Линклар

"Исломий давлат" босиб олган Мосулда қаршилик кўрсатганлар жазоланмоқда, эркин ҳаракатланиш чекланган, "ДАИШ" сўзини хитоб қилган ёш бола эса калтакланди. Аммо, шаҳар кўчалари тоза, электр токи бор. Мосулнинг бир турғуни шаҳардаги хавфсизликни “жуда яхши” деб баҳолади, аммо яқинлари Мосулда қолганлар бир йил ўтиб, "Мосул қамоқхонага айланди" демоқда.

Бағдодда истиқомат қилувчи Аҳмад Мосулда қолган икки ака-укаси ва икки опа-синглиси билан ҳар ҳафта суҳбатлашишини айтади.

Аҳмад Озодлик радиоси Ироқ хизмати билан 4 июнь куни телефон орқали қилган суҳбатда “Аҳволлари ўртача эканлигини айтдилар, аммо иш йўқ. У ер хавфсиз; ака-укаларим бориб-келиб турибдилар, уйга кеч қайта оладилар”, деди. (Хавфсизлик нуқтаи назаридан Аҳмаднинг исми ўзгартирилди.)

Аммо Аҳмад ака-укаси ўзларини қамоқхонадагидек ҳис қилаётганларини айтди. Аҳмаднинг ака-укаси шаҳардан чиқмочи бўлсалар, узундан-узоқ қоғозбозликдан иборат жараёндан ўтиб, рухсат олишлари керак.

Мосулдан кетиш рухсатини олганлар қайтиб келиши шарт. "Исломий давлат" шаҳарни тарк этганлар қайтиб келишини таъминлаш учун махсус тизим ишлаб чиққан.

Шаҳардан чиқмоқчи бўлган ҳар бир одам машина, уй ёки бошқа мулкни гаровга қолдириши керак. Агар шаҳардан чиққан киши қайтиб келмаса, унинг мулки мусодара қилинади.

Бундан ташқари, Мосул турғунлари қайтиб келишларини кафолатлайдиган бирор кишини танлашлари керак.

Агар бир акам саёҳат қилмоқчи бўлса, иккинчиси унга кафил бўлиши керак”, деди Аҳмад.

Аҳмад Мосулдаги оила-аъзоларини кўришга муваффақ бўлгани йўқ. Унинг айтишича, Мосулга бориш мумкин, аммо кейин Бағдодга қайтиб келиб бўлмайди. “Мосулга бора оласиз, аммо у ердан кета олмайсиз”, дейди у.

Аёллар уйда ўтириши керак

Эркаклар Мосул бўйлаб юришлари мумкин. Аёллар учун вазият бошқача.

Ойиси, ака-укалари, опа-сингиллари ҳамда хола-аммалари Мосулда истиқомат қилаётган Надиянинг айтишича, аёллар маҳрамсиз кўчага чиқа олмайдилар ва бошдан-оёқ таналарини ёпиб турувчи кийим кийишлари шарт.

Рамазон ойи кириши билан янги қоида таъсис қилинади. Бу қоидага биноан ифторгача аёллар умуман кўчага чиқа олмайдилар.

Надиянинг айтишича, "Исломий давлат"нинг бу қарорига сабаб жангариларнинг “Аёл кишини кўрган эркак рўзаси бузилиши мумкин”, деб ҳисоблашидир. (Хавфсизлик нуқтаи назаридан Надиянинг ҳам исми ўзгартирилди.)

Ёпиқ шаҳар

Турмушга чиққанидан кейин Бағдодга кўчиб ўтган Надия Мосулни жангарилар бир йил аввал эгаллаганидан бери ўз оила-аъзоларини кўра олмаётганини айтади.

Надияга кўра, "Исломий давлат" мосулликларнинг шаҳардан ташқаридагилар билан телефон орқали гаплашишини қийинлаштириб қўйган.

Жангарилар Мосулдаги телефон минораларини қулатганидан кейин шаҳар турғунларининг айримлари шаҳар чеккасидаги алоқа бор жойларга чиқа бошладилар. Аммо бундай қилиш хавфли.

Агар бундай қилганларни "Исломий давлат" жангариси кўриб қолса, телефонларини тортиб олади ва уларни "Исломий давлат"га қарши режа тузишда айблаб, таҳдид қилади”, деди Надия.

Мосул шарқидаги ерларда телефон орқали суҳбатлашмоқчи бўлганларнинг телефонларини жангарилар тортиб олгани ва бузиб ташлагани ҳақида хабарлар бор.

Надиянинг айтишича, Мосулдаги қариндоши Ибрилдаги ўғли билан суҳбатлашмоқчи бўлганида жангарилар унинг телефонини синдириб ташлаган. Надия ва унинг оила-аъзолари ўша қариндошларига нима бўлганини билмайдилар. Балки жангарилар уни олиб кетган. Балки уни калтаклашган.

Надия онаси шаҳарнинг телефон сигнали бор шимолий ҳудудига бора олмагани учун у билан гаплашолмаётганини қўшимча қилди.

"ДАИШ" дема!

"Исломий давлат" Мосулни эгаллаганидан кейин ота-оналар болаларини портлашлардан ҳимоя қилиш учун уйда сақладилар.

Ҳозир ҳам одамлар фарзандларидан хавотир оладилар. Аммо портлашлар ортиқ энг катта хавф эмас.

Ҳозир гапиришдан ҳайиқадилар”, деди Надия.

Надия қариндошининг беш яшар ўғли отаси билан ўз дўконларида турганида “ДАИШ” сўзини хитоб қилган.

“ДАИШ” - "Исломий давлат"нинг эски номи - ИШИДнинг арабча қисқартмаси бўлиб, жангарилар бу сўзни ҳақорат ўлароқ қабул қиладилар.

Боланинг бу сўзини эшитган жангариларнинг ғазаби қўзғаган. Жангариларнинг бири болани қаттиқ калтаклаган.

Боласи янада қаттиқ жазоланишидан қўрққан ота ўзи ўғлини калтаклай бошлаган ва жангарилардан кечирим сўраган. Надиянинг айтишича, боланинг отаси жангарилар фарзандини олиб кетишидан ёки унинг панжаси ёки қўлини кесишидан қўрққан.

Қаршиликларга барҳам берилди

Жангарилар Мосулни эндигина эгаллаган пайтларда айримлар қаршилик кўрсатган. Аммо, Мосулда қариндоши бор ироқликларнинг айтишича, бугунга келиб қаршиликларга бутунлай барҳам берилди.

Бошида Мосул халқи қаршилик кўрсатган, аммо уларни дарҳол жазолашган ва бўйсундиришган”, деди Аҳмад. “Ҳали ҳам қаршилик кўрсатишни истайдилар, аммо бундай қилишга имконлари йўқ”.

Надиянинг айтишича, қаршилик кўрсатмоқчи бўлганларни "Исломий давлат" аниқлаб, ўлдирганидан кейин жангариларга қарши ҳаракатлар яширинган.

Надияга кўра, "Исломий давлат" Мосулга кириб бораётганида айрим мосулликлар жангарилар уларни ҳукуматдан ҳимоя қилишига ишониб, гуруҳни қўллаган.

Надия Мосулнинг айрим турғунлари ишсизлик каби муаммолар ҳақида нолисалар ҳам, жангари гуруҳни ҳалиям қўллашларини айтди.

Иш йўқ

Мосулда аёллар ишлаши мумкин эмас. Шаҳарда қариндоши бор ироқликлар эркаклар учун ҳам иш озлигини айтмоқдалар.

Укам ҳатто такси ҳайдовчиси учун ҳам иш йўқ демоқда”, дейди Аҳмад. “Олийгоҳ ўқитувчилари, собиқ ҳарбийлар, муҳандислар ва ишчилар ҳаммаси ишсиз”.

Аҳмад укасига Ирбилдаги танишлари орқали пул юбориб ёрдам бераётганини айтади.

Аммо, у бундай қилиш мураккаблашиб бораётганини қўшимча қилди.

Чироқлар ўчгани йўқ

Мосулда оила аъзолари бор бўлган ироқликларнинг айтишича, шаҳарда ишсизлик кенг тарқалган бўлишига қарамасдан, "Исломий давлат" шаҳардаги оммавий хизматлар яхши ишлашига эътибор қаратиб келади.

Аҳмаднинг укаси унга шаҳар кўчаларидаги чироқлар аввалгидан анча яхшилигини, кўчалар тоза, хавфсизлик даражаси ҳамда электр токи билан таъминлаш жуда яхши эканлигини айтган.

"Исломий давлат" Мосулда озиқ-овқат етарли бўлишига ҳам эътибор қаратмоқда. Аҳмаднинг айтишича, маҳсулотлар шаҳарга Дуҳок орқали етиб бормоқда.

Надия Мосулда озиқ-овқат борлигига қарамасдан, вазият шаҳар жангарилар қўлига ўтишидан аввал бошқача бўлганини айтади.

Аввал Мосулга маҳсулотлар Туркия ва Бағдоддан келиб турган. Ҳозир бу йўллар ёпиқ. Надия бунинг натижасида ИД мой ва гуруч каби маҳсулотларни Сурияда жангарилар эгаллаган ҳудудлардан олиб келаётганини айтади.

Ажнабийлар

Мосулда қариндоши бор ироқликларнинг айтишича, шаҳардаги ИД жангарилари, асосан, ажнабийлардир.

Озодлик радиоси Ироқ хизмати билан суҳбатда Надия “Улар бутун дунёдан келган: россияликлар, сурияликлар, покистонликлар, афғонистонликлар, францияликлар ва бошқалар”, деди. “Улар ўз аёллари билан келганлар. Ҳатто, болаларида ҳам қурол бор”.

Аҳмад ИД мосулликлар ёрдамида шаҳарнинг қимматбаҳо қадимий буюмларини ўғирлаётганини ва талон-тарож қилаётганини айтади.

Улар бизга келиб ўғирланган жисмларни ташишда ёрдам беришимизни талаб қилишди. Қандай қилиб буни рад эта оласиз? Ўз миллий ҳукуматимиз шахсий қуролларимизни мусодара қилган эди, шунинг учун бизда ўзимизни ҳимоя қилиш учун ҳеч вақо йўқ эди”, деди Аҳмад.

Аҳмад ИД ёш болаларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказаётганини қўшимча қилди.

“Ёрдамчилар”

Надия ҳам, Аҳмад ҳам ИД Мосулни забт этаётганида шаҳарликлар орасида жангариларга ёрдам берганлар бўлганини айтишди.

Аҳмад "Исломий давлат"нинг Мосулни эгаллаб олишини таърифлар экан: "Бир кун ҳаммаси нормал эди; эртаси улар ҳукмрон бўлиб олиб дарёни кесиб ўтаёган эдилар”, деди. “Уларга шаҳар ёнидаги ҳудудларда ёрдам беришган”.

Надия шаҳар ичидаги ИД тарафдорлари жангариларга қайси уйлар насронийларга ва язидийларга тегишли эканлиги ҳақида маълумот бериб туришганини айтди.

Четдан келганлар маълум бир уй насронийларга ёки язидийларга тегишли эканлигини билмайди. Шундай экан уларга ким бу уйларни кўрсатиб берган? Уларга шаҳарликларнинг ўзлари ёрдам берган. Улар орасида жангарилар сафига қўшилганлар ҳам бор”, деди Надия.

XS
SM
MD
LG