Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:13

Дипломатия университети ётоқхонасида талаба ўлик ҳолда топилди


Ўзбекистондаги етакчи олийгоҳлардан саналмиш Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ётоқхонасида душанба куни шу университет талабаларидан бирининг ўлик ҳолда топилгани катта шов-шувга сабаб бўлди. Университет талабалари унинг ўлимига доир турли гап-сўзлар тарқаган.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг 2-курс студенти Марат Дусиев университет ётоқхонасида душанба куни ўлик ҳолда топилди.

Гувоҳлар талаба танасида қон изларини кўришган. Ётоқхонада яшовчи марҳум талабанинг дўстларидан бири Озодликка бу ҳақда шуларни айтди:

- Душанба куни бўлди бу. Хонадоши ётоқхонада бўлмаган ўша куни. Уйига кетган. Марат битта ўзи қолган хонасида. Душанба эрталаб унинг хонадоши келса, ўлик ётган бўлган. Кўзи очиқ, ўлик ҳолда ётганини кўрган. Қасддан қилинган, деган гаплар бор. Кимдир айтади, ўзини ўзи ўлдирган. Лекин кўкрагининг бир қанча жойида жароҳатлар, қотиб қолган қон излари бўлган, дейишяпти, аниқ билмайман. Ҳозир милиция, прокуратура келган, ҳаммани қаттиқ текшираяпти. Ётоқхонадан беш болани сўроққа олиб кетди,- дейди ЖИДУнинг исми сир қолишини истаган талабаси.

20 ёшли Марат Дусиев Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро муносабатлар факультетининг 2-курсида ўқиган.

Университетнинг исми сир қолишини истаган ўқитувчиларидан бирининг Озодликка айтишича, талаба ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин, деган тахмин ҳам бор:

- Бу бола аълочи студентлардан эди. Ўша куни хонасида битта ўзи қолган. Ўзини ўзи ўлдирганми, деб ўйлаяпмиз. Чунки эшик берк бўлган. Курсдошларини айтишича, сўнгги пайтларда анча тушкун кўринган. Онаси ҳам йиғлаб келиб, ўғли ўқишни битиргандан кейин иш топиш қийин экан, деб хафа бўлиб юрганини айтди. Мен унга аълочи болалар доим иш топадику, дедим. Қайсидир студент унга шунақа гапирган экан, бу факультетда ўқиганинг билан иш тополмайсан, деб. Лекин, нима бўлганини аниқ билмаймиз. Ҳозир прокуратура ҳам шу ерда, ички ишлар ҳам. Боллардан бармоқ изини олган. Заключения йўқ ҳали,- деди университет ходими.

Ҳозирда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси ходимлари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабасининг шубҳали ўлими бўйича тергов олиб бормоқда.

Лекин, ҳар икки идора расмийларидан талаба ўлими тафсилотлари ҳақида маълумот олиб бўлмади.

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бўлими расмийларидан бири мазкур иш прокуратурага оширилганини айтди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида талаба ўлими билан боғлиқ иккинчи ҳолат бу.

Саккиз йил аввал айни университет ётоқхонасида биринчи курс талабаларидан бири ўлик ҳолда топилган эди. Тергов хулосасига кўра, ўша талаба томирини ёриб, жонига қасд қилган.

ЖИДУнининг талабалари тўқсонинчи йил охирларида олийгоҳнинг аълочи студентларидан бири хорижлик курсдошларининг хонасида ўғирлик қилганлик айби билан узоқ муддатга қамалгани ҳолатини ҳам эслашади.

1992 йилда собиқ Совет Иттифоқнинг Олий партия макатаби ўрнида ташкил этилган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидан давлат бошқаруви тизимлари, жумладан Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ишлар вазирлиги учун мутахассислар етишиб чиқади.

Кузатувчилар фикрича, айнан шунинг учун ҳам ЖИДУ ўқишга кириш учун энг катта пора талаб қилинадиган олийгоҳлардан биридир.

XS
SM
MD
LG