Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:43

Мижозларини алдаган “Билайн”, нафақа пулларини ўмарган почта амалдори


Жиззах почтаси раҳбари 51,5 миллион сўм пенсия пулини ўзлаштириб юборган.
Жиззах почтаси раҳбари 51,5 миллион сўм пенсия пулини ўзлаштириб юборган.

“Билайн” компаниясининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди. Жиззахда миллионлаб нафақа пулини ўзлаштирган почта раҳбари ушланди. Россиялик хонанда Полина Гагаринанинг Тошкентдаги фонограммали концерти юзасидан иш қўзғатилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Адлия вазирлиги расмийси ниқобланган уруш хатаридан огоҳлантирди”

Марказий Осиё давлатларида турли геосиёсий кучлар томонидан нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларини ўз назоратига олишга уринишлар давом этмоқда (“Ҳуррият”, 17 июнь).

Ўзбекистон Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Худоёр Мелиев бу ҳолатни дунё миқёсида кечаётган гибрид урушнинг бир кўриниши деб атайди.

Вазирлик расмийсига кўра, Марказий Осиёда аввалроқ рангли инқилоб сценарийси, “бошқариладиган тартибсизлик” назарияси қўлланилди, “бўлиб ташла ҳукмронлик қил” қабилида минтақа давлатларини ўзига оғдириш ҳаракатлари бўлди.

“Бундан мақсад бу кучлардан “бешинчи колонна” сифатида фойдаланиш, ички тартибсизликни келтириб чиқариш, кейинчалик эса инсон ҳуқуқларининг ҳимояси байроғи остида мамлакатнинг ички ишларига ниқобланган тарзда аралашишдир”, деб ёзади Адлия вазирлиги расмийси Х.Мелиев.

"“Билайн” компаниясининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди”

Ўзбекистонда уяли алоқа хизмати кўрсатиб келаётган “Билайн” компанияси фаолиятидаги бир қатор ноқонуний ҳаракатлар фош этилди (“Даракчи”, 18 июнь).

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси хулосасига кўра, компания мижозлар ҳисобидан асоссиз равишда пул ечиб олган, айрим ҳудудларда узоқ вақт давомида алоқанинг йўқолиб қолиши кузатилган.

Жорий йилнинг январь-май оралиғида инспекцияга “Билайн” фаолияти юзасидан келиб тушган шикоятлар ўтган йилга нисбатан 29,7 фоизга ортган. Давлат инспекцияси шикоятлар асосида мониторинг олиб бориб, “Билайн”нинг хизмат кўрсатишини қониқарсиз деб баҳолаган.

Қайд этилишича, давлат инспекцияси “Билайн” ширкатига кўп маротаба кузатилаётган қўпол қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма берган, акс ҳолда, чоралар кўрилишидан огоҳлантирган.

“Жиззах почта раҳбари миллионлаб нафақа пулларини ўзлаштирди”

“Ўзбекистон почтаси” компанияси Жиззах филиали алоқа бўлими бошлиғи Зокир Шербеков фуқароларга ажратилган нафақа пулларини ўзлаштиргани сабабли қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 18 июнь).

Почта бўлими раҳбари бир йил давомида 51,5 миллион сўм миқдордаги нафақа пулларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган, ўзидан юқори турувчи почта тармоғига эса нафақа пуллари тўлиқ тарқатилган тўғрисида сохта ҳисоботлар бериб келган.

Қайд этилишича, суд ҳукми билан почта мансабдори Зокир Шербековга тегишли жазо тайинланган.

“Депутатлар маҳаллий ҳокимият камчиликларидан кўз юмиб келмоқда”

Вилоятлардаги маҳаллий партия ташкилотлари ва депутатлар орасида суст фаолият олиб бораётганлари учрамоқда (“Ўзбекистон овози”, 18 июнь).

Халқ демократик партияси Тошкент шаҳри кенгаши раиси Ҳайдар Бобохоновга кўра, депутатлар маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятидаги камчилик ва нуқсонлар билан муроса қилиб келмоқда.

“Аслида эса маҳаллий партия ташкилотлари, депутатлар муаммоларни изчил ўрганиб бориши ва таклифларни илгари суриши лозим. Қонунлар ижросига лоқайд қараётган, ижтимоий масалаларни ҳал этишни пайсалга солаётган айрим мансабдорлар фаолиятига ўз вақтида танқидий баҳо беришимиз зарур”, деб ҳисоблайди демократик партия раҳбарларидан бири Ҳ.Бобохонов.

“Ғирт бекорчи хотинлар ўйлаб топган маросимлар кўпайиб бормоқда”

Тўй ва маъракалардаги дабдабабозликни бартараф этиш долзарб бўлиб турган бир паллада тўйга илова бўлган турли маросимлар ҳам ўйлаб топилмоқда (“Инсон ва қонун”, 16 июнь).

“Биргина никоҳ тўйи шунча дахмазага айлангани камдек, унинг ёнига бачки бўлиб, “қизлар базми”, “келин чақириқ”, “куёв чақириқ”, “қуда-анда чақириқ”, “чорлар”, “асал ойи”, “йўқлов” кабилар ҳам қўшилган. Буларнинг бари ҳаётнинг мазмунини тоғоралар кўтаришдан иборат деб биладиган беш-олтита ғирт бекорчи хотинлар томонидан ўйлаб топилган ва уларнинг ҳар бири битта тўйнинг харажатига яқинлашиб қолади”, деб ёзади тадқиқотчи Мирислом Бадалов.

Муаллиф “Лайлакнинг юришини қиламан деб чумчуқнинг бути йиртилибди” деган нақлни келтиради ва тўй-ҳашам харажатлари чўнтак кўтармас даражага етиб бораётганини таъкидлайди.

“Эртакларда маст қилувчи ичимликлар ва ахлоқсизлик тарғиб этилмоқда”

Ўзбекистонда болалар учун чоп этилаётган эртак китобларида ҳаётимизга чирмовуқ сингари ўралиб олган уятсизлик, қотиллик, зўравонлик, сеҳргарлик каби иллатлар тарғиб этилмоқда (“Оила даврасида”, 18 июнь).

Хусусан, “Янги аср авлоди” нашриётида 2015 йилда чоп этган “Уч оғайни ботирлар” китобида шундай иллатлар тарғиб этилган. Масалан, “Мушук, ит ва сичқон” эртагида сархуш девлар қўрғонини ҳийла билан ишғол қилган қаҳрамонлар ғалабани “озгина-озгинадан шароб ичиб” нишонлайди.

“Ичимлик ичиб, сармаст бўлиш қачондан бери севимли болажонларимизга “миллатимизнинг бой маданий мероси” тарзида тақдим этиладиган бўлди? Вояга етмаганлар орасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарғиб қилмаслик ва сотмаслик ҳақида алоҳида қонун ҳам борлигини наҳотки эсдан чиқарган бўлсак?” дея савол қўяди Абдулкарим Авазбеков.

Мақола муаллифи ахлоқий бузуқликка тарғиб қилувчи эртаклардан ҳам мисоллар келтиради.

“Россиялик хонанда Полина Гагаринанинг Тошкентдаги фонограммали концерти юзасидан иш қўзғатилди”

Ўзбекистон давлат рақобат қўмитаси россиялик хонанда Полина Гагаринанинг Тошкентда ўтган концерти юзасидан иш қўзғади. Бу ҳақда давлат қўмитаси бош мутахассиси Абдураҳмон Раупов “Даракчи” нашрига маълум қилади.

Жорий йилнинг 28 февралида Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида ўтказилган концертда хонанда П.Гагарина фонограммада 20 та қўшиқ куйлаган.

Концерт рекламасида эса қўшиқлар жонли ижро этилиши маълум қилинган. Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан концерт ташкилотчиси “Eldorado production” ширкати жавоб беради.

XS
SM
MD
LG