Линклар

logo-print

OzodlikOnline: Ўзбекларни нега демократия ва эркинлик эмас¸ ИШИД ғоялари ўзига тортмоқда?


Ўтган ҳафта Нью Йоркда яна бир ўзбекистонлик ИШИД жиҳодий гуруҳига молиявий ëрдам берганлик айби билан маҳкамага тортилди ва шу билан Америкада айни айб қўйилган ўзбеклар бештага етди. Айни пайтда нафақат АҚШ¸ балки бошқа демократик давлатлардан бошпана топган ўзбекистонликлар орасида ИШИД ғояларига ҳаммаслаклар сонининг баланд экани тахмин қилинади. Эркинликка чиққан ўзбекларни нега эркинлик ва демократия эмас¸ балки ИШИД каби тоталитар гуруҳ ғоялари маҳлиë қилмоқда? Душанба кунги суҳбатда шу ҳақда гаплашамиз.

АҚШнинг Нью Йорк шаҳрида “Исломий давлат” жиҳодий гуруҳига молиявий кўмак кўрсатишга ҳаракат қилганликда гумонланлаётган яна бир Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди. Нью Йоркнинг Бруклин мавзесида ҳибсга олинган шахс 29 ёшли Акмал Зокиров грин-карта асосида тўрт йилдан буён АҚШда яшаб келган.

Акмал Зокиров АҚШнинг Нью Йорк шаҳрида айни айблов билан сўнгги тўрт ой ичида қўлга олинган тўртинчи ўзбекистонликдир.

Шу йилнинг февраль ойида “Исломий давлат” жиҳодий гуруҳига кўмак беришга уринишда гумонланиб, ўзбекистонлик Дилҳаёт Қосимов, Абдурасул Жўрабоев, Аброр Ҳабибов ва қозоғистонлик Аҳрор Саидаҳметовлар қўлга олинган эди.

Нью Йорк ва Флоридада ушланган тўрт ўзбекистонлик бевосита "Исломий давлат" билан алоқадорликда гумонланиб ушланган дастлабки ўзбеклар бўлса-да¸ улар Америкада радикал исломий гуруҳларни қўллашда айбланаëтган биринчи ўзбекистонликлар эмас.

2012 йил 13 июль куни АҚШнинг Бирмингем округидаги Федерал суд ҳакамлари президент Барак Обамани ўлдирмоқчи бўлганини тан олган 22 яшар ўзбекистонлик Улуғбек Қодировни 15 йилга озодликдан маҳрум қилган.

2012 йилнинг 21 январь куни Чикагонинг О’Ҳара халқаро аэропортида 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси Жамшид Мухторов ҳибсга олинганди.

АҚШдан сиёсий бошпана олган¸ Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах бўлимини бошқарган Мухторов Исломий жиҳод иттифоқига аъзоликда айбланиб¸ ҳибсда сақланмоқда.

2012 йилнинг мартида Филаделфия шаҳрида яна бир Ўзбекистон фуқароси Бахтиëр Жумаев террорчиликка алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинди.

Жорий йил февралида Швеция полицияси ҳам “Исломий давлат” террор гуруҳига молиявий кўмак бераётганликда гумон қилиб, тўрт ўзбекистонлик муҳожирни ҳибсга олган эди.

Аксарияти диний эркинлиги бўғилгани иддаоси билан Ғарбдан бошпана топган ўзбекистонликлар жамоаси орасида ИШИД ғояларига уйғун ва ҳамоҳанг мафкура устун экани айтилади.

Ўзбекистонга нисбатан диний¸ иқтисодий-ижтимоий¸ муҳими диний эркинлик аҳволи анча яхши бўлган Қирғизистондан ИШИД сафига кетаëтганларнинг 80 фоизи¸ қирғиз махсус хизматлари таъкидича¸ ўзбеклардир.

Яқинда асосий жамоаси ўзбеклар бўлган масжидда ИШИД раҳнамоси Абубакр Бағдодий номига дуо ўқилгани эса ИШИД тарафдорлари сонининг жиҳодга кетган ëки махсус хизматлар қўлига тушганлардан анчагина кўплигини кўрсатади.

Айни пайтда Ўзбекистонда ҳам ИШИДга одам ёллашда гумон қилинаётган аёл қўлга олинган. Кун.уз нашрининг хабар қилишича, ўтган ой охирида Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ҳибсга олинган Умида Қодирова исмли аёл ноқонуний равишда диний мактаб очиб, у орқали 13-14 ёш қизларни ИШИД сафларига ёллаш билан шуғулланган.

Ўзбекистонликларнинг ИШИД сафига қўшилаëтганини изоҳлаëтган кўпчилик кузатувчилар бунинг сабаби мамлакатда адолат¸ ҳақиқат ва эътиқод эркинлигининг йўқлиги эканини айтадилар.

Аммо Ўзбекистондан фарқли инсон ҳақлари¸ ифода ва сўз эркинлиги таъминланган¸ сиëсий¸ иқтисодий-ижтимоий ва таълим имконлари чекланмаган демократик давлатлардаги ўзбеклар нима учун ўз ҳаëти¸ маблағ ва мафкурасини эркинлик¸ инсонийлик ва демократия ғоялари эмас¸ балки ИШИДнинг Исломга фитна деб кўрилаëтган реакцион ғояларига бағишлашни афзал билмоқда?

Душанба куни Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 дан 8 га қадар бўладиган жонли суҳбатимизда шу ҳақда гаплашамиз.

Суҳбатга қўшилиш учун OzodSkype, OzodlikOnline ва OzodOvoz Skype манзилларига боғланинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG