.

"Ҳеч замонда қирғиз молдай ичиб хотинини калтаклайдими?"¸ дейишди.

"Ҳеч замонда қирғиз қуролсиз бир бечорани саксовулга оëғидан осиб тагидан ўт қўядими?"¸ дейишди...

Ҳа энди, бу бадиий тўқима образ¸ девдим ўшанда.

Улар эса "адабиëт тўқимасин ва чинликни акс эттирсин" дейишди.

Бу суҳбатдан беш-олти ой ўтиб¸ Ўш ва Жалолободдаги ваҳшийликлар ëзувчи Чингиз Айтматов қиссасидаги чинликдан кўра даҳшатлироқ бўлди.

Кошки шундай бўлмаса эди. Кошки бу ваҳшийликлар китоб саҳифаларида қолса эди.

Кошки.

Айтматовнинг "Қиëмат" романида Мўйинқумдаги бир журналист бир гуруҳ ваҳшийлар тарафидан қатл қилинади.

Бешта маҳаллий ароқҳўр Обер Кандалов¸ Мишаш¸ Кепа¸ Гамлет Галкин ва Абориген Узоқбой бир журналистни ушлаб олиб саксовулга осиб тагидан ўт қўйишади.

Буларнинг ваҳшийлигини кўрган китоб қаҳрамони иккита бўри Акбара ва Тошчайнар ҳам йиғлайди.....

Қиссадан ҳисса

"Оқ кема" асаридаги болакай Ўрозқул қилган ваҳшийликларга чидамасдан ўз жонига қасд қилиб бу дунëдан кетади. Ўрозқул эса айш- ишратни давом қилдираверади.

"Бўтакўз" қиссасидаги талончи Абакр олтин тангани олиб овулдан катта шаҳарга равона бўлади.

"Қиëмат" романида журналист Авдий Каллистратовни таҳқирлаб ўлдирган Обер Кандалов¸ Мишаш¸ Кепа¸ Гамлет Галкин ва Абориген Узоқбойлар сайғоқ гўштидан кабоб еб¸ қўлбола ароқни симириб¸ нафрат ва кин тўла ҳаëтларини давом эттиришаверади.

Атматов китобларидаги ижобий қаҳрамонлар бир-бир ўлиб кетишди¸ салбий қаҳрамонлар эса яшамоқда.

Совет номенклатураси чиғириғи уларни лавозимлар ташқарисида сақлаган бўлса¸ иттифоқ тарқагандан кейин улар бийлик деб аталган маржонга тизилишди.

Олдин Абакр (Бўтакўздаги образ) академикнинг тумшуғига туширишни орзу қилган бўлса¸ бугун у академикларнинг тумшуғини бемалол эзмоқда.

Мамлакат сиëсий уфқларида эса Обер Кандалов¸ Мишаш¸ Кепа¸ Гамлет Галкин ва Абориен Узоқбойлар туришибди..

(Материал илк бор 2010 йилнинг 7 июлида нашр этилган)

XS
SM
MD
LG