Линклар

Ўшдаги ўзбек лидерлари четдаги лидерларнинг БМТга мурожаатини "асоссиз", деди


Қирғизистон парламентининг экс-депутати М. Мамасаидовнинг фикрича, ўзбекларнинг БМТга арз қилишига асос йўқ.

Қирғизистон парламентининг экс-депутати М. Мамасаидовнинг фикрича, ўзбекларнинг БМТга арз қилишига асос йўқ.

Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилигининг лидерлари Қодиржон Ботиров ва Халилжон Худойбердиевларнинг БМТ бош котиби Бан Ки Мунга мурожаатини асоссиз, деб ҳисобламоқдалар, деб хабар қилди Озодлик радиоси қирғиз хизмати Жўғўрқу Кенешнинг экс-депутати Бўрибой Жўраевнинг айтганларига таяниб.

Хабарда айтилишича, Жўраев бундай деган: “Ўзлари ёшларни ёмон ишга бошлаб қўйиб, қочиб кетишди. Натижада оддий халқ жабрланди. Ҳадеб ўтган ишни эслайвермай, олдга қараб интилиш лозим. Халқимиз бир қолипга тушиб қолаётган бир пайтда четда туриб бундай баёнотларни тарқатаверган тўғри иш эмас”.

Жўраевникига ўхшаш фикрни Жўғўрқу Кенешнинг яна бир экс-депутати Муҳаммаджон Мамасаидовнинг ҳам билдиргани хабар қилинди.

Ўш воқеаларининг 5 йиллиги арафасида 2010 йил, июнь воқеаларини уюштирганликда айбланиб, Қирғизистонда сиртдан судланган этник ўзбеклар Қодиржон Ботиров, Халилжон Худойбердиев ва бошқалар БМТ Бош котиби Бан Ки Мунга очиқ хат йўллаб, Қирғизистонда ўзбекларга нисбатан босимлар давом этаётганидан шикоят қилди.

Худойбердиев дохил БМТ Бош котибига мурожаатнома йўллаган ўзбеклар Бан Ки Мундан Қирғизистон ҳукуматини этник ўзбеклар ҳуқуқини поймол қилмасликка чақиришни илтимос қилган.

2010 йилда Ўшда этник низолар асосида юзага чиққан зўравонликлар чоғида ҳукумат ҳисобича, 450 одам ўлган, минглаб одам яраланган. Тўқнашувларда қурбон бўлганлардан 295 нафари ўзбек, 123 нафари қирғиздир.

2010 йил июнь воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз, 8 нафари бошқа миллат вакилларидир.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Марказий Осиё сафари доирасида 11 июнь куни Қирғизистонга келиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG