Линклар

logo-print

"Исломий давлат" янги жангариларни Марказий Осиёдан ёлламоқда


ИД сафига қўшилган ва ўзини ўзбекистонлик собиқ терговчи Абу Усмон, деб тақдим қилган жангари.

ИД сафига қўшилган ва ўзини ўзбекистонлик собиқ терговчи Абу Усмон, деб тақдим қилган жангари.

АҚШлик экспертлар ва Давлат департаменти мулозимлари Марказий Осиё "Исломий давлат" учун янги жангариларни ёллаш марказига айланганидан хавотир билдирмоқда. Таҳлилчилар террор гуруҳ ёшларни, асосан, иқтисоди заиф, инсон ҳуқуқлари топталаётган мамлакатлардан ёллаётгани боис, бу минтақа ИД нишонига тушди, деган хулосада.

АҚШдаги экспертлар "Исломий давлат" сафига қўшилаётганлар таркиби ва уларни бу йўлга тортаётган сабабларни таҳлил қиларкан, террорчи гуруҳнинг янги жангариларни иқтисодий аҳволи ночор, ҳукуматлари нодемокртик ва репрессив бўлган мамлакатлардан қидираётганига эътиборни қаратмоқда.

Натижада, Марказий Осиё минтақаси "Исломий давлат" учун рекрут марказига айланиб бораётгани тобора яққол кўринмоқда.

БМТ берган ҳисоботга кўра, ИД аъзоларининг 25 мингга яқини дунёнинг 100дан ортиқ давлатидан борган жангарилардир.

АҚШ ҳукуматининг Террорга қарши кураш маркази ҳисобича, хорижлик жангарилар орасида юзлаб тожикистонлик, қирғизистонлик ва 1 мингдан ортиқ қозоғистонлик бор.

Бу ҳисоботда ўзбекистонлик жангарилар сони ҳақида бирор маълумот берилмаган. Зотан, Марказий Осиёнинг номи тилга олинган давлатларида ҳукуматлар жангари фуқаролари ҳақидаги расмий рақамларни эълон қилиб келмоқда. Ўзбекистон ҳукумати эса бу борада бирор расмий маълумот бергани йўқ.

Норасмий манбалар Сурия ва Ироқнинг катта қисмини ишғол қилган "Исломий давлат" сафидаги марказий осиёлик жангариларнинг асосий қисмини ўзбекистонликлар ташкил қилишини таъкидлайди. Турли манбаларда террор гуруҳи сафидаги ўзбекистонликлар сони 700 нафардан 3 минг нафаргача, деб келтирилади.

Республикачи конгрессмен Крис Смит Марказий Осиё давлатларида ҳукуматнинг юқори поғоналарида ишлаган мулозимларнинг ИДга қўшилиши ҳоллари учраётганига эътиборни тортади:

- Ўтган ҳафтада биз Тожикистоннинг террорга қарши кураш бўлимида ишлаган юқори лавозимли собиқ мулозим - АҚШда малакасини оширган ҳарбийнинг ўз лавозимини ташлаб, ИДга қўшилганини ўргандик, - дейди Крис Смит.

Ғарблик экспертлар МО минтақасидаги ҳукуматларини бу борада нотўғри сиёсат юритаётганликда айбламоқда. Бу давлатларда илдиз отган коррупция аҳолининг ҳукуматлардан хавфсаласи пир бўлиб, аввалига яқин хорижга иш қидириб кетиши ва у ерда рекрутчилар воситасида ИД қўлига тушиб қолишидаги асосий омил сифатида келтирилмоқда.

Бундан ташқари, қонунлар ва инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши бу муаммога сабаб бўлаётган жиддий факторлар сифатида саналмоқда.

Натижада, абгорлашиб бораётган иқтисодий аҳвол ва кучайиб бораётган ишсизлик МО минтақасидаги давлатлар аҳолисида норозилик уйғотгани "Исломий давлат" учун жуда қўл келаётгани кузатилмоқда.

Табиийки, замонавий технологияларни яхши ўзлаштирган жангариларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ҳам ИД сафи кенгайишига сезирларли ҳисса қўшмоқда. Ҳозир АҚШ ҳукумати дунё давлатлари раҳбариятлари билан ИДнинг бу тармоқлар ёки бошқа воситалар орқали ёяётган тарғиботини тўсишга уринмоқда.

Бироқ, террорчиларнинг чақириқларидан фуқароларни тўлиқ ихоталашнинг имкони йўқлиги ҳам эътироф этилмоқда.

Таҳлилчилар бу муаммонинг асосий ечими, охир-оқибатда, жангариликка ёшлар кўп ёлланаётган мамлакатлардаги иқтисодий аҳволни ўнглаш ва имкон қадар тезроқ ёшларни иш билан таъминлашга эришиш эканини таъкидламоқда.

АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё масалалари бўйича ассистенти муовини Даниэл Розенблум марказий осиёлик жангариларнинг кўпчилиги Россиядан ёлланаётганини қайд этади:

- Ишончли статистик маълумотлар бўлмаса-да, тадқиқотлар Сурия ва Ироқдаги марказий осиёлик жангариларининг катта қисми ўз мамлакатларидан ташқарида, асосан, миллионлаб ёшлар меҳнат муҳожири бўлиб юрган Россиядан ёлланаётганини кўрсатмоқда, - дейди Розенблум.

Жорж Вашингтон университети қошидаги Кибер ва ички хавфсизлик тадқиқот маркази вице-президенти Франк Цилуффо АҚШ террорга қарши курашда бошқа давлатларга ёрдам бериши мумкин, аммо бу қисқа муддатли бир ечимдир, узоқ муддатли ечим эса ҳар бир давлатнинг ўзидан топилиши лозим, деган фикрни таъкидлайди.

Шунингдек, экспертлар Марказий Осиё ҳукуматларини инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш, мамлакатдаги озчилик вакилларига қулоқ тутиш ва уларни бу каби муаммолар ечимига жалб қилишга чақирмоқда.

Мақола "Америка овози"дан олинди

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG