Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:56

Ўшда ўзбеклар ҳуқуқини бузган 4 милиционер иши судга оширилган


Ўш Ички ишлар бошқармаси милиция устидан тушган шикоятларнинг 85 фоизи далилсиз эканини айтмоқда.
Ўш Ички ишлар бошқармаси милиция устидан тушган шикоятларнинг 85 фоизи далилсиз эканини айтмоқда.

Бу ҳақда Ўш вилоят милицияси матбуот хизмати маълум қилди. Бироқ миллий озчиликлар ҳуқуқини бузган ҳуқуқ-тартибот ходимлари жиноий жавобгарликка тортилаётганига қарамай, ўшлик этник ўзбекларнинг айримлари милиция томонидан ўзларининг ҳуқуқлари топталаётганини иддао қилмоқда.

Ўш милициясига таянган ҳолда қирғиз матбуотининг билдиришича, 2013 йилда этник ўзбеклар хонадонларида ноқонуний тинтув ўтказганликда айбланиб қўлга олинган 4 нафар милиционернинг иши айни пайтда судга ўтказиб берилди. Ўш милицияси расмийлари ишлари судга ўтказилган милиция ходимларининг исми-шарифи ва айнан кимларнинг уйида ноқонуний тинтув ўтказгани ҳақида маълумот бермаган.

Айни пайтда 2014 йилда ўзларини милиция ходимлари сифатида тақдим этиб, ўшлик ўзбекларни қўрқитган уч нафар шахсҳам қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноят иши очилган. Милиция маълумотларига таянсак, бу уч киши хусусий қўриқчилик ширкати ходимлари бўлган.

Ўшда этник ўзбеклар ҳуқуқини бузган милиция ходимлари ва жиноятчиларга нисбатан кураш олиб борилаётганига қарамай, айрим ўзбеклар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан камситилаётганини иддао қилмоқда.

Ўшлик нафақахўр Холисхон опа унинг уйини яқинда ўзларини милиция ходимлари деб таништирган шахслар тинтув қилгани, унинг уйидан наркотик моддалар излашгани, аммо ҳеч нарса топа олмаганларини айтди.

- Энди бу дардимни кимга айтай? Ёшим 66га чиқди. Менинг бойлигим ҳам йўқ. Уйимда тинтув қилиб, ҳеч нарса топиша олмади. Уйимни бардак қилиб, титиб кетгани қолди. Шундан кейин сахарим кўтарилиб, давлениям кўтарилиб, касал бўлиб ётибман, -деди Холисхон опа.

Ўшлик Акбаржон Абубакиров эса йўл ҳаракати нозирларининг порахўрлигидан арз қилди. Унга кўра, йўл ҳаракати нозирлари кўпроқ ўзбеклардан пул ундиришга “ишқибоз”.

- Бу воқеага ҳам уч кун бўлиб қолди. Мен “Матиз” автомашинамда кетаётган эдим. Олдимдан “Мицубиси” катта тезликда ўтиб кетди. ГАИ ходими уни тўхтатмади. Лекин мени тўхтатди. “Нима гап?” десам, “Тезликни оширдинг”, дейди. “Мен 40да келаяпман-ку”, десам, “Йўқ, сен 41 тезликда келаётгандинг. Бошимни оғритмай, пул ташлаб кет”, деб жавоб берди, -деди Акбаржон Абубакиров.

Ўш Ички ишлар бошқармаси бу каби иддаоларнинг асосий қисми текширувлар пайтида тасдиғини топмаётганини билдирмоқда.

-Бу каби ҳар бир маълумот бизда диққат билан текширилади. Лекин бу иддаоларнинг 85 фоизи ҳақиқатдан бўлган воқеа сифатида ўз далилини топмаяпти. Фуқаролар бу каби ҳолатларни конкрет фактлар билан ёзса ёки ҳеч бўлмаганда ўша ходимларнинг суратларини мобил телефонларига тушириб олса яхши бўлар эди. Сўнгги пайтда ўзларини милиция ходими сифатида тақдим этиб, фуқароларнинг уйларида ноқонуний тинтув ўтказган уч киши қўлга олинди. Улар қўрқиқчилик фирмасининг ходимлари экан, -деди Ўш ички ишлар бошкармаси матбуот котиби Жениш Аширбаев.

Ички ишлар бошқармаси расмийларига кўра, милиция раҳбари Суюн Ўмурзақов ўзбек аҳолиси билан тез-тез учрашиб туради ва милиция ходимлари ҳуқуқларини бузса бевосита унинг ўзига телефон қилиб, маълумот беришлари учун мобил телефони рақамларини эълон қилади.

Ўшлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ҳам мазкур ҳудудда этник ўзбеклар ҳуқуқининг милиция ходимлари томонидан бузилиши ҳолатлари 2010-2013 йилларга нисбатан кескин озайгани, Ички ишлар бошқармаси бу натижага эришиш учун катта ишларни амалга оширганини эътироф этадилар. Шу билан бир қаторда, ҳуқуқ фаоллари миллий озчилик вакилларининг ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан камситилаётгани ҳолатлари оз бўлса-да учраб турганини таъкидлайдилар.

XS
SM
MD
LG