Линклар

Ўзбек муҳожири: "Бу ер худди турмага ўхшайди"


Челябинскдаги хориж фуқароларини сақлаш маркази.

Челябинскдаги хориж фуқароларини сақлаш маркази.

Озодлик Россиянинг турли минтақаларида жойлашган Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш махсус муассасалари (СУВСИГ)даги аҳвол билан таништиришни давом этади. Бир ойдан бери ўз депортациясини кутиб ётган 33 ёшли Алишер Челябинск изоляторидаги ички тартиб-қоида ҳақида сўзлаб берди.

“Бу ер ҳудди турмадагидек!”

Россиянинг Челябинск шаҳридаги Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш муассасасида сақланаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Озодликка изоляторда ўрнатилган тартиб турмадан фарқ қилмаслигини гапирди.

Ўзини Алишер деб таништирган йигит ватанига депортация қилинишини бир ойдан кўпроқ кутиб ўтирганини айтди:

- Асосий муаммо – ҳужжатларимизнинг йўқлигида. Бизга айтишдики, ўзбекистонлик муҳожирларга ўртача 3 ойда жавоб келар экан. “Қачон сизларнинг давлатларингиз жўнатса шунда келади – энг узоғи билан 3 ойда келади. Лекин биз сизларни 6 ой ушлаб туришга ҳаққимиз бор – ундан ортиқ эмас”, деди. Мен 20 майдан бери ётибман. Бу ерда жами 81 киши, шулардан ярмиси – Ўзбекистондан, - дейди Алишер.

Изолятор хонаси

Изолятор хонаси

Маълум бўлишича, Алишер сақланаётган хона 4 кишига мўлжалланган. Алишернинг айтишича, режим ўрнатилгани билан, унга ҳеч ким риоя қилмас экан.

- Режим бўйича бизга кун тартибини берган. Эрталаб нечадан кечки нечагача, аммо унга амал қилинмайди. Мана бугун прогулкага чиқарилгани йўқ. Аслида кунига 2 соат тоза ҳавога чиқишимиз керак: тушликкача бир соат ва тушликдан кейин бир. Қолган кунлари 20 минутдан 30 минутгача чиқаради. Ташқарида қафасга, ҳамма тарафи ўралган клеткага чиқаради.

Озиқ овқати: эрталаб каша беради, 30 грамм шакар ва развесной чой беради. Чой ҳам эрталабкисидан ортмайди. Яъни бир кунда бир стакан чой ичамиз. Обедга суюқ-қуюқ икки хил овқат беради. Бугун, масалан, солянкага ўхшаган берди, иккинчига – макарон ва котлет. Котлети эски гўштдан қилган экан – ташлавордик. Буларга айтсак, “Бизларга олиб келганини тарқатамиз”, деди, - дейди ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

"Тўполон қилганлар бошқа, биз эса жавобгар!"

Маҳбус йигит қамоқхонадаги яқинда кўтарилган маҳбуслар тўполони туфайли ички тартибга бўлган талаб кучайтирилди, “передачка”лар ҳам тўхтатиб қўйилди, дейди.

“Энг ёмони – бизни ташқари билан боғлаб турадиган телефонларимиздан фойдаланишга рухсат йўқ”, дея давом этади у:

- Фақат ғалаён бўлган куни ОМОН келди. Улар урган... Биномизда иккита қанот бор. Бир томонда бизлар – документини йўқотган ёки маъмурий жазо билан тушганлар, иккинчисида – зонадан келган ва депортация қилиниши керак бўлганлар. Турмадан фарқ қилмаймиз: ичкарида розеткалар йўқ, телефон зарядкасига бир кунда 15 минут бериши керак эди. 81 одамга 15 минутдан ўзингиз ҳисобланг. Начальник янги келган, қиламиз, дейди, иложи йўқ. Туалетдаги симга ўзим удлинитель олиб келиб, симига улаб қўйдим. Телефонларимизни эса бутунлай олиб қўйишган, - дейди суҳбатдош.

Муассаса раҳбарияти маҳбусларга СУВСИГда ҳеч қандай телефон ёки бошқа воситаларни сақлашни тақиқловчи “бошлиқ имзолаган махсус ҳужжат”ни ҳам тақдим этгани маълум бўлди.

Озодликка маълум бўлишича, шу ойнинг 6 куни Челябинск Хориж фуқароларини сақлаш марказида депортация қилинишини кутиб ётган бир гуруҳ ўзбекистонлик фуқаролар муассаса ходимига ташланиб, уни калтаклаган, бу тўполонга бошқа маҳбуслар қўшилган. Идора раҳбарияти 15 кишича асосан ўзбекистонликлар иштирок этган тўполонни бостиришга махсус ОМОН гуруҳини чақиртирган.

Терговчиларга кўра, олдин судланган ўзбекистонликлардан бири ходимга ҳужум қилган ва ташқарига чиқиб, қочиб қолган.

“Бироқ, 11 июнь куни махсус амалиёт натижасида оғир жиноятлар учун ўтириб чиққан қочоқ ҳибс этилди ва яна ортга қайтарилди”, деб хабар қилди Челябинск вилояти ФМС бошқармаси.

Икки нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан маҳаллий Тергов қўмитаси томонидан жиноий иш очилгани, ғалаённи бошлаганликда айбланаётганларга 5 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлиги маълум бўлди.

Алишер нима сабабдан ўзбеклар бошқа давлат фуқароларига нисбатан депортация лагерларида узоқроқ вақт сақланиши сабабларини суриштириб билганини ҳам айтди:

- Ўртача 3, баъзан 6 ойча қолиб кетяпмиз. Қирғизистон, Қозоғистон фуқароларига – 1 ойда келади ҳужжат. Бизга эса “Чунки ҳаммани жонига теккансизлар. ЕвразЭСга қўшилмагансизлар, сиёсатларинг Путин сиёсатига қарши”, деди таниш ФМС ходими, - дея тушунтирди яна қанча вақт депортация лагерида қолиши номаълумлигича қолаётганидан афсусланган 33 ёшли Алишер.

Озодликнинг Челябинск изолятори раҳбариятига нима сабабдан депортация кутаётган хорижликларга телефондан фойдаланиш, ташқарига сайрга чиқиш ҳамда бошқа эркинликларга чек қўйилаётгани юзасидан қилган мурожаати ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Озодлик Россиянинг турли минтақаларида жойлашган СУВСИГ - Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш махсус муассасаларидаги вазиятни кузатиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG