Линклар

Самарқанд вилояти Иштихон туманида истиқомат қилувчи 18 яшар қиз 21 яшар йигитини ов милтиғидан отиб ўлдирди. Озодлик манбаларига кўра, якшанбага ўтар кечаси бўлиб ўтган жанжалда ошиқ йигит милтиқни пешонасига тираб, қизга "от" деган ва у ҳам ўйлаб ўтирмай тепкини босиб юборган.

Иштихон туманининг Қорақўйли қишлоғида истиқомат қилган 21 яшар йигит (йигит ва қизнинг исми-шарифи Озодликка маълум, лекин маълум сабабларга кўра уларни очиқламаймиз) ўзи яхши кўрган 18 яшар қиз томонидан отиб ўлдирилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган иштихонлик манбанинг айтишича, воқеа 14 июнь, якшанбага ўтар кечаси соат бирларда содир бўлган:

“Булар уч-тўрт улфат йигитлар ўлган боланинг уйида зиёфатда бўлишади. Ичкиликбозлик бўлган. Унинг ҳовлисининг пастидан Оқдарё оқиб ўтади. Ўша дарё бўйига кечаси соат 1-2ларда чиқишади. Уч йигит ва бир қиз. Кейин бир йигитни отаси чақириб олиб кетади. Икки йигит ва қиз қолади. Ўрталарида нима жанжал бўлади, бундан хабарим йўғу, йигит уйига қайтиб, қўш оғизли милтиқни олиб чиқади. Кейин йигит милтиқни пешонасига тираб қизга "от" дейди. Эҳтиётсизлик қилибми ёки қасдданми, бунисини билмадиму, қиз тепкини босиб юборади. Йигит бошидан жароҳат олиб, воқеа жойида ҳалок бўлади”, деди манба.

Иштихон тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими шундай воқеа бўлганини Озодликка тасдиқлади:

“Айни пайтда йигитни отиб қўйган қиз ҳибсга олинган ва сўроқ қилиняпти. Воқеага алоқадор бошқа йигитлар ҳам кўрсатма бермоқда. Йигитлар маст ҳолатда бўлишган ва қизнинг ярим кечаси у жойга қандай келиб қолгани ҳам суриштириляпти”, деди ички ишлар мулозими.

Ўзбекистонда ошиқ йигит-қизлар орасидаги ишқий муносабатларнинг фожеавий якун топиш ҳолатлари аввал ҳам кузатилган.

Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ қишлоғи ҳудудидан ўтувчи Катта Фарғона каналида жорий йилнинг 30 март куни бир қиз ва икки йигит чўкиб нобуд бўлди. Озодлик манбасига кўра, севгани билан жанжаллашиб қолган қиз жаҳл устида ўзини каналга ташлаган. Уни қутқариш учун каналга отилган йигит ва унинг дўсти ҳам чўкиб кетган.

Наманган вилоятидаги Чуст туманида 2013 йилнинг 18 октябр куни 21 ёшли йигит ва 17 ёшли қиз ўзини осиб қўйган эди. Марҳумлар қолдирган мактубга кўра, уларга бирга бўлишга имкон беришмагани учун ҳам ўз жонларига қасд қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG