Линклар

Озарий матбуоти қамалган журналист хатини сохталаштириб чоп этди


“Бу бир неча йилдан бери Хадичага қарши уюштириб келинаётган ҳужумларнинг навбатдагиси бўлиб, улар ҳанузгача журналист ҳатто қамоқда туриб айтмоқчи бўлган гаплардан қўриқишларини кўрсатади”, деди ҳуқуқ фаолларидан бири.

“Бу бир неча йилдан бери Хадичага қарши уюштириб келинаётган ҳужумларнинг навбатдагиси бўлиб, улар ҳанузгача журналист ҳатто қамоқда туриб айтмоқчи бўлган гаплардан қўриқишларини кўрсатади”, деди ҳуқуқ фаолларидан бири.

Озарбайжонлик журналист Хадича Исмоилова 2014 йил декабрда судланмасдан қамалганидан бери бир неча очиқ хат ёзди. Аммо бу пайтгача уларнинг барчаси Озарбайжон ҳукумати бошқарувидаги матбуот назаридан четда қолиб келаётган эди.

Озодлик журналисти бўлмиш Исмоилова 11 июнь куни The New York Times газетасида Бокуда илк бор Европа ўйинлари ўтказилиши муносабати билан ёзган мактубини чоп эттирди.

Икки кундан кейин Озарбайжон давлат матбуоти Исмоилованинг хати эканлигини иддао қилиб, чала инглиз ва озарбайжон тилларида ёзилган мактубни тарқатди. Тарқатилган хатнинг сарлавҳаси оригинал хат сарлавҳасига тақлид қилиб ёзилган.

Аммо Бокуда чоп этилган версия оригинал мактубдан кескин фарқ қилади.

Исмоилова The New York Times газетасида “Озарбайжоннинг энг сара ҳамда энг закий одамлари қамалган, уларни Европа ўйинлари сабаб яшириб қўйишган”, деб ёзди. “Улар бизни кўришингизни ёки бизни ё бизнинг ўнғайсиз ҳақиқатларимизни эшитишингизни хоҳламайдилар”.

Бу жумлаларни Озарбайжонда “Озарбайжоннинг энг ёмон ҳамда энг разил одамлари қамалган, уларни Европа ўйинлари сабаб яшириб қўйишган. Улар бизнинг жиноятларимизни кўришни ёки ўнғайсиз ёлғонларимизни эшитишни хоҳламайдилар”, деб чоп этишди.

Исмоилова ўз мактубида уни қўлловчиларни “инсон ҳуқуқлари учун курашишда давом этишга” чақиради. Боку чоп этган версияда журналистни дастакловчилар “бешинчи икки нуқтани (инглизча colon – икки нуқта; аслида column – колонна бўлиши керак) мустаҳкамлаш учун курашишда давом этишга” чақирилади. Афтидан, Озарбайжон давлат матбуоти бу билан инсон ҳуқуқлари фаолларини бешинчи колонначилар ўлароқ тасвирламоқчи.

Озарбайжон матбуотида чоп этилган хат асл нусханинг ғирт тескарисидир. Унда оригинал мактубда ёзилган ҳар бир гапга қарама-қарши гап берилган. Озарбайжонда бу хат Исмоилова исми ва сурати билан, ўзгартирилгани ёки сатирик эканлиги ҳақида ҳеч нима айтилмай тарқатилди.

Исмоилова хатининг сохта нусхаси илк бор 13 июнь куни ҳукуматни қўлловчи SIA янгиликлар агентлиги сайтида озарбайжон ҳамда инглиз тилларида пайдо бўлди. Мақолада мактуб The New York Times газетасида чоп этилган хат билан бир эканлигини иддао қилинди.

13 июнь куни хат Kaspi янгиликлар агентлигида ҳам нашр қилинди. Мазкур агентлик асосчиларининг бири Сона Велиевадир. Велиева Озарбайжон президенти маъмуриятида ижтимоий ҳамда сиёсий масалалар бўйича бўлимга етакчилик қилаётган Али Ҳасановнинг рафиқаси. Исмоилова Ҳасанов ва унинг аёли фаолиятини тафтиш қилган эди.

Сохта версияни ҳукуматни қўлловчи бошқа оммавий ахборот воситалари ҳам чоп этди.

Ҳуқуқ фаоли Ребекка Винсент Озодликка ёзган мактубида: “Ҳукуматни қўлловчи матбуот тарқатаётган Хадича мактубининг сохта таржимаси даҳшатлидир, ҳатто уни чоп этган матбуотнинг паст стандарти бўйича ҳам”, деди. Винсент Бокунинг Европа ўйинларига мезбонлик қилиши ортидаги “репрессия, коррупция ҳамда цензурага эътибор қаратиш” учун курашаётган “Ҳуқуқлар учун спорт” кампаниясини бошқармоқда.

“Бу бир неча йилдан бери Хадичага қарши уюштириб келинаётган ҳужумларнинг навбатдагиси бўлиб, улар ҳанузгача журналист ҳатто қамоқда туриб айтмоқчи бўлган гаплардан қўриқишларини кўрсатади”.

Президент Илҳом Алиев ҳукумати инсон ҳуқуқларини поймол қилиб келаётгани учун кескин танқид қилиниб келади. Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари фаоллари Озарбайжонда юзга яқин сиёсий маҳбус борлигини ҳамда кўплаб фаол ва журналист тазйиқ ва тўсиқларга дучор бўлаётганини таъкидламоқдалар.

Исмоилова солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда ҳамда ноқонуний тадбиркорлик қилишда айбланмоқда. Журналистни қўлловчилар бу айбловлар Исмоилова Алиев ва унинг оила аъзолари қўл урган коррупцияни тафтиш қилгани учун ўч олиш мақсадида қўйилганини айтмоқдалар.

The New York Times газетасида чоп этилган мактубда Исмоилова сўзини “Фақат менинг эркинлигимни талаб қилманг; барча сиёсий маҳбус озодликка чиқарилишини талаб қилинг. Озарбайжонда сўз эркинлигини ҳимоя қилинг. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилинг”, деб якунлайди.

Озарбайжон давлат матбуоти бу жумлаларни қуйидагича “таржима қилди”: “Фақат менинг эркинлигимни талаб қилманг; барча сотқин озодликка чиқарилишини талаб қилинг. Озарбайжонда “ёмон муомала қилиш” эркинлигини ҳимоя қилинг. Сотқинларни, миллий хоинларни, “арманларни” арманлардан кўпроқ ҳимоя қилинг”.

Роберт Коалсон қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG