Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:43

OzodJavob: Тест синовлари билан боғлиқ қандай ўзгаришлар бор?


20 июнь куни Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига қабул жараёни бошланади. Шу муносабат билан OzodJavobнинг бу галги сонида қабул жараёни ва тест синовлари билан боғлиқ саволлар жавобини излаймиз.

Қабул жараёнлари бошланиши арафасида бўлажак абитурентлардан тест синовлари билан боғлиқ ўзгаришларга оид бир қанча мурожаат бўлди:

“Мен ўтган йили Тошкент Молия институтидан йиқилдим. Бу йил яна ҳаракат қилмоқчиман. Яқинда эшитдим тест синовларига янги ўзгаришлар киритилибди. Шулар ҳақида маълумот берсангиз”, дея сўради нукуслик Шомурод.

Жорий йилги тест синовларида жавоблар варақаси ўтган йилгидан фарқ қилади.

Давлат тест маркази расмий маълумотига кўра, “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом”га тўртта ўзгартириш киритилган:

1) Эндиликда имтиҳон варақасидан "Олий таълим муассаси коди" ва "Танлов коди" олиб ташланди. Варақада фақат "Махсус код" қолдирилган.

Тест маркази ходимларига кўра, янги ўзгаришлар абитуриентнинг кодларни алмаштириб бўяш ёки нотўғри бўяш каби хатоликларга йўл қўйишининг олдини олиш мақсадида киритилган.

Шунингдек, уларнинг айтишича, янги ўзгаришлар жавоблар варақасини расмийлаштириш учун кам вақт сарфланишини ҳам таъминлайди.

2) Янги ўзгаришлардан яна бири- саволларга жавоб берадиган доирачалар 1дан 108гача бўлган кетма-кет сонлар билан рақамланган.

Бу эса абитурент учун фан блоклари ва саволларни алмаштириб бўяш каби хатоликларнинг олдини олишга ёрдам беради.

3) Учинчи ўзгариш эса абитуриент ҳақидаги маълумотлар яъни исми-шарифи, таълим муассаси, ихтисослик ҳақидаги маълумотлар ва имзо ўрни жавоб бўяладиган доирачалар билан битта бетга жойлаштирилган.

Барча огоҳлантирувчи ёзувлар эса иккинчи бетга жойлаштирилган.

4) Саволлар китобида фанлар блоклари олиб ташланди.

Эндиликда китобдаги саволлар рақамлари кетма-кетликда келади.

Мисол учун 3та фан блоки мавжуд бўлган саволлар китобида биринчи фан саволлари 1 дан 36 гача, иккинчи фан 37 дан 72 гача, учинчи фан 73 дан 108 гача шаклда рақамланган.

Тест маркази ходимларига кўра, бу ўзгариш абитуриент томонидан саволлар китобида тўғри деб танлаган жавобларини жавоблар варақасида бўяшда йўл қўйилиши эҳтимоли юқори бўлган, масалан блокларни алмаштириб бўяш, саволларни алмаштириб бўяш каби хатоликларнинг олдини олишда ёрдам беради.

Тест маркази абитуриент имтиҳон варақаларини тўлдиришда хатога йўл қўйса, унинг эътирозлари қабул қилинмаслигидан огоҳлантиради.

Шунинг учун абитуриентлар тартиб-қоидалар билан батафсил танишиб чиқишлари лозим бўлади. Тест маркази имтиҳон варақасини қандай тўлдириш лозимлиги ҳақида қуйидаги линкда батафсил маълумот берган.

Қачонгача ҳужжат топшириш мумкин?

Амалдаги тартибга кўра, абитуриентлар ўзлари танлаган олийгоҳга 20 июндан 20 июлга қадар ҳужжат топширишлари мумкин. Тест синовлари эса 1 август куни ўтказилади.

Ҳозирча 2015-2016 ўқув йили бўйича қабул жараёнига оид ҳукумат қарори чиқмади. Шу боис бу йил мамлакат олийгоҳларига нечта талаба қабул қилиниши маълум эмас.

Ўтган йили Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кириш учун 543 мингдан зиёд абитуриент ҳужжат топширган. Бу эса мустақиллик йиллари учун рекорд кўрсаткич, деб айтилди.

Жорий йилда абитуриентлар сони бундан ҳам кўп бўлиши тахмин қилинмоқда.

Ўтган йили олийгоҳларда ҳар бир ўрин учун даъвогарлик қилувчилар сони 9 кишидан (аниқроғи 9,36) ошди.

Бакалавриатга 57 907 та талаба қабул қилинди, ундан 19 120 таси давлат гранти, 37 487 таси эса шартнома асосида ўқишга кирган.

Шунингдек, магистратурага қабул қилинган 5000 талабадан 1548 таси давлат гранти асосида, 3452 таси эса шартнома асосида олинган.

XS
SM
MD
LG