Линклар

Ўғирликни тугатиш учун кинотеатрлар чипталарини бир хил қилмоқчилар


Алишер Навоий номидаги кино саройи реклама тахталари

Алишер Навоий номидаги кино саройи реклама тахталари

Ўзбекистонда миллий кинематография соҳасини ислоҳ қилиш бўйича Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ўтган ҳафта тасдиқлаб “Ўзбеккино” раҳбариятига йўллаган чора-тадбирлар режасига кўра¸ мамлакатдаги барча кинотеатрлар учун ягона чипта тизими жорий қилинадиган бўлди.

Озодликнинг “Ўзбеккино”даги манбасига кўра¸ бу тизим фильмлар намойишидан тушадиган маблағлар талон-тарож қилинишининг олдини олади:

- Шу пайтгача ҳар бир кинотеатр чипта сотишни ўзича белгилаган. Ҳозир эса бутун мамлакат бўйлаб кинотеатрлар учун ягона чипта тизими жорий қилиш ҳақида фармойиш бўлди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги бу ягона чипта тизимини яратиб жорий йилнинг октябрь ойидан ишга тушириши керак. Бу тизим бутун мамлакатда сотилган чипталарни онлайн мониторинг қилиш имконини яратади¸ дея билдирди “Ўзбеккино”даги Озодлик манбаси.

Унга кўра¸ Бош прокуратура ўзбек киноиндустрияси ичида чуқур илдиз отган коррупцион схемаларни фош қилиш мақсадида олиб борган тергов натижаларидан кейин шундай қарорга келинган:

- Билсангиз, бутун дунëда кинога сарфланган маблағ ва унга сотилган чипта ҳақида шаффоф маълумотлар бўлади. Бизда эса шу пайтгача буни аниқлайдиган механизм йўқ эди. Ягона чипта тизими кино соҳасидаги коррупцияни бартараф қилиш имконини беради¸ дея таъкидлади суҳбатдош.

Унинг таъкидича¸ кино-видео хизмат кўрсатиш корхоналари учун ягона чипта хўжалиги тизимининг яратилиши Ўзбекистон киноиндустриясини ислоҳ қилиш йўлидаги илк тадбирлардан биридир.

Бу тадбирнинг Ўзбекистон кинотеатрларидаги пул ювиш тизимига барҳам бериши кутилмоқда.

Озодлик тасарруфида мавжуд бўлган Республика Бош прокуратураси тақдимномасида Ўзбекистон кинотеатрлари, хусусан Тошкент марказидаги энг оммабоп "Панорама" кинотеатридаги коррупцион схемалар акс этган.

Республика Бош прокуратураси “Ўзбеккино” миллий агентлигининг яқинда бўлган кенгайтирилган йиғинида эълон қилинган тақдимномасида мамлакат кино соҳасидаги талон-тарожлар кўлами тасвирланади.

Айни йиғинда қатнашиб тақдимнома билан танишган кино арбобларидан бирининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича¸ Алишер Навоий номидаги санъат саройининг (халқ орасида Панорама деб аталади) ҳозирда собиқ директори Обид Маҳкамович Холиқов "ўзлаштирган маблағ" прокуратура тақдимномасида "315 миллион сўм", деб кўрсатилган.

Обид Холиқовнинг кинотеатрда қўйиладиган кинолардан тушадиган пулнинг 40 фоизига эгалик қилиб келгани айтилади.

“Санъат-маъно” киностудиясида режиссер Саид Мухторов суратга олган “Ўкинч” фильмига сарфланган маблағнинг ҳатто олтидан бири қопланмаганини ҳам фильм ижодкорлари Озодликка мактуб орқали билдирган эди:

“Ўкинч” деган кинога 60 миллион сўм сарфладим.10 миллион сўмини ҳам чиқариб ола олмадим. "Панорама" (Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги кинотеатр) директори Обид Маҳкамович киномизни провал қилиб берди. Сабаби бошқарув у кишининг қўлида "¸ деб ëзилади мактубда.

Мактуб муаллифининг таъкидича¸ Алишер Навоий номидаги кинотеатр раҳбари “Ўкинч” киносига сотилган чипталардан тушган пулнинг 50 фоизини олиб қолган.

Республика Бош прокуратурасининг “Ўзбеккино” миллий агентлиги кенгайтирилган йиғинида эълон қилинган тақдимномасида 70 яшар Обид Холиқовнинг ўзи раҳбарлик қилаëтган кинотеатрда намойиш қилинган деярли барча фильмлардан улуш олгани таъкидланади.

Тақдимномада айтилишича¸ “Ўзбеккино” ҳисобидаги 4,5 миллиард сўм солиқдан яширинча инкассация қилинмасдан¸ Алишер Навоий номидаги кинотеатр ҳисобига кирим қилинган.

Бу айбловлар ортидан Озодликнинг Тошкентдаги манбасига гапирган Обид Холиқов жорий йилнинг 24 февралида Республика Бош прокуратураси тақдимномасида давлатга келтирилган зарар сифатида малакаланган 315 миллион сўмни давлатга қайтарганини айтган эди.

Озодликнинг “Ўзбеккино” миллий агентлигидаги манбасининг айтишича¸ кинотеатрларни техник ва технологик қайта жиҳозлаш ва ягона чипта тизимига ўтиш баробарида ўзбек кино саноати “ўз эгаларини ҳам алмаштирмоқда” бу эса манбамиз таъкидича “янги коррупцион схемаларга йўл очади”

Ўзбек киносидаги коррупцион схемалар ҳақида Озодлик мухбирларининг суриштируви давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG