Линклар

Тюменда қозоғистонлик аёлни гаровда сақлаган ўзбеклар ушланди


Тезкор амалиёт жойида олинган фотосурат. (Тюмен шаҳар ИИБси томонидан тақдим этилган)

Тезкор амалиёт жойида олинган фотосурат. (Тюмен шаҳар ИИБси томонидан тақдим этилган)

Ўзбекистоннинг икки фуқароси Тюмень шаҳрида 59 ёшли қозоғистонлик аёлни гаровда ушлашда айбланиб, ҳибсга олинди. Полициячилар аввалига ўзбекистонлик муҳожирлар тадбиркор аёлнинг яқинларидан 1,5 миллион рубль талаб қилгани, кейин “нарх”ни 700 мингга туширганини айтмоқда.

Тюмен шаҳар Ички ишлар бошқармасининг “ишонч телефонига” жорий йилнинг 11 июнь куни қўнғироқ қилган ва Қозоғистоннинг Остона шаҳридан эканини айтган ёш аёл номаълум кимсалар онасини Тюмень шаҳрида ўғирлаб, гаровда ушлаб турганини хабар қилди.

Қўнғироқ қилган аёл жиноятчилар гаровдаги онасини озод қилиш эвазига 700 минг рубль сўраётганидан арз қилди.

Тюмень области Полиция бошқармаси Ахборот бўлими бошлиғи Светлана Новик Озодлик билан суҳбатда маълумот олинганидан бир кун ўтиб – 12 июнь куни оператив ходимлар қозоғистонлик аёл ушлаб турилган квартирани аниқлаб, уни озод қилишганини айтди:

Жиноятда айбланаётган ўзбек муҳожирининг Тюмень полицияси расмий сайтида эълон қилинган сурати

Жиноятда айбланаётган ўзбек муҳожирининг Тюмень полицияси расмий сайтида эълон қилинган сурати

- Ушланганлар Ўзбекистондан экан. Уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Дастлабки тергов маълумотларига кўра, “ишонч телефонига” тушган хабар асосида оператив ходимларимиз қаердан қўнғироқ қилинганини ҳисоблаб чиқди ва СОБР жангчилари ёрдамидаТюмень шаҳри Пермякова кўчасидаги уйлардан бирига бостириб кирди. Икки нафар шахсдан бири уларга қаршилик кўрсатишга уринди, яна бири учинчи қаватдан сакраб қочмоқчи бўлди, аммо полиция ходимлари томонидан ушланди. 1976 ва 1983-йилда туғилган Ўзбекистон фуқаролари Россияда ноқонуний яшаб келаётгани, улар олдин судланмагани, тайинли иш жойи бўлмагани маълум бўлди, - дейди Светлана Новик.

Полиция ходимига кўра, изқуварлар бу квартиранинг хоналаридан бирида чойшабга ўраб, скоч тасмаси билан оғзи-қўли бойланган 1956-йилда туғилган остоналик аёлни озод қилган.

Қўлга олинган ўзбек муҳожирлари сўроқ пайтида ўз айбига тўлиқ иқрор бўлгани ва гаровга олгандан сўнг ўтган икки кун ичида бўлган барча воқеаларни тергов ходимига сўзлаб бергани айтилди.

- Икки кун олдин Қозоғистондан бир аёл келди. У билан квартирани ижарага олдик. Қизи билан сўзлашдик. Аввалига 1,5 миллион талаб қилдик. Кейин у “Менда бунча йўқ, 700 минг бераман”, деди. Биз рози бўлдик...
- 3 кун олдин Қозоғистон фуқаросини квартирага олиб келдик, боғлаб қўйдик ва 1,5 миллион пул талаб қилдик. Кейин, пичоқ билан қўрқитдик. Пул керак бўлгани учун ўзимизга ишониб қолдик. Бугун пул келади, деган пайтда полиция ушлади, - дейди бировнинг ҳаётига таҳдид қилганликда айбланаётган ўзбекистонликлар.

Озод этилган қозоғистонлик аёл эса полициячиларга тезкор ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди:

Жиноятда айбланаётган ўзбек муҳожирининг Тюмень полицияси расмий сайтида эълон қилинган сурати

Жиноятда айбланаётган ўзбек муҳожирининг Тюмень полицияси расмий сайтида эълон қилинган сурати

- Мен квартирага киришим билан улардан бири эшикни ёпа бошлади. Жуда қўрқиб кетдим! Қайтиб чиқмоқчи эдим, улардан бири мени ерга қулатиб, сўкиб, қўл-оёғимни скоч билан боғлади. Пул ва тақинчоқларимни ечиб олишди. Тюмен полициясидан жуда миннатдорман, - дейди бундай тез озод бўлишига ўзи ҳам ишонмаганини гапирган тадбиркор аёл.

Светлана Новик бу аёл ўзбекистонликлар билан Қозоғистондан ўтиб келаётган Тошкент поездида танишгани ва ўша ерда уларда бу режа пайдо бўлганини гапириб берди.

Аниқланишича, жиноятда айбланаётган ўзбеклардан бири бу аёл билан поездда яхши танишиб олган.

- Бу аёл БАД – биологик актив қўшимчалар сотиш билан кун кечираётгани, яхши даромад топишини ўзбекистонликлардан бирига айтиб берган. Уни ўз бизнесига жалб қилишга уринган. Шунда, иккинчи айбланувчида жиноий ниятлар юзага келган. Улар поездда телефон рақамларини бири бирига берган. Томскка етиб борган бу аёлга жиноятда айбланаётганлар бироз вақтдан кейин телефон қилиб, “пулдор мижоз” топганини айтган. Ана шу тариқа уни тузоққа туширган, - деди дастлабки тергов хулосалари билан ўртоқлашган Тюмень полиция бошқармаси вакиласи Светлана Новик.

Тюмен области Тергов қўмитаси ходимлари исми тергов манфаатлари доирасида сир сақланаётган ўзбекистонликларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 126-моддаси 2-қисми (ғаразли мақсадда одам ўғирлаш) ва 119-моддаси (ўлдириш билан таҳдид қилиш) асосида айблов эълон қилиниши мумкинлигини билдирди.

Терговчилар бундай жиноят учун Ўзбекистон фуқаролари 6 йилдан 15 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкинлигини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG