Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:05

АҚШда ИШИДга моддий кўмак беришда гумонланаётган яна бир ўзбек қўлга олинди


АҚШнинг Нью Йорк шаҳрида “Исломий давлат” жиҳодий гуруҳига молиявий кўмак кўрсатишга ҳаракат қилганликда гумонланаётган Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси ҳибсга олинди. Нью Йоркнинг Бруклин мавзесида ҳибсга олинган шахс 29 ёшли Акмал Зокиров экани айтилмоқда. Грин-карта асосида тўрт йилдан буён АҚШда яшаб келаётган бу шахс хориждаги террор гуруҳига моддий кўмак кўрсатиш мақсадида тил бириктирганликда айбланмоқда.

Акмал Зокиров АҚШнинг Нью Йорк Шаҳрида айни айбловлар билан сўнгги тўрт ой ичида қўлга олинган тўртинчи ўзбекистонликдир.

Февраль ойида Дилҳаёт Қосимов, Абдурасул Жўрабоев, Аброр Ҳабибовлар ҳибсга олинган эди.
Февраль ойида Дилҳаёт Қосимов, Абдурасул Жўрабоев, Аброр Ҳабибовлар ҳибсга олинган эди.

Шу йилнинг февраль ойида “Исломий давлат” жиҳодий гуруҳига кўмак беришга уринишда гумонланиб, ўзбекистонлик Дилҳаёт Қосимов, Абдурасул Жўрабоев, Аброр Ҳабибов ва қозоғистонлик Аҳрор Саидаҳметовлар қўлга олинган эди.

АҚШ прокурорларига кўра, 19 яшар Саидаҳметов ва 24 яшар Жўрабоев Туркия орқали Сурияга ўтиб, “Исломий давлат” жиҳодий гуруҳига қўшилишни режалаганлар.

Акмал Зокиров шериги Аброр Ҳабибов билан уларнинг йўл ҳаражатларини қоплаш учун пул тўплаганлар.

Америка прокурорларига кўра, бир қанча одам Саидаҳметов ва Жўрабоевларнинг Туркияга учиб кетишига саккиз кун қолганда Акмал Зокиров банк ҳисобига 2400 АҚШ доллари миқдорида пул ўтказган.

Агар Акмал Зокиров айбли деб топилса 30 йилга қамалиши эхтимоли бор.

Бруклиндаги ҳибслар ҳақида АҚШдаги ўзбеклар нима дейди?

АҚШда яшовчи кўплаб ўзбекистонликлар ўз ораларидан экстремистик гуруҳларга мансубликда гумонланаётганлар чиқаётганидан ларзага келганликларини айтишади.

– Бундайлар Америкадаги ўзбек жамоасини иснодга қўймоқда, юзини ерга қаратмоқда, бундай ҳолатлар ўзбеклар ҳақидаги америкаликлар тасаввурига салбий кўрсатиши мумкин, - дейди Нью Йоркда яшовчи ўзбекистонлик Неъматжон.

Нью Жерси штатида яшовчи Гулчеҳра маърифатсизлик сабаб ёшлар радикал ғояларга учиб қолаётганликларини айтади.

– Бу ерга келиб қолган ўзбекистонликларни айримлари, қаранг айримлари деяпман, чунки бу ерда ўзбеклар жуда кўп, уларнинг орқасида бир-икки аққлсизлари ҳам чиқиб қолаяпти. Тафаккури тор бўлган бундайлар Интернетдаги ҳар хил ижтимоий тармоқлардаги радикал ғояларга осонликча берилиб кетяпти,- дейди Гулчеҳра.

АҚШнинг Коннектикут штатида яшовчи Баҳодир эса Америкада яшовчи ҳамюртларини грин-карта бераётган имкониятлардан кўпроқ фойдаланишни тавсия қилади.

– Қаранг-да, грин-карта билан келганларга бу ерда бепул инглиз тили ўқитилади, иш топишга ёрдам беради. Бу ерда эркинлик. Айни пайтда бу эркинлик одамдан масъулиятни ҳам талаб қилади. Айримлар ҳамюртларимиз бу ерга келиб босар-тусарини билмай қоляпти. Грин-кард берган имкониятлардан фойдаланиб, тинчгина яшаб юрмайсанми, бунақалар бизни ҳам уялтириб қўймоқда,- дейди Баҳодир.

АҚШдаги расмий статистика маълумотларига кўра, Қўшма Штатларда 60 мингдан ортиқ ўзбекистонлик бўлиб, уларнинг қарийб ярми Нью Йоркда яшайди.

Нью Йоркдаги “Ватандош” ўзбеклар жамияти раҳбари Фарҳод Султон Озодлик билан суҳбатда Америкада яшовчи ўзбекларнинг радикал ғояларга берилиб кетишини олдини олиш учун маърифий дастурларни амалга оширмоқ керак, дейди.

АҚШдаги расмий статистика маълумотларига кўра, Қўшма Штатларда 60 мингдан ортиқ ўзбекистонлик бўлиб, уларнинг қарийб ярми Нью Йоркда яшайди.
АҚШдаги расмий статистика маълумотларига кўра, Қўшма Штатларда 60 мингдан ортиқ ўзбекистонлик бўлиб, уларнинг қарийб ярми Нью Йоркда яшайди.

​– Ҳозир қилаётган ишларимиз шунга қаратилган. Бу ерда бир биримизга яқин бўлмаганимиз сабаб кўп муаммоларимиз бор. Ўзбекистонда маҳалла бор, отахонлар қараб туради. Бу ерда ўша нарса йўқ. Боллар уйида компьютерда нима қилаётганини ҳеч ким билмайди. Қайси масжидга боряпти, ҳеч кимни иши йўқ. Қанақа китоб ўқишини ҳеч ким таъқиб қилмайди. Яна ҳам жипслашсак шунақа холатлар бўлмайди,- дейди Фарҳод Султон.

АҚШ расмий статистикасига кўра, Ню Йоркнинг биргина Бруклин мавзесида 13 мингдан кўпроқ ўзбекистонлик бор. Уларни аксари грин-карта орқали АҚШга кириб келганлар.

АҚШда Исломий давлатга мойилликда айбланиб, қўлга олинган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Америкага айнан грин-карта орқали кириб келганликлари айтилади.

Исломий радикализмга мойиллик

Нью Йорк ва Флоридада ушланган тўрт ўзбекистонлик бевосита "Исломий давлат" билан алоқадорликда гумонланиб ушланган дастлабки ўзбеклар бўлса-да¸ улар радикал исломий гуруҳларни қўллашда айбланаëтган биринчи ўзбекистонликлар эмас.

2012 йил 13 июль куни АҚШнинг Бирмингем округидаги Федерал суд ҳакамлари президент Барак Обамани ўлдирмоқчи бўлганини тан олган 22 яшар ўзбекистонлик Улуғбек Қодировни 15 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Барак Обамани ўлдирмоқчи бўлганини тан олган 22 яшар ўзбекистонлик Улуғбек Қодиров.
Барак Обамани ўлдирмоқчи бўлганини тан олган 22 яшар ўзбекистонлик Улуғбек Қодиров.

АҚШда ноқонуний яшаб келган Улуғбек Қодиров 2011 йил 13 июлида Алабама штатининг Бирмингем шаҳри яқинидаги мотелда ўзини қуроллар сотувчи деб танитган махфий хизмат агентидан қурол сотиб олаётган пайтда ҳибсга олинганди.

2012 йилнинг 21 январь куни Чикагонинг О’Ҳара халқаро аэропортида 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси Жамшид Мухторов ҳибсга олинди.

АҚШдан сиёсий бошпана олган¸ Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах бўлимини бошқарган Мухторов Исломий жиҳод иттифоқига аъзоликда айбланиб¸ ҳибсда сақланмоқда.

2012 йилнинг мартида Филаделфия шаҳрида яна бир Ўзбекистон фуқароси Бахтиëр Жумаев террорчиликка алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди.

35 ёшли Ўзбекистон фуқароси Жамшид Мухторов Исломий жиҳод иттифоқига аъзоликда айбланмоқда
35 ёшли Ўзбекистон фуқароси Жамшид Мухторов Исломий жиҳод иттифоқига аъзоликда айбланмоқда

АҚШ Федерал тергов бюроси ходимлари Жумаевга қарши илгари сурилган айбловларга унинг Жамшид Мухторов билан яқин дўстлиги, хусусан унга 300 доллар пул юборганини террор ташкилотига моддий ëрдам кўрсатганлик далили сифатида асос қилиб келтирган.

АҚШ маҳкамаси ҳозирча бир-бирига алоқадор бўлган Жамшид Мухторов¸ Бахтиëр Жумаев ва Фазлиддин Қурбоновлар иши юзасидан ҳукм чиқаргани йўқ.

Айни пайтда Ўзбекистонда ҳам ИШИДга одам ёллашда гумон қилинаётган аёл қўлга олинган. Кун.уз нашрининг хабар қилишича, ўтган ой оҳирида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ҳибсга олинган Умида Қодирова исмли аёлноқонуний равишда диний мактаб очиб, у орқали 13-14 ёш қизларни ИШИД сафларига ёллаш билан шуғулланган.

Чирчиқлик Умида Қодирова ИШИДга одам ёллашда айбланмоқда (расм кун.уз сайтидан олинди)
Чирчиқлик Умида Қодирова ИШИДга одам ёллашда айбланмоқда (расм кун.уз сайтидан олинди)

Ўтган ойларда Тошкент, Янгийўл ва Бухоро шаҳарларида Сурия ва Ироқда фаолият қилаётган "Исломий Давлат" гуруҳиникига ўхшаш байроқлар осиб кетилгани хабар қилинди.

Ўтган ой бошларида Тошкент вилояти Паркент туманида эса мактаб коллеж ва турар жой биноларида ИШИД рамзлари бор диний мазмундаги варақалар топилди.

XS
SM
MD
LG