Линклар

Донецкда урушни тўхтатиш талаби билан митинг бўлди


Стихияли митингга йиғилган донецкликлар

Стихияли митингга йиғилган донецкликлар

15 июнь куни Донецк шаҳри маҳаллий ҳукумат биноси олдида урушга қарши шиорлар остида тахминан 500 кишилик стихияли митинг ўтказилди. Бу хабарни тарқатган “Новая газета” мухбирларига кўра, норози одамлар олдига ҳассага таяниб чиққан маҳаллий ҳоким Александр Захарченко “ҳозирча урушни тўхтатишнинг иложи йўқлиги” ва “ДНР Украина таркибига кирмасдан, мустақил давлат бўлиб қолиши” тўғрисида сўзлаган.

Душанба эрталаб соат 11-ларда 500 ортиқ одам “Урушни тўхтатинг!”, “Бузилган уйларимизни қайтаринг!”, “Ҳамманг кет!” деган шиорлар билан Донецк ҳукумати биноси олдига йиғилди.

Бу хабарни берган “Новая газета” мухбири Павел Канигинга кўра, асосан, Донецк шаҳри аэропортига туташган Киевский туманидан бўлган аҳоли “Октябрский бозори” мавзесидан Украина қўшинларига қарши артиллерия ва миномётлардан ўт очишни тўхтатишни талаб қилиб чиққан. Улар Украина Қуролли Кучлари айирмачилар ўт очишига жавобан одамлар яшаётган ҳудудларни бомбардимон қилаётганидан норозилик билдиргани айтилди.

Маълумки, жавоб зарбалар остида кунига бир нечта тинч аҳоли вакили нобуд бўлмоқда, кўплаб турар-жойлар вайронага айланмоқда. Якшанба куни маҳаллий ахборот воситалари бундай бомбардимон натижасида 10 киши яралангани, икки киши ўлдирилганини хабар қилди.

​Павел Канигин шаҳардаги энг катта бўлган Артём кўчасини тўсиб қўйган митингчилар орасида уларни тинчлантиргани чиққан Захарченкога қарата “Украина қўшинларига зарба бериб, ҳудудимизга уларнинг ўқлари етиб келмасликни таъминлаш” таклифларини киритганлар ҳам борлигини таъкидлади.

Айирмачилар раҳбари бунга жавобан “Донецк халқ республикасини” мустақил давлат эканини таъкидлаб, у бошқа ҳеч қачон Украина таркибига кирмаслигини айтди. “Минскда (сулҳ шартномалари имзоланиши назарда тутиляпти – таҳр.) нима бўлганидан қатъий назар, ДНР мустақил давлат ва Украина таркибига ҳеч қачон қўшилмайди, чунки орамизда девор бўлиб қон турибди”, деди Захарченко.

Ундан ташқари, одамлар яқинда ярадор бўлган ва автоматчилари ёрдамида ҳассага таяниб майдонга чиққан “ДНР” раҳбари Александр Захарченкодан янги уй, ойлик, бензин, нафақа, бузилган уйини таъмирлашга пул ва ҳоказоларни сўраб, мурожаат қилган.

Захарченко уйи бузилганларни санаторийга жойлаштириш, нафақалар яқин орада тўланишини ваъда қилсада, урушни дарҳол тўхтатишнинг мутлақо имкони йўқлигини билдирган. “Афсус, бунинг иложи йўқ”, деди у.

Павел Канигин тан олинмаган республика бошлиғи чиқиши Россия телевидениеси томонидан суратга олинганига ҳам эътибор қаратди.

“Тахмин қилишим мумкинки, уларнинг якуний сюжетида одамлар Александр Захарченкодан Украинага ҳужум қилишни ва шу тариқа мол-мулк ҳамда ҳаётларини сақлаб қолишни талаб қиладилар қабилида бўлади. “Украинларни уйларимиздан узоқроқ қувинг, ҳужум қилинг!” -“Афсус, бунинг иложи йўқ”, деб жавоб беради уларга Захарченко”, дея Россия телевидениесида пайдо бўлиши мумкин бўлган “янгилик” ҳақида ёзди Фейсбукдаги саҳифасида мухбир.

Кузатувчилар Украина шарқида бошланиб кетган қонли тўқнашувлар бошланган давридан буён омманинг урушга қарши биринчи чиқиши эканини таъкидламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG