Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:37

“Ислоҳот” баҳонасида “Ўзбекфильм”нинг 15 гектар ери хомталаш қилинмоқчи


Босмачилар ҳақида кино олиб танилган "Ўзбекфильм" логоси
Босмачилар ҳақида кино олиб танилган "Ўзбекфильм" логоси

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси тарафидан “Ўзбеккино” раҳбариятига юборилган миллий кинематография соҳасини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси асосида “Ўзбеккино” миллий агентлигининг ташкилий тузилмаси, вазифа ва функциялари ҳамда Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланди.

Бу ўзгаришлар асносида янги киноконцерн ташкил этиш ҳам назарда тутилган.

“Ўзбеккино” расмийларининг иддаосига кўра¸ бу ўзгартишлар “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва унинг тизимидаги корхона-ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш ҳамда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш”ни кўзда тутади.

Бу ўзгаришлар Ўзбекистон кино идораларидаги икки йилдан зиëд давом этган мисли кўрилмаган тафтиш ортидан амалга ошмоқда.

Ислоҳотларнинг Ўзбекистондаги киноиндустрияси тафтиш қилинганда юзага чиққан ўта аянчли аҳвол¸ хусусан¸ коррупцияни бартараф қилишни мақсад қилгани иддао қилинмоқда.

Ислоҳот ортига яширинган муддао

Озодликка микрофонсиз гапирган собиқ юқори лавозимли мулозимнинг айтишича¸ бу “ислоҳот” иддаоси ортида “Ўзбекфильм”нинг шаҳар марказидаги 15¸5 гектар ҳудудини хомталаш қилиш ва халқ орасида ҳамон "Панорама" деб аталадиган Алишер Навоий номли санъат саройини хусусий қўлга арзон-гаров ўтказиш режаси ëтибди:

- Қуда тарафнинг (МХХ назарда тутилган) ўйини давом этаяпти. Машҳур "Панорама"нинг низомини ўзгартириб, сотувга тайёрлаяпти. Аслида кинода СНБ ўмарадиган катта пул йўқ. Битта фильмга нари борса 150-200 минг долларга тенг пул беради. Қозоқларда энг арзон проектга бир яримдан икки миллион долларга қадар сарфланади. Таққослаб, шунга яраша хулоса чиқараверасиз. Ўйлашимча, энди "Ўзбекфильм"га камроқ фильм заказ қилинади. Шахсий студияларга пул ўтказиб, "откат" олиш осонроқ. Ҳозирги И.О. директор Анвар Аманович (Ҳидоятов) қуда тараф истаган барча ҳужжатга қўл қўйиб ëтибди. Натижа шу бўладики, катта киностудия синади ва у жойлашган (шаҳар маркази, анҳор бўйи) 15¸5 гектар ер хомталаш қилинади¸ дея иддао қилди кино соҳасини яқиндан билган собиқ мулозим.

Суҳбатдошга кўра¸ “ердан воз кечиш” таклифи “Ўзбекфильм” очиқ акционерлик жамиятининг собиқ директори Файзираҳмон Усмонов тарафидан ўтган йили рад қилинган:

- Ана шундан кейин "Ўзбекфильм" жойлашган ерга эгалик қилмоқчи бўлган қуда тараф Усмоновга қараб ҳужумга ўтди. Усмоновга (Ўзбекфильмнинг собиқ раҳбари) га қарши жиноят иши фабрикация қилинди ва камомадда айбланиб ишдан олинди. Ваҳима қиладиган ҳеч гап йўқ. Қосимов ("Ўзбеккино"нинг собиқ раҳбари) ҳам, Усмонов ҳам ўғри ёки каззоб эмас. Фабрикация қилинган гаплар. Мутлақо асоссиз. Худди шу схема бўйича Алишер Навоий номидаги санъат саройининг ҳозирда собиқ директори Обид Маҳкамович Холиқов “ давлат маблағини ўзлаштирди " деб ишдан четлатилди. Холиқов “Панорамани” хусусий қўлга арзон-гаров сотиш режасига қаршилик қилган эди¸ дея иддао қилди суҳбатдош.

Бу иддаоларни текшириш асносида Озодлик ҳуқуқ-тартибот органларидаги ўз манбалари билан ëзишмалар олиб борди.

Аниқланишича¸ шу йилнинг 16 июнь куни “Ўзбекфильм” ҳиссадорларининг йиғилиши белгиланган ва йиғилиш кун тартибига ташкилот низомини ўзгартириш масаласи қўйилган. Жорий Низомдан яхши хабардор Озодлик манбаси¸ унга кўра “Ўзбекфильм”га оид ер-мулкларни сотиш анчайин мушкул эканини таъкидлади.

Айни ташкилот ичидаги Озодлик манбаларининг айтишича¸ агар жорий низомга ўзгартиш киритилса¸ яқин истиқболда “Ўзбекфильм” шаҳар марказида эгаллаб келган еридан кўчиши мумкин:

-16 июнга режаланган йиғилишда уставга киртитиладиган ўзгариш айнан шу мақсад учун қилинмоқда¸ дейди Озодлик манбаси.

Озодлик суҳбатлашган яна бир манба эса “Ўзбекфильм” жойлашган ҳудуд мамалакат бош вазири Шавкат Мирзиëевга яқин тижорий гуруҳ қўлига ўтиши ва бу ҳудудда элита мақомидаги турар-жой комплекси қурилиши режаланганини айтди. Бу манба шунингдек Алишер Навоий номидаги санъат саройининг (халқ орасида Панорама деб аталади) ҳам айни Бош вазирга алоқадор гуруҳ қўлига ўтиб қайта савдога қўйилиш эҳтимолидан огоҳлантирди.

Озодликнинг бошқа бир манбасига кўра¸ “Ўзбекфильм”нинг дарë бўйидаги сўлим ҳудудида Шавкат Мирзиëевга яқин тижорий гуруҳ сифатида билинган “HE Development Korea” (ҳозирги номи SOMANG DEVELOPMENT KOREA ) МЧЖ тижорат компанияси кўнгилхушлик мажмуасини қуришни режаланган.

Айни пайтда бу иддаоларнинг расмий тасдиғи Озодликда ҳозирча мавжуд эмас.

“Ўзбекфильм” ҳақида

“Ўзбекфильм” киностудияси 1925 йилда ташкил қилинган. 1958 йилга келиб бу студия Марказий Осиëдаги энг мукаммал жиҳозланган ширкат мақомини касб қилди. 1965 йилда мультипликация цехи ташкил қилинди. Студия ҳудудида иккита съемка павильони ва лабараториялар мавжуд. Чилонзор туманидаги 15¸5 га ҳудудга ястанган бу киностудия совет даврида "Меҳнат қизил байроқ" ордени билан мукофотланган.

Бу студия мустақиллик даврида очиқ ҳиссадорлик жамиятига айлантирилди.

“Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси берган лицензияга мувофиқ бадиий, ҳужжатли, мультипликацион фильмларни ишлаб чиқариш, уларни турли тилларга дубляж қилиш ва субтитрлаштириш фаолияти билан шуғулланади.

Ширкат низом фондининг 93,48 фоизини давлат улуши ташкил этади, қолгани эса юридик ва жисмоний шахсларнинг улуши ҳисобланади.

“Ўзбекфильм” очиқ ҳиссадорлик жамияти фильмлар ишлаб чиқариш жараёнида асосан давлат буюртмасига таянади ва жамиятнинг фильм ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши 91 фоиздан ошиқроқни ташкил этади.

XS
SM
MD
LG