Линклар

Жиззахлик талабалар имтиҳонлар учун пул олинаётганини иддао қилмоқда


Талабалар давлат имтиҳони учун 100 минг сўмдан пул сўрашаётганини иддао қилишмоқда.

Талабалар давлат имтиҳони учун 100 минг сўмдан пул сўрашаётганини иддао қилишмоқда.

Жиззах Давлат педагогика институти табиий фанлар факультетининг 4-курс талабалари давлат имтиҳонлари учун битирувчилардан юз минг сўмдан пул йиғилаётганини иддао қилишмоқда. Талабаларга кўра, бу пуллар бошқа олийгоҳлардан давлат имтиҳони олиш учун келган домлаларни боқиш, биноларни ремонт қилиш баҳонасида йиғиляпти. Бироқ, факультет раҳбарияти имтиҳонлар учун пул йиғилаётганини кескин инкор қилмоқда.

Жиззах Давлат педагогика институти табиий фанлар факультетининг 4-курс талабаларидан Озодликка келган мактубда иддао қилинишича, декан ўринбосари давлат имтиҳонлари баҳонасида битирувчилардан пул йиғмоқда:

“Иккита давлат имтиҳонимиз бор. Имтиҳонга, ремонтга ва келадиган меҳмонларга деб, замдеканимиз Зикиров биз битирувчиларга 100 минг сўмдан солиқ солди. Старастоларимиз пулни йиғиб юрибди. Агар кимки пул бермаса давлат имтиҳонидан ўтолмайди, деб пўписа ҳам қилишмоқда”, деб ёзилади мактубда.

Озодлик телефон орқали суҳбатлашган талабалардан бири микрофонсиз суҳбатда имтиҳонлар учун пул йиғиш давом этаётганини иддао қилди:

“Куни –кеча тарихдан гос топширдик. Ҳамма ўтди. 7 киши 100 минг сўмдан берган экан. Замдеканимиз ана шу пулга ҳаммаларинг ўтдиларинг энди қолганлар ҳам йиғиб берсин, дебди. Инглиз тили имтиҳонида ҳам ҳеч кимда проблема бўлмайди, дебди. Лекин биз имтихонларни ўз кучимиз билан топширдик. Пул бер-бер дейишлар жонимизга тегди. Пластикка тушган стипендияни ўзи нақд қилгунча 15-20 фоизи кетиб қоляпти”, деди талабалардан бири.

Институтнинг табиий фанлар факультети декани ўринбосари Бахтиёр Зикиров Озодлик билан суҳбатда талабаларнинг имтиҳонлар учун пул йиғилаётгани ҳақидаги иддаоларини инкор қилди:

“Бўлмаган гап. Ҳеч қачон имтиҳон учун пул йиғилмаган. Бунақа нарса умуман бўлмаган”, деди декан ўринбосари Бахтиёр Зикиров.

Мазкур институт талабалари илгари ҳам улардан асоссиз равишда пул йиғилаётгани ҳақида шикоят қилган эдилар.

Жумладан, табиий фанлар факультети талабалари пахта чопиғига олиб чиқилмаслик учун пул йиғиб беришганини иддао қилиб, пул бермаганлар дарслардан чиқариб юбориш ва имтиҳонларга киритилмаслик билан таҳдид қилинганини айтган эдилар.

Талабаларнинг пахта чопиғига чиққанини рад этмаган институт раҳбарияти пул йиғиш ҳақидаги талабалар иддаосини инкор қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG