Линклар

Мафияга яқин Ҳусан Московский ўз мулкларини бошқалар номига ўтказди


Ҳусан (Московский) Зиямуҳаммедов.

Ҳусан (Московский) Зиямуҳаммедов.

Жиноят оламида Ҳусан Московский, деган ном билан танилган, бир қатор жиноятларни содир этганликда гумонланиб, ҳибсга олинган ва кейинчалик қўйиб юборилган таниқли тадбиркор 58 яшар Ҳусан Зиямуҳаммедов ўзининнг Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги бизнеси ва мол-мулкларини бошқаларнинг номига ўтказиб берган. Озодликнинг бир-биридан мустақил уч манбаси тасдиқлаган маълумотга кўра, Ҳусан Московский 31 май куни Латвияга тергов эксперименти мақсадида олиб борилган. У Латвиядаги ўз бизнес манфаатларини учинчи шахс номига ўтказиб берган ва собиқ жиноий шерикларига қарши кўрсатма берган, дея иддао қилди манбалар.

Ҳусан (Московский) Зиямуҳаммедовнинг ишига доир янги тафсилотларни Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси маълум қилди.

Айни маълумотни Ҳусан Зиямуҳаммедов ва унинг Тошкентда истиқомат қиладиган ўғли Музаффарга яқин манбалар ҳам тасдиқлади.

Озодликнинг ишончли манбалари иддаосига кўра¸ Ҳусан Зиямуҳаммедов унинг устидан очилган тергов иши доирасида 31 май куни эрталаб Тошкент-Рига рейси билан Латвияга олиб келинган ва мамлакат ташқарисидаги ўз бизнесини учинчи шахс номига нотариус иштирокида ўтказиб берган.

Озодликка гапирган манбалардан бири Ҳусан Зиямуҳаммедовни учоқ ичида махсус хизмат ходимлари қуршовида олиб кетилганини ўз кўзи билан кўрганини билдирди.

Манбага кўра¸ Зиямуҳаммедов Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳуқуқий келишув бўйича тергов экспременти ўтказиш учун келтирилган.

Марҳум вор в законе Дед Ҳасаннинг (Аслан Усоян-таҳр.) Ўзбекистондаги вакили сифатида иш қилгани айтиладиган Ҳусан Зиямуҳаммедов Латвиядаги ўзбек тадбиркорлари ва уларнинг кўчмас мулклари ҳақида кўрсатма бергани ҳам иддао қилинди.

Бу кўрсатмалар асосида Латвия ҳудудида бизнеси бўлган Ўзбекистон фуқаролари Юрий Савинков ва Овик Мкртчянларга қарши жиноят иши очилганини иддао қилди Озодлик манбалари. Бир-биридан мустақил манбалар илгари сурган иддаоларни расмийлар тарафидан тасдиқлатишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Туркиянинг “Hurriyat” ва Британиянинг “Guardian” нашрларига берган суҳбатида Юрий Савинковни “МХХ зобити” деб атаган эди. Яна бир манбага кўра, Юрий Савинков Ўзбекистон МХХси полковниги рутбасига эга шахс сифатида Ўзбекистоннинг Инетрполдаги вакили ҳам бўлган.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра¸ Ҳусан Зиямуҳаммедов тергов экспременти давомида ўзининг яқин ўтмишдаги "акахонлари"га қарши кўрсатма берган ва ўзига тегишли мол-мулк ва бизнесларни нотариус орқали учинчи шахслар номига ўтказиб берган.

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг мол-мулки ва бизнеси кимнинг номига ўтказилгани Озодликка маълум эмас.

Озодликка маълум бўлишича¸ тергов экспременти тугаганидан кейин Ҳусан Зиямуҳаммедов Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатига оид Рига-Тошкент рейси билан июнь ойи бошида Тошкентга қайтариб олиб келинган.

Куни ботган Ҳусан Московский

Жиноят оламидан ҳабардор бўлган Озодлик манбаларига кўра¸ Овик Мкрчтяннинг отаси Аслан Усоян (Дед Ҳасан) билан қамоқда бирга ўтирган. Овик Мкрчтян Аслан Усояннинг тутинган ўғли дея билинган:

"Марҳум вор в законе Дед Ҳасан (Аслан Усоян) нинг Ўзбекистондаги вакили сифатида иш юритган Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг Овик Мкрчтянга қарши кўрсатма бериши кўчадагиларнинг (жиноят оламининг) нафратига сабаб бўлади"¸ дейди Жиноят оламидан ҳабардор бўлган Озодлик манбаси.

Ҳусан (Московский) Зиямуҳаммедов жорий йилнинг 14 апель куни сўроқ қилинган ва шаҳарни тарк қилмаслик шарти билан ҳибсхонадан уйига қўйиб юборилган бўлса ҳам унинг паспорти қайтариб берилмаëтган эди.

Ўшандан кейин Ҳусан Зиямуҳаммедов яшаëтган уй МХХнинг махсус гуруҳи тарафидан муттасил ташқи назоратга олинганлиги ҳам Озодликка маълум.

Ўтган ой Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси мана буларни билдирган эди:

"Ҳусан Зиямуҳаммедов Россияга изнсиз қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари, жумладан, хўл мева жўнатганликда ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланиб, 6 апрель куни вақтинча қўлга олинган эди. Аммо 3 кундан кейин Зиëмуҳаммедов изолятордан чиқарилиб, уйига қўйиб юборилди. 14 апрель куни Зиëмуҳаммеедов яна қўлга олинди. У мамлакатни тарк қилмоқчи, деган маълумот пайдо бўлганидан кейин¸ махсус гуруҳ тарафидан Зиëмуҳаммедов қайтадан ҳибсхонага келтирилди. Куни-кеча Ҳусан Зиëмуҳаммедов шаҳарни тарк қилмаслик ҳақидаги тилхатга қўл қўйганидан кейин изолятордан чиқарилди. Лекин паспорти терговчилар қўлида қолди. Зиëмуҳаммедов устидан тергов давом этмоқда"¸ деди Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси.

Марик ва Обид Карам ҳибсда қолмоқда

Айни пайтда Ҳусан Московскийнинг ҳазинасига оқаëтган икки даромад дарëсини назорат қилиб келаётган Марик ва Обид Карам ҳибсда қолмоқда

Озодликнинг Тошкентдаги манбалари бу ҳибсларнинг ортида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати турганлигини айтмоқда.

Манбаларимизга кўра, жиноят оламида “Марик”¸ “Марик-лошарик” номи билан танилган ва ҳозир ҳибсда қолаëтган тошкентлик Марк Биленко Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг тижорий ҳамкоридир.

Марк Биленко Ҳусан Зиямуҳаммедов билан биргаликда 1993 йилда Тошкент вилояти Зангиота туманида “Фарваб” ширкатини ташкил қилган. Шу билан бирга “Аstе1” ширкати ҳам Биленкога оид экани айтилади.

Бу ширкатлар Ўзбекистонда ”Необыкновенная” ароғини қадоқлаш ва сотиш монополиясига эга бўлган.

Озодлик манбаларининг айтишича ”Необыкновенная” ароғи Ҳусан Зиямуҳаммедовга даромад келтирувчи асосий икки соҳадан биридир.

Марк Биленконинг қамоққа олиниши Озодлик манбалари назарида Ҳусан Зиямуҳаммедовга катта моддий зарар етказган.

"Прокуратура 2003 йилдаëқ Марк Биленко устидан жиноий иш очган эди. Биленкога оид икки ширкатда тафтиш бошланиши билан Биленко мамлакатдан қочиб кетди. Кейин бу масалага Ҳусан Московскийнинг акахонлари аралашиб жиноят иши ëпилди¸ муаммолар бости-бости бўлди. Ана шундан кейин Марк Биленко Ўзбекистонга қайтиб келиб яна ўз ишини давом эттирган эди. Лекин бу сафар Марик ҳали-бери қамоқдан чиқмаса керак"¸ дейди Озодлик манбаси.

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг "бойлик денгизи"га қуйиладиган икки дарëдан яна бири қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш соҳасидир.

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг бу соҳани назорат қиладиган ўнг қўли Обид Баҳромов ҳам апрель бошидан бери ҳибсда қолмоқда.

Жиноят оламида “Обид карам” номи билан танилган Обид Баҳромов Россияга қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш билан шуғулланиб келган.

Тепасида Ҳусан Московский тузган бу пирамида тамалида Марк Биленко ва Обид Баҳромовларнинг қамоққа олиниши ортида, Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларига кўра, “самарали бизнеснинг қўлдан-қўлга ўтиш” амалиëти ëтибди.

"Бу муваффақиятли ва даромадли бизнес фақат бир одамнинг монополияси бўлиб қолган эди. Обид Карам сельхозэкспорт билан¸ Марик ароқ ишлаб чиқариш билан шуғулланарди. Московский буларга "криша" эди. Масалан, Обид карам ўзича экспортни амалга ошира олмас эди. Маҳсулотлар карвонининг бехатар Россияга боришини ва Озарбайжон бизнесменлари тарафидан предоплатанинг (олдиндан пул тўлаш) кечикмаслигини Московский таъминлар эди. Бу самарали бизнес энди бошқалар қўлига ўтади. Тизим қолади. Лекин эга ўзгаради. Бу эга Ҳусан ҳам, Марик ҳам, Обид карам ҳам бўлмайди"¸ деди Озодлик манбаси. Лекин у янги эганинг кимлигини айтмади.

Қудратли қуда ва МХХдаги акахонларга зарба

Ҳусан Зиямуҳаммедовнинг вақтинча қўлга олиниши ва унинг атрофидагилар устидан жиноят иши очилиб, қамоққа олиниши Ўзбекистондаги яна бир криминал авторитет Салим Абдувалиевга қарши қаратилган зарба сифатида кўрилмоқда.

Ҳусан Зиямуҳаммедов ва Салим Абдувалиевни қариндошлик иплари боғлаб туради.

Ўтган йили криминал авторитет Салим Абдувалиев набирасининг яна бир криминал авторитет Ҳусан Зиямуҳаммедов оиласига келин бўлиб тушгани жиноий тизимларнинг ўзаро қариндошлик ришталари билан боғланиб кучайганига мисол ўлароқ талқин қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG