Линклар

Россия куни арафасида Москва ўзбеклардан тозаланмоқда


Москвада Сахарово марказида муҳожирлар патент олишга навбатда турибди.

Москвада Сахарово марказида муҳожирлар патент олишга навбатда турибди.

12 июнь - Россия куни байрами арафасида мамлакат пойтахтини муҳожирлардан “тозалаш” амалиётлари бошланди. Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ ўзбекистонликлар ҳужжатлари жойида бўлишига қарамасдан полиция бўлимида ушлаб турилгани ва депортация қилишга ҳужжат тайёрланаётганини билдирди.

“Документларимиз бўлиб ҳам кўчада юра олмаяпмиз!”

11 июнь куни Озодликка боғланган ўзбекистонлик Моҳира хонадош дугоналари метро бекатларидан бирида полиция ходимлари томонидан тўхтатилиб, ҳужжатлари жойида бўлишига қарамасдан, олиб кетилганини сўзлаб берди:

- Эрталаб квартирамиздан шерикларимиз ишга чиқиб кетишган эди. Бекатда кўпчилик ўзбекларни ушлаб, ҳаммасини документи борлигига қарамай, депорт қилиб юборибди. Нимага шундай қилaяпти? Ҳозир Планернийга борaяпман – мени ҳам документим бор, билмадим нима бўлади. Улар айтaяпти полиция бўлимида фақат ўзбеклар, Ўзбекистон фуқаролари, деди Моҳира.

Айни пайтда, Планерная кўчасидаги полиция бўлимида ушлаб турилган самарқандлик Марҳабо ўзининг нимада айбланаётгани ҳақида бирор тушунтириш берилмаганини айтиб, бўлимга негадир фақат яшил паспортли Ўзбекистон фуқаролари ушлаб олиб келинмоқда, дейди Озодлик билан суҳбатда:

- Бизларнинг документларимиз бўлса ҳам полицияга олиб келиб ўтирибди. Менда патентим бўлса ҳам депорт қилар эмиш. Ҳамма нарсамиз нормальний, лекин нимага тўхтатиб ўтирибди, билмаймиз. Бари ўзбекларни тўплаб ўтиришибди! Билмайман неча кишилигини, тахминан 50 тача одам бор. Сабабини билмаймиз: ҳаммадан бармоқ изларини олиб ўтирибди, деди Россияга ишлагани келган 27 ёшли Марҳабо.

Марҳабо Россияда қонуний ишлашга рухсат берувчи ҳужжатларни олишга охирги пулларини сарфлаганини қўшиб ўтади:

- Документ қил, деди. Документ қилсанг ,как положено кўчада юра биласан, деди. Документини қилиб ҳам кўчасида юра олмаяпмизку! Регистрациям бор, патентимни иккинчи тўловини тўлайман, ундан кейин яна олти ойга регистрацияни чўздиртирмоқчиман. Лекин нимага бизларни бундай қилaяпти, ҳайронман. Патентимни ўзим қилдирганман, биров ўртага тушмаган, ўзим имтиҳондан ўтганман. Оилавий шароитим жудаям қийин, депорт қилса мен кетавераман. Шунчаки, эрим ўлган, иккита болам бор, аям-дадам қўлида яшайман, аҳволим қийин... Буларга ҳеч кимга бир сўм пул узатганим йўқ, Москвага ишга кириб олай, деб ҳамма документларини қилдим. Энди бўлса булар бунақа ўйин қилиб ўтирибди. Мени депорт қилса, қўлимда ҳатто пулим ҳам йўқ кетишга! Топган пулимни фақат документга кетяпти-да, деб кўзига ёш олди Марҳабо.

Суҳбатдошга кўра¸ полицияда ушлаб турилган ўзбек муҳожирлари сувсиз-овқатсиз тиқилинч хонада сақланмоқда.

Озодлик мухбирининг вазиятни аниқлаштириш мақсадида Шимолий Тушино бўйича Ички ишлар бўлимига қилган мурожаати жавобсиз қолди: полиция бўлими навбатчиси телефон орқали маълумот бермаслиги ва “зарурий маълумотларни олишга шахсан мурожаат қилиш керак”лигини маълум қилди.

Мутахассис охиригача курашишни тавсия қилади

Москвадаги мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Тонг Жаҳони” нодавлат нотижорат ташкилоти директори Валентина Чупик полиция ва ФМС мигрантларни мамлакатдан чиқариб юборишнинг янгидан-янги усулларини “кашф” қилаëтганини айтади.

Ҳуқуқ фаоли Шимолий Тушинодаги полиция бўлимига олиб келинаётган муҳожирларнинг ўзлари билмаган ҳолда, ҳужжатлари жойида бўлишига қарамасдан, “қонунбузар”га айланиб қолиши ҳеч гап эмас, дея таъкидлайди:

- Биламан, одамларимиз жуда қонунларга итоаткор, охиргисини бўлса ҳам ҳужжатларга сарфлашга тайёр. Уларга эса мана бундай усуллар билан жавоб қайтарилаяпти. На илож – маҳаллий қонунлар шунақа... Уларга нисбатан бу ҳолатда “90/180 кун” қонуни қўлланилди, деб қўрқаяпман. Гап шундаки, агарда сиз Россияга бир кунда чиқиб-кирган бўлсангиз, унда сиз қонунда талаб қилинаётган 90 кундан кейин кириш мумкинлиги тўғрисидаги қоидани бузган бўласиз! Бундай вазиятда сизни ҳақиқатан депортация қилиш мумкин - ҳеч ким қаршилик кўрсата олмайди. Улар ҳақиқатан қонун бузмаган бўлса – судлашиш керак! Полиция ва ФМСчиларнинг навбатдаги “илмоққа илиш” усули “18.8.1 моддаси” билан боғлиқ. Унга биноан хориж фуқароси бир жойда қайдда туриши, бошқа жойда эса яшашига йўл қўйилмайди. Одатда бу усул квартираларда, ётоқхоналарда рейдлар давомида қўлга олинган меҳнат муҳожирларига қўлланилади. Энг асосийси, метро, бекат, бозор ва кўча-куйда ушланган мигрантларга 18.8.1 моддасини қўллаб бўлмайди, деди Валентина Чупик.

Ҳуқуқ фаоли сўзларича, ҳар қандай вазиятда муҳожирлар ўз ҳуқуқлари учун охиригача курашишлари керак. Валентина Чупик Россияда юзага келган миграция шароитлари ва тартиб-қоидалари ҳар қайси муҳожирни у ёки бу баҳоналар билан қонунбузарга айлантириши мумкин, аммо бу курашишнинг фойдаси йўқ дегани эмас, дейди.

У нопок полиция ва Миграция идораси ходимлари марказий осиёлик муҳожирларнинг соддадиллигию итоаткорлигидан фойдаланиб, шахсий “статистикасини” яхшилаб олаётгани ва ўз раҳбарияти томонидан “нолегал миграцияга қарши кураш учун муносиб тақдирланаётгани”ни гапиради:

- Агарда сизни ФМС вакили бўлмаган ходим тўхтатган бўлса, кўп ҳолларда бу ФМС эмас, полиция, у шахсдан хизмат гувоҳномасини талаб қилинг. Ундан ФМС ходими эмаслигини аниқлаб, бу шахсга ҳужжатларингизни кўрсатманг ва Федерал миграция идорасига олиб боришни талаб қилинг: у ерда мураккаброқ, аммо тартиб кучлироқ ва сиз ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қила олишингиз мумкин, дея маслаҳат берди ҳуқуқшунос.

Валентина Чупик билан суҳбатдан аниқланишича, ҳужжат сўраётган полиция ходимида, албатта, исми-шарифи-лавозими ёзилган бейдж ёки рақамлари аниқ кўрсатилган жетони бўлиши шарт. Полициячи ҳужжатлари текширилаётган шахсга видео ёки аудиотасвирга туширишга қаршилик кўрсатмаслиги, унга телефон қилишга рухсат бериши, ҳуқуқбузарлик жойида маъмурий протокол тузиши шарт.

“Полиция тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, қонунбузарликларга йўл қўйган полиция ходими устидан шикоят ва арзлар прокуратурада ёки ИИВ расмий сайтида кўрсатилган махсус телефонлар орқали қабул қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG