Линклар

Ўзбекистон чегара қўмитаси: Афғонистон билан чегарадаги вазият назорат остида


Ўзбекистон чегара хизмати Афғонистон билан чегарадаги вазиятни назорат қилаётганини баён қилди. РИА Новости агентлиги исми келтирилмаган Миллий хавфсизлик хизмати давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси расмийсидан иқтибос келтириб, чегараолди минтақаларда жангарилар тўпланаётганига доир хабарлар фонида қўшни давлатлар билан оператив маълумотлар алмашилаётганини хабар қилди.

Пайшанба куни Тожикистон чегара қўшинлари бошлиғи Ражабали Раҳмонали 1,5 мингга яқин жангари, жумладан “Исломий давлат” гуруҳи жангарилари Тожикистон чегарасига бевосита яқин минтақаларда Афғонистон ҳукумат кучлари билан фаол жанговар ҳаракатларни олиб бормоқда, дея билдирган эди.

Ўзбекистон чегара хизмати расмийсининг таъкидлашича, Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош минтақасида ҳам жангариларнинг тўпланаётгани кузатилмоқда, лекин “уларнинг сони тожик-афғон чегараси яқинидагидек кўп эмас”. “Бизнинг чегарамиз олдида уларнинг сони анча камроқ ва биз тасдиқланган схема бўйича иш олиб бормоқдамиз”, дея қўшимча қилган расмий.

Сўнгги пайтларда Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида “Исломий давлат” гуруҳи жангарилари ўз нуфузини ошираётганига доир хавотирлар янграмоқда. Пайшанба куни АҚШ Мудофаа вазирлиги “Исломий давлат” гуруҳининг Афғонистондаги фаолияти “бошланғич паллада” ва у ерда ўз сафларини кенгайтириш йўлларини қидирмоқда, дея огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG