Линклар

logo-print

“Ўзагромашсервис”расмийсининг матбуотга билдиришича¸ айни кунларда жанубий кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда ўтказилаëтган эксперимент доирасида 25 та трактор сиқилган газ билан ишлашга ўтган. Агар бу синов муваффақиятли тугаса¸ мамлакат бўйлаб тракторларни соляркадан газга ўтказиш жараëни бошланади ва бу тракторларга газ етказиб берувчи кўчма газ заправкалари тизими йўлга қўйилади.

“Тошкент вилоятида айни кунларда бошқа МДҲ давлатларида кўрилмаган ноëб ускуна синовдан ўтказилмоқда. Жанубий Кореянинг KNM-Tech ширкати Ўзбекистондаги энг биринчи машинасозлик муассасаси бўлган Далварзин таъмирлаш заводи билан биргаликда биринчи мобил газ заправкаси яратди. Технологик ускуна Кореядан олиб келиниб¸ Ўзбекистонда йиғилди ва “Камаз” шассисига ўрнатилди”¸ деди ярим расмий ўзбек нашрларига гапирган “Ўзагромашсервис” расмийси.

Далварзин таъмирлаш заводининг Озодлик суҳбатлашган мутахассиси Тошкент¸ Жиззах ва Сирдаë вилоятларида газ билан ишловчи тракторларни синовдан ўтказиш жараëн бораëтгани ва бу ўзгартиш мамлакат қишлоқ хўжалигига сарфланаëтган ëнилғини тежаш ҳисобидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари таннархини арзонлаштиришга хизмат қилажагини таъкидлади:

- Биласиз¸ трактор соляркада ишлайди. Эксперимент давомида тракторни соляркада юрмайдиган қилиб¸ кольцо чизганмиз. Бир литр солярканинг ишини бир куб газ бажаради. Биржада бир литр солярка 4000-4500 сўм бўлса¸ бир куб газ 1200 сўм. Тежамкорлик қарийб 4 баравар. Соляркадан газга икки хил усулда алмаштирамиз. Оддий усулда¸ шунингдек Кореядан олиб келинган 4-авлод ускунамиз бор¸ инжекторний қўйилади. Солярка баки олиб ташланиб¸ тракторнинг тузилишига қараб ë томи¸ ëки ëнига газ баллон ўрнатамиз¸ дейди Далварзин таъмирлаш заводи муҳандиси.

Мутахассис таъкидича¸ газ билан ишловчи тракторлар самарадорлигини ошириш мақсадида Кореядан биринчи кўчма газ заправкалари олиб келинган ва ҳозирда тажрибадан ўтказилмоқда:

- Трактор секин юради. Дала шароитида газ заправкалари орасидаги масофа 20-25 км бўлиши¸ заправкага бориб-келиш учун трактор камида 2 соат вақт йўқотиши мумкин. Ана шу муаммони ҳал қилиш учун биз Кореядан кўчма мобил заправкаси олиб келдик. Битта заправка яқин ҳудудда ишлаëтган беш-ўнта тракторга бемалол газ етказиб бериши мумкин¸ дейди Озодлик суҳбатлашган мутахассис.

Жиззахлик фермер Алижон ака¸ ўзига яқин ҳудудда газ билан ишлаëтган тракторларни синовдан ўтказиш жараëни муваффақиятсиз тугаганини айтади:

- 16-совхоз ерида синаб кўришди¸ бўлмади. Сабаби¸ Жиззах жуда иссиқ¸ кундузлари 50 даражага чиқади. Томга¸ очиқ қуëшга қўйилган газ баллон портлаб кетади. Бунинг устига¸ трактор босим билан ишлайди¸ 20 см ерга кириши¸ ер ҳайдайдиган трактор бўлса¸ устига 250 кг дори олиши керак. Бунақа иссиқ ва босимга тўғри келмайди газ баллон¸ дейди жиззахлик фермер.

Ҳозирда иши кўп¸ пули йўқ фермер хўжаликларининг газда ишловчи тракторларга қизиқиш кўрсатмаслигини таъкидлаган бу суҳбатдош¸ қишлоқ хўжалигида бундай янгиликка тўланадиган пул йўқлигини айтади:

- Яна бошқа томони¸ газ баллонни дуч келган эски тракторга ўрнатмас экан¸ синовдан ўтган¸ янгиларига қўяди. Янги тракторга фермерда пул қани? Кейин баллоннинг иссиқ ва совуқда портлаб кетмаслиги учун унинг устига кигизсимон материалдан ғилоф қилиш керак. Синовдан ўтганидан кейин битта тракторга камида 2 миллион сўм сарфлаш керак. Бизда бунга пул йўқ¸ дер экан жиззахлик фермер бундай тажрибанинг иқлим нисбатан салқин бўлган Фарғона водийсида самаралироқ бўлиш фаразини қўшиб қўяди.

Мен бир фермер сифатида газ билан ишловчи таркрога ўтишни хоҳламайман¸ дер экан бу суҳбатдош¸ асосий хавотири хавфсизлик билан боғлиқ эканини таъкидлайди.

Тракторларни соляркадан газ билан ишлашга ўтказиш хизматини таклиф қилаëтган Далвирзин таъмирлаш заводи муҳандиси¸ хавфсизлик билан боғлиқ бу каби хавотирларнинг асоссиз эканини айтади:

- Ҳозирда Ўзбекистондаги машиналарнинг 70 фоизи газда юради. Баллон¸ автобусларнинг томига ўрнатилган¸ яъни очиқ қуëшда юради. Хавфсизлик масаласидаги хавотирлар ўринсиз. Бунинг ҳужжатлари ҳаммаси норматив бўйича қилинган¸ тасдиқланган¸ техпаспортларигаям машиналарга ўхшаб газ заправкаларидан фойдаланишига рухсат олинган. Ҳаммаси ўрганилиб¸ хавфсизлик чоралари эътиборга олинган¸ дейди муҳандис.

Фарғоналик фермер Олимжон ака¸ умумиятла ўзбек зеҳнияти¸ айниқса¸ қишлоқлардаги деҳқон-фермер зеҳниятида консерватив қараш кучли экани¸ ҳар қандай янгиликка ишончсизлик билан қараш одат эканини айта туриб¸ газ билан ишловчи тракторлар хавфсизлиги кафолатланса¸ жон деб уларга ўтишини таъкидлайди:

- Ишлатардим¸ нимага ишлатмайман? Солярка бўлмаса¸ бориям жуда қиммат бўлса¸ газ сероб ва арзон. Газга ўтишнинг фойдаси катта бўлади. Бунга оддий фермер жавоб бермайди¸ улар фақат ишлатишни билади. Завод¸ конструктор ва олимлар синовдан ўтказиб¸ ишлатса бўлади¸ деган хулосага келгандан кейин жавобгарлик уларнинг зиммасига ўтади. Бирор кор-ҳол бўлса¸ жавобгарликни бўйнига олиб¸ шартнома асосида¸ техпаспорт билан берса¸ нимага ишлатмайман?дейди водийлик фермер.

Озодлик суҳбатлашган мутахассисларга кўра¸ қишлоқ хўжалигига газ билан ишловчи тракторларни жорий қилиш режаси совет даврида ҳам синовдан ўтган. Аммо газ заправкаларига бориб-келиш туфайли иш унумдорлигининг йўқолиши¸ қолаверса¸ двигатель кучининг заифлиги боис¸ бу синов муваффақиятсиз деб топилган.

- Агар ўзбекистонлик мутахассислар Корея технологиясидан фойдаланиб¸ бу иккала муаммони ҳал қилган бўлса¸ буни фақат олқишлаш керак. Қишлоқ хўжалиги ҳали ҳам алмисоқдан қолган усулда юритилаëтган Ўзбекистон шароитида¸ экологик жиҳатдан тоза¸ иқтисодий жиҳатдан тежамкор бу ўзгариш¸ шубҳасиз¸ прогресс бўлади. Газ билан тўхтаб қолмай¸ ëнилғининг бошқа турлари¸ хусусан¸ водороддан фойдаланишни ҳам синаб кўриш керак¸ дейди Озодлик суҳбатлашган ëнилғи соҳаси муҳандисларидан бири Умархон Усмонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG