Линклар

logo-print

Қирғизистонда ўзбек мактаблари сони йилдан-йилга камаймоқда


Қирғизистондаги Мирзо Улуғбек номидаги қирғиз-ўзбек мактабида ўқувчи қирғиз ва ўзбек дугона.

Қирғизистондаги Мирзо Улуғбек номидаги қирғиз-ўзбек мактабида ўқувчи қирғиз ва ўзбек дугона.

Қирғизистонда 2010 йил июнь воқеаларидан сўнг юзага келган вазият ортидан кўплаб ўзбек мактаблари қирғиз ва рус тилларида таълим беришга мажбур бўлмоқда. 2010 йилгача Ўш вилоятида 150ка яқин ўзбек мактаби бўлган бўлса, ҳозир уларнинг сони 90дан ошмайди. Ўзбек тилида тест имтихонлари топширишнинг тақиқлангани оқибатида, ўзбек мактаблари сони яна қисқариши мумкин.

Жалолобод вилояти Сузоқ туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси Мавжуда Хурбоева ўзбек мактабларининг аралаш тилли мактабларга айлантирилаётгани замон талаби бўлмоқда, деб ҳисоблайди.

-Масалан, ҳозир қаерга борсангиз ҳужжатларни қирғиз тилида тўлдириш керак.Ўқувчиларимиз эса бу тилни билмаяпти. Биз ҳам ўқишда ҳафтасига бир соатдан қирғиз тили ўқиганмиз, шунинг учун қийналаяпмиз. Қирғиз тилига ҳозир кенг йўл берилаяпти. Дарсларнинг асосий қисми ҳам қирғиз тилида. Шунинг учун катта қизим ҳам замон талабидан келиб чиқиб, қирғиз филологиясига ўқишга кирди. 9-синфни битирган қизим ҳам қирғиз тили ўқитувчиси бўлмоқчи, - дейди Мавжуда Хурбоева.

Айни пайтда Жалолободда ўзбек тилида ўқитиладиган 30 мактаб қолган. 74 мактаб эса қирғиз ва ўзбек тилида дарс бермоқда. Биргина ўтган йили 10та ўзбек мактаби аралаш тилда дарс берадиган мактабга айлантирилган. Шу кунларда ўзбек тилида ўқитадиган мактабларининг 14 таси Сузоқ туманида жойлашган. Тумандаги 2-сонли ўрта мактаб директори Гулнара Юлдашева ўзбек мактабларининг аралаш тилда ўқитиладиган мактабларга айлантирилиши ота-оналарнинг талаблари асосида амалга оширилаётганини иддао қилди:

-Ҳозирги кунда умумреспублика тестларини ўзбек тилида топшириш бекор қилинди. Бунинг натижасида олий ўқув юртларига ўзбек миллатига мансуб болалар кира олмай қолди. Шунинг учун ота-оналарнинг талаблари билан қирғиз тилидаги синфларни очдик. Бироқ мактабимизда фақат ўзбек миллатига мансуб ўқувчилар ўқийди, - деди мактаб директори.

Туман халқ таълими бўлимидан олинган малумотларга кўра, 2015-2016 ўқув йилида яна учта ўзбек мактаби аралаш тилда ўқитиладиган мактабга айлантирилади. Туман халқ таълими бўлими бу иш ота-оналарнинг талаблари асосида амалга оширилаётганини билдирган.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Абдуназар Маматисломов умумреспублика тестидан ўзбек тилининг олиб ташланиши оқибатида ўзбек мактаби битирувчиларнинг олий таълим олиш ҳуқуқи бузилаётгани ҳақида бонг урмоқда. Негаки, мактаб битирувчилари топширадиган умумреспублика тести олийгоҳлар учун кириш имтиҳони сифатида хизмат қилади.

Қирғизистон Ўзбек миллий маданий маркази президенти Бахтиёр Фаттохов ҳам умумреспублика тестини ўзбек тилида топшириш тақиқлангани ортидан ўзбек ёшлари олийгоҳларга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлганини ва бу масалада ҳукумат шошма-шошарликка йўл қўйганини таъкидлаб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG