Линклар

9 июнь куни кучга кирган қонун билан Ўзбекистонда фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Бундан буён мазкур жиноятни бир гуруҳ шахслар олдиндан тил бириктириб содир этган бўлса, олти ойгача қамоқ ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қонунни ўзгартирган қонун

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун билан Жиноят кодексининг фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган 131- моддасига қўшимча киритилди.

131- модда 9 июнгача қандай эди?

Мазкур моддада фоҳишахона очган ёки сақлаган, шунингдек ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қўшмачилик қилган шахс энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жаримага тортилиши ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгилаб қўйилган.

Худди шундай ҳаракатлар вояга етмаган шахсни жалб қилган ҳолда содир этилса;

ёки бу ҳаракатлар такроран, хавфли рецидивист томонидан содир этилса;

ёки Жиноят кодексининг 135- (Одам савдоси) ёки 137- (Одам ўғрилаш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни илгари содир этган шахс томонидан этилса –

6 ойгача қамоқ ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган.

131- моддага 9 июндан бошлаб киритилган қўшимча

Модданинг юқорида баён қилинган ҳолати ўзгаришсиз қолди.

Унга мана бу қўшимча киритилди:

Фоҳишахона очиш ёки сақлаш, шунингдек ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қўшмачилик қилиш жинояти бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 6 ойгача қамоқ ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Янгиликни шарҳлаб беришини сўраб, тошкентлик ҳуқуқшунос Гулнора Оқиловага мурожаат қилдик. Унинг айтишича, қўшмачиликка қарши қонунларни кучайтириш зарурати аллақачон пишиб етилган. Ҳуқуқшунос пойтахтнинг ўзи яшайдиган мавзесидаги аҳволни мана бундай тасвирлади:

“Ҳар бир домда камида биттадан фоҳишахона бор”

- Жойларда фоҳишахоналар жудаям кўпайиб кетган. Мисол учун ўзим яшайдиган мавзени оладиган бўлсак, ҳар битта домда бор притон. Масалан, 9 қаватли домда 2–3 та, ўзим яшайдиган домда 1 та, домимиз жуда катта, шунинг учун унинг ўртароғида бор-йўқлиги айтолмайман, баъзи уйларда 2-3 талаб притон бор.

Озодлик: Гулнора опа, Сиз жуда ваҳимали гапларни айтаяпсиз, “шундай бўлса керак”, деб ўйлайсизми ёки атайлаб ўрганганмисиз бу масалани?

- Атайлаб ўрганганим йўқ. Тадқиқот ўтказганим йўқ. Лекин мен ўз кўзларим билан кўриб турганим нарсаларни айтаяпман, деди Гулнора Оқилова.

“Ишни чўталчи милиция ходимларидан бошлаш керак”

Гулнора Оқилованинг фикрича, албатта, қўшмачиларга қарши курашиш керак, лекин ишни улардан чўтал олиб, ўзини кўриб-кўрмаганга солаётган милиция ходимларидан бошлаш керак.

Ҳуқуқшунос яқинда ўз маҳалласида бўлиб ўтган воқеани айтиб берди:

- Мана яқинда 39- домда бўлиб ўтган воқеа: шу домдаги фоҳишахонанинг аёлини ғирт маст ҳолда олиб келиб ташлаб кетишди. Шунда қўшнилар участка нозирини чақиртиришди. Нозир келиб бир нарса дейиши билан, ҳалиги аёл роса сўккан. “Сен ҳар ой олиб турасанку, ўч, овозингни чиқарма”, деган. Очиқдан-очиқ гапириб турибди. Шунинг учун ҳам фоҳишахоналар кўпайиб кетган, дейди ҳуқуқшунос.

Расмийлар нима деган эди?

Ички ишлар вазирлиги 2014 йилнинг сентябрида фоҳишахоналарни аниқлаш мақсадида мамлакат бўйлаб рейдлар ўтказган ва натижада 842 та фоҳишахона борлиги аниқланган эди.

Республика бўйлаб ўтказилган тадбирлар давомида Тошкент шаҳрида 334 та, Тошкент вилоятида 69 та, Самарқандда 50 та, Сирдарё ва Жиззахда 22 та, Бухорода 46 та, Навоийда 19 та, Фарғонада 47 та, Андижонда 30 та, Наманганда 74 та ва Қорақалпоғистонда 40 та ишратхона аниқланган.

Ўзбекистон бўйлаб фош қилинган жами 842 та фоҳишахонада фоҳишалик билан шуғулланиб келган 1097 нафар шахс қўлга олинган.

Ички ишлар вазирлигининг бу хабарини Озодлик блогери синчиклаб ўқиб, хабардан пайдо бўлган саволларини ўртага ташлаган эди.

XS
SM
MD
LG