Линклар

logo-print

Жиззах вилояти Бахмал туманида тўққиз яшар қизчани зўрлаб ўлдирганликда гумонланиб, жабрланувчининг қўшниси ҳибсга олинди. Озодлик манбаларига кўра, 28 яшар йигит дастлабки тергов жараёнида берган кўрсатмаларида, бундан бир неча йил аввал қизчанинг отаси томонидан Россияга алдаб олиб борилгани ва қул қилиб сотиб юборилгани учун ўч олиш мақсадида бу қотилликни содир этганини иддао қилган.

Бахмал тумани марказида жойлашган 1-умумтаълим мактаби 2-синф ўқувчисини ўлдирганликда гумонланиб, жабрланувчининг қўшниси, 28 яшар фуқаро ҳибсга олинди (қизчанинг ва қотилликда гумонланувчининг исм-шарифи Озодликка маълум, лекин тергов сири сабабли уни очиқламайди – таҳририят).

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбасига кўра, қотилликда гумонланган шахс айбига иқрор бўлган:

“Ҳозирча бу йигит қизчани зўрлаб кейин бўғиб ўлдирганлигини тан олиб турибди. Айни пайтда тергов давом этяпти. Бу йигит бўйнига олгани билан ҳали уни юз фоиз қотил деб айтишга асосимиз йўқ. Йигитнинг қони ва спермасидан намуна Тошкентга экспертизага жўнатилди. Агар ўшанинг жавоби келиб тасдиқланса, унда биз қотил мана шу деб айта оламиз”, деди манба.

Манбага кўра, қотилликда гумонланган йигит бир неча йил олдин қизчанинг отаси уни Россияга алдаб олиб бориб, қул қилиб сотиб юборгани учун қасос олганини иддао қилган:

“Ҳозир шу версия ҳақиқатга яқинроқ бўлиб турибди. Сув юзига бошқа нарсалар ҳам сузиб чиқмоқда. Марҳум қизчанинг отаси одам савдосида ҳам айбланиши мумкин. Қотилликда айбланган йигитдан бошқа бир неча киши ҳам терговга тортилган”, деди манба.

Бахмал тумани маркази Ўсмат шаҳарчасидаги маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, қизчанинг отасига қасдлашганлар бир неча киши ҳам бўлиши мумкин:

“Қизчанинг отаси Россияда ишларди. Лекин топиши зўр бўлган. Данғиллама уйлар, қимматбаҳо мебеллар, қўша-қўша мошиналари бор бу одамнинг. Бу ишни Россияда ундан жабр кўрган ҳамюртлари келишиб, қилган деган гаплар ҳам юрибди одамларнинг оғзида", деди маҳалла фаоли.

Бахмал тумани марказида жойлашган 1-умумтаълим мактаби 2-синф ўқувчисининг жасади 20 май куни Ўсмат шаҳарчаси ўртасидаги жарликдан топилган эди.

Экспертиза хулосасига кўра, қизча аввал зўрланиб, бўғиб ўлдирилганидан сўнг елим қопга солиниб, жарликка ташлаб кетилган.

Ўзбекистонда ўтган йил давомида ёш болаларнинг номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилаётгани ҳақида бир қанча миш-мишлар тарқалган эди. Озодлик суриштируви натижасида бу хабарларнинг фақат иккитаси тасдиқланган эди.

Жумладан, жорий йилнинг 30 апрель куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманининг Каримдевона қишлоғида истиқомат қилувчи ёлғиз онанинг икки яшар қизчаси 30 апрель куни кечаси ўғирланиб, ўлдириб кетилган эди.

Озодликнинг Ўзбекистон тумани прокуратурасидаги манбасига кўра, икки яшар қизчани ўлдирганликда гумонланиб, унинг отаси қўлга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG