Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:38

"Қирғизистон милиционери икки сўхликни калтаклаб¸ пулини тортиб олди"


Ўзбекистоннинг Қирғизистон ерлари билан ўралган Сўх эксклавида яшовчи Озодлик манбаси шу ҳафта бошида икки ҳамюрти ўзини Қирғизистон милицияси ходими, деб таништирган шахс томонидан калтаклангани ва талангани тўғрисида хабар қилди.

Воқеа содир бўлган Боткен вилояти, Қадамжой тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ходими масалани ўрганиб чиқишга Озодликка ваъда берди.

Қадамжойда нима бўлди?

Озодликнинг Сўхдаги манбасидан келган аудиохатда мана бундай дейилган:

“8 июнь, кеч соат 8 ларда Сўх тумани, Ровон қишлоғида яшовчи Ўзбекистон фуқароси Умаралиев Шоҳжаҳон ва Сўх тумани, Мулгон қишлоғида яшовчи Ўзбекистон фуқароси Гадоев Умиджонлар ўз бошқарувларида бўлган Damas автомашинасида Фарғона – Сўх йўналишида Сўх туманига келаётган вақтда Қирғизистон республикаси Боткен вилояти Қадамжой тумани ҳудудидаги “Қирғизмунай” АЁҚШи ёнида Қирғизистон фуқаролари томонидан тўхтатилган.

Ўзбекистон фуқаролари машинасини тўхтатган икки маҳаллий – Қирғизистон фуқароларидан бири ўзининг ички ишлар бўлимининг 10-бўлимида ишлашини, исми Нурбек эканлигини айтган.

Нурбек ва унинг шериги ўзбекистонликларни тўхтатишдан олдин ўзлари миниб келган давлат рақами S9492, кул ранг “Мерседес-Бенц” автомобилидан маст ҳолда тушган.

Нурбек ва унинг шериги Умаралиев Шоҳжаҳон ва Гадоев Умиджонларни ҳеч қандай асоссиз калтаклаб, қўрқитиш йўли билан уларнинг 200 минг сўмини тортиб олган. Шундан сўнг Нурбек Ўзбекистон фуқароларига тегишли бўлган автомобиль рақамини ечиб олиб, 400 доллар олиб келиб беришса, номерни қайтариб беражагини айтган ва воқеа жойидан кетиб қолган”.

Ота-она нима деди?

Озодлик мухбири калтакланган ва таланганлардан бири – Умиджон Гадоевнинг отаси, 1949 йилда туғилган Хўжаамир ака ҳамда онаси Муҳтарам опа билан боғланди. Улар Озодлик манбаси келтирган фактларни тасдиқлади.

Хўжаамир аканинг айтишича, Қирғизистон ҳудудида калтакланган ўғли уйга 9 июнь, эрталаб кириб келган ва бўлиб ўтган воқеани айтиб берган.

Ота-онанинг айтишича, уларнинг ўғли Умиджон ва яна бир калтакланган Умаралиев Шоҳжаҳон воқеа юзасидан Сўх милициясига ариза ёзган. Ота-она билан Озодлик боғланган 11 июнь куни калтакланганлар Сўхда эмас эди – тиббий экспертизадан ўтиш учун Фарғонага кетгани маълум бўлди.

Қирғизистонликлар нима деди?

Боткен вилояти, Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг ўзини Дамира, деб таништирган ходими Озодлик мухбиридан воқеа тафсилотларини эшитгач, Қадамжойда Нурбек исмли ходим борлигини тан олди ва у билан боғланиб, нима бўлганини суриштиришга, оладиган информациясини етказишга ваъда берди.

Қадамжой тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Мурат Тўғузақов 8 июнь куни бўлган воқеадан хабарсизлигини билдираркан, Озодлик мухбиридан эшитгани гапларни суриштиришга ваъда берди. Тўғузақовнинг айтишича, “Нурбек исмли ходим бор, лекин у бошқа туманда ишлайди”.

Боткен вилояти, Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ходими Дамира кейинги бор боғланганимизда “Нурбек билан боғланишнинг имкони бўлмагани, уни билганлар оиласида қандайдир тадбир бўлаётгани учун бугун ишга чиқмагани”, тўғрисида айтди.

Ички ишлар бўлими бошлиғи Мурат Тўғузақов жабрланганлар ариза билан мурожаат қилишлари кераклигини уқтирди.

Бироқ Қирғизистон Омбудсманининг Боткен вилоятидаги вакили Ҳайитали Айқинов Озодлик билан суҳбатда “ариза билан мурожаат қилиш” айтишгагина осонлигини, амалда эса бу имконсизлигини таъкидлар экан, бундай деди:

“Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари анча-мунча ушлаб, қийноққа солгани тўғрисида фуқаролар ҳеч кимга мурожаат қила олишмайди. Шунинг учун сиз айтаётганга ўхшаш воқеалар бўлиб турганига ишониш мумкин. Лекин сиз айтаётган факт бўйича менга ҳеч ким мурожаат қилгани йўқ”.

Қадамжойдаги талончилик нега юз берди?

2013 йилнинг 5 январида бошланиб 7 январида якунланган Сўх жанжалидан бери мазкур эксклав аҳолиси, ўзларининг таъбирича,“ярим қамал” шариоитида яшаб келади. Сўхни Ўзбекистон билан боғловчи яқин йўлдаги чегара бекати ёпиб қўйилган, натижада эксклав аҳолиси Фарғонага Қирғизистоннинг Қадамжойи орқали қатнашга мажбур.

Инсоф юзасидан шуни ҳам айтиш керакки, Сўх жанжалидан сўнг Қирғизистоннинг Ўзбекистон ерлари билан ўралган Барак эксклави аҳолиси ҳам сўхликлар каби қийналиб келмоқда.

Сўх ва Барак муаммосини Озодлик мунтазам кузатиб келмоқда. Масалан, жорий йил апрелида сўхлик Парвоз Ҳакимовнинг каттагина мактуби сайтимизда эълон қилинган эди.

Сўхда нима бўлган эди?

2013 йил 5 январь куни Қирғизистон чегарачилари икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб тургани айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрната бошлаганига Сўх эксклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди. 6 январь куни бу норозилик қирғиз чегарачиларини ўқ узишга мажбур қилган ва ҳар икки томондан одамлар гаровга олинган катта жанжалга айланди. Фақат 7 январга келибгина жанжални тўхтатишга муваффақ бўлинди.

Воқеа пайтида ўзбекистонликлар томонидан қирғизистонлик 30 фуқаро гаровга олингани айтилган. Қирғизистон томонида эса ўзбекистонлик 6 аёл гаровга олинган. Ўзбекистонликлар гаровдагиларни қўйиб юборгач, қирғиз томони ҳам 6 аёлни бўшатган.

Қирғизистон чегара хизматининг билдиришича, 7 январда бўлиб ўтган расмийлар учрашувида Фарғона вилояти ҳокими чегарадаги жанжал пайтида қирғиз чегарачилари отган ўқдан уч нафар одам яралангани ҳақида маълумот берган.

Ўзбекистон Сўх воқеасида моддий зиён кўрган қирғизистонликларга 56 минг доллар товон пули тўлаган.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткендаги ваколатхонаси 2013 йил 17 январда тарқатган хабарда айтилишича, товон пули сўхликлар томонидан пачоқланган қирғизистонликларга тегишли 12 та автомашина учун тўланган. Товон пули ҳар бир машина эгасига топширилган. Шундан сўнг ўзбек ва қирғиз расмийлари товон пули тўлангани тўғрисидаги протоколни имзолаган.

Ўзбекистоннинг Сўх эксклавида тақрибан 60 минг киши яшайди.

Damasнинг номери қаерда қолди?

Озодликнинг Сўхдаги манбаси 8 июнь куни Қадамжойда Нурбек томонидан ечиб олинган ва 400 доллар эвазига қайтарилажаги айтилган номер (давлат рақами) 10 июнь куни Сўхга "ўз оёғи билан" етиб келганини хабар қилди. Унинг айтишича, Қирғизистон Давлат автомобиль назорати ходими номерни бир сўхлик орқали бериб юборган.

XS
SM
MD
LG