Линклар

Андижонда аҳолига суюлтирилган газ таъминоти ўн бараварга камайди


Одамлар газ баллонларини тўлдириш учун навбатда

Одамлар газ баллонларини тўлдириш учун навбатда

Андижон вилояти аҳолисини суюлтирилган газ билан таъминлаш деярли тўхтаб қолди. Аҳоли пропан газини автомобилларга газ қуйиш станцияларидан тижорат нархида сотиб олишга мажбур бўляпти. Расмийлар бунинг сабабини пропан гази таъминотидаги узилишлар билан изоҳлаяпти.

Андижон вилояти шаҳар ва туманларида аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш деярли тўхтаб қолди.

Аҳолини суюлтирилган газ таъминотига ўтказиш борасидаги ҳукумат дастурининг бажарилиши ортидан газ баллонлари сотиб олган одамларга энди суюлтирилган газни етказиб бериш муаммо бўлиб қолганидан шикоят қилмоқда андижонликлар.

Бундан икки ой олдин аста-секин вилоятда тортила бошлаган пропан газ таъминоти бугунга келиб қарийб тўқсон фоизга қисқаргани айтилмоқда.

Ҳукуматнинг арзон пропан газ етказиб бериш ваъдасининг бажарилишидан бутунлай умидини узган андижонликлар энди автомобилларга газ қуйиш станцияларидан суюлтирилган газни тижорат нархларида сотиб олишга мажбур бўлмоқда.

Шаҳрихонлик пенсионер Жаҳон ота ҳам икки ойдан буён фақат тижорат нархида газ сотиб олаётганини айтади:

- Икки ойдан буён аҳолига бериладиган суюлтирилган газ йўқ деярли. Мен ҳам баллон сотиб олиб маҳаллага тўлдиришга топширган эдим. Уч ойдан кейин зўрға топдим баллонимни, кейин буларга ишонмай қўйдим. Ўзим заправкага бориб тўлдириб келяпман. Бизда табиий газ узилганига 19 йил бўлди, яна 19 йилдан сўнг газ келиб қолар деган умидда, трубаларни сақлаб турибмиз,- дейди Жаҳон ота.

Асакалик ўқитувчи Дилрабо ҳам икки ой аввал аста-секин камая бошлаган пропан гази бугун аҳолига умуман берилмай қўйганлигини айтди:

- Ҳозир бутунлай тўхтатилди. Аҳоли ололмаяпти. Нима бўлдийкин деб ҳамма ҳайрон. Биз ўзимиз заправкалардан тўлдириб келяпмиз, дейди Дилрабо.

Андижон вилояти газ таъминоти идорасининг ўзини таништирмаган мулозими ҳақиқатдан ҳам икки ойдан буён пропан гази тақчиллашиб келганини Озодликка тасдиқлади:

“Икки ой бўлди суюлтирилган газнинг танқислигига. Оз келяпти, жуда ҳам оз келяпти. Режалаштирилганидан ўндан бир қисмини оляпмиз, холос. Олдин 400-500 тонна келган бўлса, ҳозир 40-50 тонна оляпмиз. Бу, олдин ўн киши олган бўлса ҳозир бир одам зўрға оляпти, дегани. Бу ҳақда Тошкентга ҳам бир неча бор хат ёздик, лекин ўзгариш йўқ. Одамларнинг шикояти кўпайиб боряпти”, деди мулозим.

Андижонлик маҳалла фаоли Қосимжон аканинг айтишича, ҳукуматнинг аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш борасидаги тадбирлари катта ваъдалар билан бошланган эди, лекин ҳукумат бу вазифани эплай олмаяпти:

- Бу иш яхши ниятлар билан бошланган эди. Лекин иш ташкилида камчиликлар жуда кўп. Биринчиси, газ баллонлари билан таъминлаш яхши эмас. Одамлар ариза ёзиб уч-тўрт ойлаб навбат кутишади. Баллоннинг нархи 54 минг сўм. Тўғри бозордан 3 баравар арзон, лекин йўқ. Майли баллонни ҳам олдингиз. Энди уни тўлдиришга маҳаллага топширасиз. Қачон у баллонлар йиғиладию, қачон уни тўлдириб келишади, орадан анча вақт ўтиб кетади. Энг асосийси эса, баллонингиз ҳам бору, лекин газнинг ўзи йўқ, деди маҳалла фаоли Қосимжон ака.

Ўзбекистонда табиий газ тақчиллиги боис бундан тўрт йил олдин ҳукумат аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш дастурини қабул қилган эди.

Ўтган йиллар давомида бир қанча вилоятларда табиий газ қувурлари кесиб ташланиб, туманларда аҳолини арзон нархдаги суюлтирилган газ билан таъминлаш идоралари ташкил қилинди.

Бироқ, сўнгги пайтларда суюлтирилган газ таъминотида ҳам узилишлар бўлиб тураётгани кузатилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG