Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:43

Қочқинликдаги қирғизистонлик ўзбеклар Бан Ки Мунга мурожаатнома йўллади


ЎшТВ асосчиси Халилжон Худойбердиев 2010 йил июнь воқеаларидан кейин хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган.
ЎшТВ асосчиси Халилжон Худойбердиев 2010 йил июнь воқеаларидан кейин хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Ўш воқеаларини уюштирганликда айбланиб, Қирғизистонда сиртдан судланган этник ўзбеклар Қодиржон Ботиров, Халилжон Худойбердиев ва бошқалар БМТ Бош котиби Бан Ки Мунга очиқ хат йўллаб, Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан босимлар давом этаётганидан шикоят қилди.

Мурожаатнома муаллифларидан бири, ҳозир АҚШда истиқомат қилаётган Халилжон Худойбердиев Қирғизистондаги ўзбек миллатига мансуб кишиларга нисбатан босим Ўш воқеаларидан 5 йил ўтса ҳамки сусаймагани, фақат яширин шаклга дўнганини айтади. ЎшТВ телекомпанияси асосчиси бўлган жаноб Худойбердиев 2010 йилги этник тўқнашувдан кейинги аҳволни 1990 йилги миллатлараро можародан кейинги вазиятдан ёмонроқ, деб баҳолайди.

- Ўзбек аҳолиси шунчалик тушкун ҳолатда, ҳаттоки бошқа бир ёт одам келиб: “Аҳволингиз қандай?” деб сўраса, у ёқ-бу ёққа қўрқа-писа қараб туриб: “Зўр, яхши яшаяпмиз”, деяверади. Мундоқ қарасангиз эса [июнь воқеаларидан кейин] нечта одам судланган бўлса, уларнинг кўпчилиги ўзбеклар, жабрланганларнинг ичида ҳам кўпчилиги ўзбеклар... Ҳатто давлат сиёсати ҳам ана шу томонга оғиб кетди. 1990-йилги воқеаларда одамлар қандай қилиб иноқлашгани бизнинг эсимизда бор. Ўша вақтдаги вазият билан ҳозирги вазиятни солиштирса, ер билан осмонча фарқ бор.

Озодлик: Фарқ қайси томонга – яхши томонгами ё ёмон томонга ўзгариш борми?

- Фарқ – ёмон томонга. Нега деганда, босим аввалгидек қолди. Масалан, мен ўз тажрибамдан айтишим мумкин: 90-йилги воқеадан кейин 1991 йили мен – Қирғизистонда яшовчи бир ўзбек телекомпания очганман. Ҳозир сиз ҳаракат қилиб кўринг (Қирғизистонда) ўзбек тилида ишлайдиган телекомпания очишга. Оча оласизми? Йўқ! – дейди Халилжон Худойбердиев.

Суҳбатдошимиз июнь воқеаларининг 5 йиллигига 5 кун қолганида Ўшнинг асосан ўзбеклар истиқомат қиладиган “Амир Темур” шаҳарчасида ўтказилган аксилтеррор машқларини қўрқитув амалиёти сифатида талқин қилди.

Халилжон Худойбердиев Қирғизистон жанубида яшаётган ўзбеклар судларда ва ҳуқуқ-тартибот идораларида адолат топмаётгани, ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари йўқ қилингани, мамлакат жанубидаги ўзбек мактаблари сони кундан-кунга қисқартирилаётгани, ўзбек тилидаги умумреспублика тести бекор қилингани каби масалаларни тилга олди. Қирғиз расмийларининг бу каби муаммоларга кўз юмаётгани, Халилжон Худойбердиев фикрича, этник ўзбекларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий турмушига интеграциялашувига салбий таъсир қилади, ўзбек ёшларининг эса радиккаллашувига йўл очади.

- Ўзбек йигит-қизлари нима қилиши керак? На мактабнинг чуқур маъноси бўлса ёки бир университетга кириш йўли ёпилаётган бўлса, қаёққа боради ўзбек ёшлари? Келажак тўғрисида қандай фикр пайдо бўлади [уларда]? Шундай пайтда Интернетдан ёки бошқа жойдан “Исломий давлат” идеологиясини ўтказаётган вербовшикларнинг қўлига тушади-да улар. Масалан, бу Қирғизистон учун катта проблема бўлади. Шунинг учун ҳамма тенг қараб, мактабларни ҳам, университетларни ҳам ўзбек ёшларигаям очиш керак. Уларга карьера йўлини ҳам очиш керак, давлат ишини, армияни, - дейди Халилжон Худойбердиев.

Ўш воқеаларидан кейиноқ ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган Халилжон Худойбердиевни Жалолобод шаҳар суди 2011 йил октябрида сиртдан июнь воқеаларида айбдор деб топиб, мол-мулкини мусодара қилиш шарти билан 20 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Ўзига қўйилган айбловлар тамоман асоссизлигини айтган Худойбердиев бир кун келиб Қирғизистонда июнь воқеаларида ноҳақ айбланган ўзбекларга нисбатан адолат тикланишига умид қилаётганини яширмайди. Суҳбатдошимиз фикрича, бунга эришиш учун қирғиз расмийларининг БМТ ва бошқа обрўли ташкилотлар тавсияларига биноан иш тутиши ва ўз халқаро мажбуриятларини оғишмай бажариши кифоя.

- Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Комитет по ликвидации расовой дискриминации” дегани бор, кейин “Комитет ООН по правам человека” бор. Ирқий камситиш бўйича комитетнинг 2013 йил февралида берган тавсиялари бор, Инсон ҳуқуқлари бўйича комитет эса 2014 йил март ойида ўз рекомендацияларини ёзиб берган. Ўша рекомендацияларга таяниб, ривожланса бўлаверади. Масалан, “адекватное представительство всех национальностей в органах власти”, “неушемление различных прав” кабилар. Қирғизистонда бу рекомендациялар бажарилмаяпти-да, - дейди Халилжон Худойбердиев.

Худойбердиев дохил БМТ Бош котибига мурожаатнома йўллаган ўзбеклар Бан Ки Мундан Қирғизистон ҳукуматини этник ўзбеклар ҳуқуқини поймол қилмасликка чақиришни илтимос қилган.

2010 йилда Ўшда этник низолар асосида юзага чиққан зўравонликлар чоғида ҳукумат ҳисобича, 450 одам ўлган, минглаб одам яраланган. Тўқнашувларда қурбон бўлганлардан 295 нафари ўзбек, 123 нафари қирғиздир.

2010 йил июнь воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз, 8 нафари бошқа миллат вакилларидир.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Марказий Осиё сафари доирасида 11 июнь куни Қирғизистонга келиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG