Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:03

Ғазалкентдаги маиший кимё заводи сассиғи аҳолини кўчага чиқишдан бездирди


Ғазалкентликларнинг айтишича, сассиқ тутун расмда ўнгда турган кичикроқ мўридан чиқади.
Ғазалкентликларнинг айтишича, сассиқ тутун расмда ўнгда турган кичикроқ мўридан чиқади.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган маиший кимё маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган завод маҳаллий аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга хавф солаётгани иддао қилинмоқда. Ғазалкент шаҳарчасида жойлашган “Lotos Gold” Ўзбекистон-Британия қўшма корхонасига қарашли завод яқинидаги Искандар қўрғони турғунлари Озодликка мурожаат қилиб, корхона чидаб бўлмас даражада қўланса ҳид чиқариши, мўриларидан тарқаладиган кукун уйларнинг томлари ва дарахтларга ўрнашиб, ёмғир ёққан пайтда кўпиклашаётганидан шикоят қилишди. “Lotos Gold” ширкати раҳбари ва Бўстонлиқ ҳокимлиги мутасаддилари вазият хусусида Озодликка изоҳ беришдан бош тортди.

Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳри Искандар қўрғони яқинида маиший кимё воситаларини ишлаб чиқарувчи “Lotos Gold” заводи ишга тушганига икки йилдан ошган. Искандар қўрғонида истиқомат қилувчи фуқароларнинг иддао қилишича, ўшандан бери корхона атроф-муҳит ва маҳаллий аҳоли саломатлигига жиддий зарар етказмоқда.

Бу муаммо юзасидан ҳокимият идораларига қилган мурожаатлари натижа бермагач, 16 июнь куни Озодлик билан боғланган ғалакентликларнинг айтишича, Ўзбекистон-Британия қўшма корхонасига қарашли завод тарқатадиган қўланса ҳид дастидан одамлар ёзнинг иссиғида уйдан чиқишга ҳадиксираб қолган.

“Заводда баланд вишкаси билан трубаси бор, шу трубадан ҳар куни бўлмаса ҳам, кун ора оппоқ, сассиқ ҳид чиқади. Ҳидига чидаб бўлмайди. Бизнинг қўрғонда 1700дан ошиқроқ хонадон бор, шулар ҳатто кўчага чиқмайдиган бўлиб қолди. Ёзнинг иссиғида ҳовлига чиқиб ўтирадиган пайтда ҳамма уйга биқиниб ўтиришга мажбур. Бундан ташқари томлар билан дарахтларга оқ кукун ўтириб, ёмғир ёққанда мағзава оқади. Завод ишга тушганига икки йилдан ошган бўлса, аллақачон дарахтлар қурий бошлади”, дейди Искандар қўрғони аҳолиси номидан гапирган ғазалкентлик.

Исми сир қолишини истаган суҳбатдошимизнинг иддао қилишича, завод қурилишидан аввал маҳаллий аҳолига корхонада четда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотни қадоқлаш ишлари бажарилиши ҳақида айтилиб, улардан розилик хати ҳам олинган. Лекин завод қўланса ҳид чиқара бошлаганидан кейин Бўстонлиқ тумани ҳокимлигига қилинган шикоятлар натижасиз қолмоқда, дейди у.

“Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Ҳокимиятга бир неча марта мурожаат қилдик, корхона вакиллари билан келишиб фильтр қўйиб берамиз деб ваъда қилишганига бир неча ой бўлди. Лекин сассиқ ҳид камайгани йўқ. Завод ишга тушишидан аввал, тахминан уч йилча аввал ҳокимият вакиллари билан завод эгалари келишиб, бу ерда тайёр порошокни қадоқлаймиз, маҳаллий аҳолига иш берамиз, деб ваъда беришди. Биздан “розимиз”, деган хатни ҳам олишди. Кейин билсак, порошокни шу ерда ишлаб чиқаршаётган экан. Бу заводга ишга кирган одам 8-10 ойда, бир йилга бормасдан чиқиб кетяпти, чунки соғлиғини дабдаласи чиқиб кетяпти”, дейди завод яқинида яшайдиган ғазалкентлик.

Ғазалкентдаги маиший кимё заводи сассиғи аҳолини кўчага чиқишдан бездирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:52 0:00
Бевосита линк

Озодлик “Lotos Gold” Ўзбекистон-Британия қўшма корхонаси маъмуриятига изоҳ олиш мақсадида мурожаат қилди. Ўзини Ёқубжон деб таништирган корхона мулозими Ғазалкентнинг Искандар қўрғони аҳли шикоят қилган муаммо ҳал этилганини иддао қилди.

- Бу масала бўйича текширув ўтказилиб, муаммо ҳал қилинди. Сизга ким мурожаат қилганини билмайману, лекин бизга маҳаллий аҳоли икки ой аввал мурожаат қилган эди, барча тегишли органлар келиб, текширув ўтказиб, хулосаларини берди, дея таъкидлади “Lotos Gold” ширкати раҳбари Ёқубжон.

Озодликнинг текширув ким тарафидан ўтказилган, деган саволига Ёқубжон жавоб беришни истамади. У “Lotos Gold” фирмасининг Британиядаги ҳақдори ким эканини ҳам очиқламади.

Айни пайтда, Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги умумий бўлим раҳбари Аваз Ҳамроев “Lotos Gold” заводи билан боғлиқ вазиятни изоҳлашдан бош тортди.

“Lotos Gold” ширкатига оид Интернетдан топилган маълумотларга кўра, 2012 йилда ишга тушган мазкур заводда 90га яқин одам ишлайди ва у ерда бир нечта бренд остидаги кир ювиш воситалари ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистонда аҳоли пунктлари яқинида ташкил қилинган ишлаб чиқариш корхоналари маҳаллий аҳолига ноқулайликлар туғдириши тез-тез учраб туради.

Май ойи бошларида Бухоро вилоятидаги Когон шаҳрида жойлашган ёғ-мой заводидан чиқадиган қўланса ҳидга қарши маҳаллий аҳоли норозилик намойиши уюштирган эди. Норозилар заводан чиқадиган олтингугрт буғлари оғир хасталикларга сабаб бўлаётганини Озодликка айтишган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, махсус комиссия когонликлар шикояти ортидан текширув бошлаган ва ёғ-мой заводини ёпиб қўйган.

XS
SM
MD
LG