Линклар

Gallup: Ўзбекистонликларнинг 62 фоизи Россияни қўллайди


Санкт-Петербургга қовун сотгани борган ўзбекистонлик деҳқон оиласининг кечки сайли.

Санкт-Петербургга қовун сотгани борган ўзбекистонлик деҳқон оиласининг кечки сайли.

Расмий Тошкент АҚШ ва Европа мамлакатлари билан алоқаларни яхшилаётган бир пайтда ўзбекистонликларнинг ярмидан кўпи ҳали ҳам Россияни қўллайди. АҚШдаги Gallup жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровдан ана шундай хулоса чиқариш мумкин.

Gallup марказининг жаҳон лидерлиги ҳақида ўтказган сўрови АҚШ, Европа Иттифоқи, Германия, Хитой ва Россияни қамраб олган бўлиб, Россия бу рўйхатда рейтинги энг паст лидер мамлакат экани аниқланган. Бу мамлакат раҳбарияти юритаётган сиёсат сўров ўтказилган 135 мамлакатдан 17 тасида, шу жумладан, Ўзбекистонда қўллов топган.

Москва сиёсатини қўлловчи мамлакатларнинг аксарияти собиқ совет ўлкалари экани аниқланган. Хусусан, ҳисоботга мувофиқ, Россия сиёсатини энг кўп қўлловчилар тожикистонликлардир. Ўзбекистонга қўшни бўлган бу мамлакатда сўралганларнинг 93 фоизи Россия раҳбарияти юритаётган сиёсатни ижобий баҳолаган. Россия сиёсатини қўлловчилар орасида иккинчи ўринни қирғизистонликлар (79%),учинчи ўринни малиликлар (74%), тўртинчи ўринни қозоғистонликлар (72%), бешинчи ўринни эса арманистонликлар (66 фоиз) эгаллаган.

Қизиғи шундаки, Россиянинг Божхона Иттифоқидаги шериги ҳисобланмиш Беларусда ҳам Кремль сиёсатини қўлловчилар нисбати (62%) Ўзбекистондаги билан бир хил.

Озодлик билан суҳбатлашган таҳлилчилар аввалроқ Ўзбекистонда Москва сиёсатини маъқулловчилар кўплигини ўзбекларга бу мамлакатда иш топиш имкони борлиги, Ўзбекистоннинг ҳали ҳам Россия медиа майдонида таъсири остида қолаётгани, ўзбекларнинг рус тилини яхши билиши ва бошқа омилларни келтиргандилар.

Gallup ҳисоботида Москва юритаётган сиёсатни ёқламайдиган мамлакат рўйхати ҳам эълон қилинган. Хусусан, Норвегияда 89 фоиз, Ҳолландия 86 фоиз, Финляндия 86 фоиз, Швейцария 83 фоиз, Швецияда 82 фоиз, Германияда 81 фоиз, Украинада 81 фоиз, Бельгияда 80 фоиз, Италияда 78 фоиз, Канадада 77 фоиз сўралган рус расмийлари сиёсатини қўлламаслиги маълум бўлган.

Аксар аҳолиси Кремль сиёсатини қўлламайдиган мамлакат сони 41 тани ташкил қилади. Қолган 82 мамлакат аҳолиси орасида, Gallup вакилларига кўра, Россия тутмишини маъқуллайдиганлардан кўра маъқулламайдиганлар кўпроқ.

Россиянинг ўзида эса ўтган йили аксинча АҚШ сиёсатини маъқулламайдиганлар сони кўпайган. Вашингтон сиёсатини ёқламайдиган мамлакатлар орасида Россия бу йил биринчи ўринни (82%) эгаллаган. Бундан ташқари, фаластинликлар (72%), беларусликлар (69%), ливанликлар (66%), покистонликлар (65%), эронликлар (61%), мисрликлар (58) ва бошқалар АҚШ сиёсатини қўлламайди.

Аксар аҳолиси Вашингтон сиёсатига қарши бўлган мамлакатлар сони 15 тани ташкил этади. Марказий Осиё мамлакатларида истиқомат қиладиганлар орасида эса АҚШ сиёсатига энг кўп қарши бўлганлар (54%) тожикистонликлардир. Бундан ташқари, Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам АҚШ раҳбарияти рейтинги аввалги йилларга қараганда сезиларли даражада пасайгани кузатилмоқда.

Gallup сўрови 135 мамлакатда 15 ёшдан катта бўлган ва саралаб олинган 1000 киши орасида юзма-юз мулоқот ва телефон суҳбати асосида ўтказилган. Бу йилги сўров жаҳон аҳли орасида ҳали ҳам АҚШ сиёсатини қўлловчилар энг кўп (45%) эканини кўрсатган.

Рейтингда энг охирги ўринни эгаллаган Россия сиёсатини эса сўралганларнинг 22 фоизигина қўллаши аниқланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG