Линклар

Грузия пойтахти Тбилисида сув тошқини натижасида ҳалок бўлганлар сони 15 нафарга етди, 24 одам эса бедарак йўқолган.

“Интерфакс” хабарига кўра, бугун эрталаб Тбилиси марказида Вере дарёси дарасидан яна бир кишининг ўлиги топилган. Жасад сувга чўккан машина ичида бўлган.

Тошқин бошланган пайти дарёга қулаган бир нечта машина қум ва балчиқ остида қолиб кетган. Ҳозирда сув сатҳи пасайиши натижасида дарёга қулаган машиналарни аниқлаш имкони пайдо бўлган.

Якшанба куни кечаси содир бўлган табиий офат қурбонлари хотирасига бугун Грузияда мотам куни деб эълон қилинган.

Табиий офат оқибатларини бартараф қилиш учун бугун Грузия пойтахтида иш куни бекор қилинди. Душанба куни Тбилисида фақат тошқин оқибатларини бартараф қилиш билан шуғулланаётган ташкилотларгина ишлаши айтилмоқда.

Тошқин ўнлаб уйларни шикастлаган. Тбилиси ҳокимлиги маълумотига кўра, қирққа яқин хонадон бошпанасиз қолган.

Тошқин натижасида Тбилиси ҳайвонот боғи ҳам сув остида қолди. Юзлаб ҳайвонлар ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Ҳайвонот боғи маъмуриятига кўра, бир неча шер, йўлбарс, бўри ва тимсоҳнинг қафасдан чиқиб кетиши шаҳарликлар орасида ваҳима қўзғатган.

Ҳукумат шаҳарга Грузия Мудофаа вазирлиги махсус бўлинмалари ва ҳарбий техникани киритди. Махсус кучлар кўчада кўринган ваҳший ҳайвонларни отиб ташламоқда.

Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили ваҳший ҳайвонларнинг ҳаммаси тутилмагунича шаҳарликларга уйдан чиқмасликни сўради.

​Грузия президенти Георгий Маргвелашвили тошқинда нобуд бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия изҳор қилди ва тиклаш ишлари зудлик билан бошланишини ваъда қилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, табиий офат шаҳарга камида 18 миллион долларлик зиён етказган.

XS
SM
MD
LG