Линклар

Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод шаҳарларида 2010 йили содир этилган миллатлараро низога беш йил тўлди. Июнь ойида рўй берган қонли воқеаларда Жалолобод вилоятида 750 дан ортиқ бинога ўт қўйилган эди. Куйиб кетган уйларнинг асосий қисми ҳукумат ва халқаро ташкилотлар тарафидан берилган ёрдам эвазига қайта тикланган. Бироқ мамлакатни тарк этган ва молиявий аҳволи ночор бўлган айрим жалолободликларнинг уй-жойлари ҳалигача таъмирлангани йўқ.

2010 йилнинг 10 июнида Ўшда бошланган қонли воқеалар бу ердан 120 километр узоқликдаги Жалолобод шаҳрига икки кун ўтиб, 12 июнь куни етиб келган. Ушбу воқеаларда кўплаб уйлар ёниб кул бўлган эди.

Кулга айланган иморатлар орасида Сузоқ туманидаги Тош-Булоқ қишлоғида яшовчи Равшан Тиллахўжаевнинг уйи ҳам бор. Ўша машъум куни у қизини куёвга узатаётган ва унинг уйида тўй бўлаётган эди. Тўполонда уйи ва қизининг сепи ортилган юк машинаси тўлиғи билан ёниб кетган. Бироқ кейинчалик Тиллахўжаевлар эскисига ухшамаса ҳам яшаш учун етарли шароити бўлган уй қуриб олишди.

- Энди воқеа бўлиб ўтди. Уни қайта эслашнинг кераги йўқ. Ёмонликни эсласанг, яхшилик келмайди. Ҳозир ҳаммаси тинч, ёрдам ҳам бериляпти. Қурилиш материалларини беришди. Уйимизни қўлдан келганча қайта тикладик. Ҳозир икки миллат қариндош бўлиб, қудалашиб кетганмиз. Масалан, амакимнинг аёли қирғиз, акамнинг қизи эса ўтган йили қирғиз болага турмушга чиқди. Бизга бундан ортиқ яна нима керак? Тинчлик ва саломатлик бўлсин, - дейди Равшан Тиллахўжаев.

Яшаш жойини қийинчиларга қарамай тиклаб олиб, яхши ниятлар билан турмушини ўз уйида давом эттираётганларнинг сони кўп. Шундай бўлсада, ҳозиргача эгалари аниқланмаган ёки молиявий шароити оғир бўлган оилаларга тегишли бинолар, орадан беш йил ўтган бўлсада, ҳалигача қайта тикланмаган. Жалолобод шаҳрининг Манас кўчасидаги №140 рақамли икки қаватли уй ҳозир ҳам кулга беланиб ётибди. Унинг эгаси қонли воқеаларда Украинага қочиб кетганича қайтиб келмаган. Қўшнилари қочқин оила билан алоқада эмаслигини айтишади.

Пушкин кўчасидаги ёниб кетган икки қаватли дўконнинг биринчи қавати ўтган йили қайта ишга туширилган, иккинчи қавати эса куйган бўйича турибди. Унинг эгаси Азимжон Хўжакалонов молиявий сабаблар туфайли иморатни тўлиқ қайта тиклашга мумкинчилиги йўқлигини айтади. Қирғиз тилида гапираркан, Азимжон бундай деди:

- Бизнинг оиламизда кўпчилик яшайди. Шу сабабли пул тирикчиликдан ошмаяпти. Биринчи қаватини давлат тарафидан берилган ёрдам билан ўнглаб олдик. Иккинчи қаватига эса пул етмаяпти. Бу ерда авиакасса, қассобхона, банк, дўкон бор эди. Барчаси куйиб, ҳеч нарса қолмаган. Беш йилдан бери секин-секин эски ҳолатига қайтаряпмиз. Тадбиркорларга бериладиган 14 фоизлик кредит олинглар, дейишди. Лекин уни қандай қайтаришни ўйлаб, олишдан бош тортдик. Келаси йилда иккинчи қаватини ҳам таъмирлаб ишга туширмоқчимиз, - дейди Азимжон Хўжакалонов.

Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги вакили аппаратининг бўлим бошлиғи Ажимамат Исаев қайта тикланмаган уйларнинг эгалари қайтмагунича давлат тозалаш ишларини ўтказишга ҳуқуқли эмаслигини айтади.

- Жалолобод шаҳри, Новкен, Сузоқ, Бозорқўрғон ва Олабуқа туманларида жами 757 иморат ёниб кетган. Эски пахса билан қурилган уйлар ўрнига ғишдан янгисини солиб бердик. Давлат ва халқаро ташкилотлар бирлашиб уларга кўмак кўрсатилди. Ёниб кетган ва эгаси аниқланмаган тижорат иморатлари шаҳарнинг марказий кўчаларида ҳам бор. Уларни буздириб ташлашга бизнинг ҳуқуқимиз йўқ. Эгалари аниқланмагани учун шундай турибди, - дейди расмий.

Июнь воқеаларида биноларга ўт қўйилиши туфайли 720 миллион қирғиз сўми миқдорида зарар етказилгани айтилади. Иморатлари куйган тадбиркорларга кўрган зарарига қараб 50 мингдан 200 минг сўмгача ёрдам кўрсатилган. Бироқ уларнинг барчаси ҳам ўз бизнесларини қайта тиклаб ололгани йўқ.

Шунга қарамасдан миллатлараро тичлик ва дўстона алоқалар қайта тикланмоқда, дейди Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида яшовчи оқсоқол Валихўжа Тўхтаматов.

- Яна тўполон чиқараман, деб юрганларга Аллоҳ ўзи инсоф берсин. Уларнинг ҳам бола-чақаси бор, ўйлаши керак. Бугунгина яшасак майли эди. Фақат Аллоҳ билади яна қанча яшаймиз. Шунинг учун хатога йўл қўймаслигимиз керак. Элимиз ёмон эмас. Қирғизистон халқи барибир меҳмондўст, яхши яшаб келяпти. Кимгадир керак бўлди бу нарса. Битта мақсад – тинчлик. Уйимизда бир бурда нон бўлса ва шуни беғалва есаккина танамизга тарқайди, - дейди сузоқлик Валихўжа Тўхтаматов.

2010 йилда Ўшда ва Жалолободда этник низолар асосида юзага чиққан зўравонликлар чоғида ҳукумат ҳисобича, 450 одам ўлган, минглаб одам яраланган. Тўқнашувларда қурбон бўлганлардан 295 нафари ўзбек, 123 нафари қирғиздир. Июнь воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз, 8 нафари бошқа миллат вакилларидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG