Линклар

logo-print

"Исломий давлат" сафида эканини иддао қилган ўзбек жангариси миллатдошларини ИДдан бошқа гуруҳларга қўшилишдан қайтарди. Ўзини Абу Ҳусайн Ўзбекий, деб таништирган шахс Сурия ва Ироқ ҳудудидаги террорчи гуруҳлар орасида зиддият кучайгани ва хорижлик жангарилар маҳаллий жангарилар томонидан "замбаракка ем" қилинаётганидан арз қилди.

Ўзини ўзбекистонлик Абу Ҳусайн Ўзбекий, деб тақдим қилган шахснинг рус тилида қилган 6 дақиқалик видеомурожаати шу кунларда ижтимоий тармоқлар ва ИД тарафдори бўлган рус тилидаги сайтларда тарқалди.

Видеога ИДнинг норасмий тарғиботчиси кўрилган ва террорчи гуруҳнинг Шимолий Кавказ минтақасидан борган жангарилари томонидан юритиладиган Furat Media гуруҳи тамғаси урилган.

Видеомурожаатдаги шахс 2013 йилда Ўзбекистондан тўғри Сурияга боргани ва у ерда "Жабҳат ал-Нусра" гуруҳининг ўзбек қўмондонларидан бири - Абу Салоҳ Ўзбекий бошчилигдаги ўзбек жангарилари гуруҳига қўшилганини айтади.

Сўнгра эса бу шахс "Жабҳат ал-Нусра" гуруҳини обрўсизлантирувчи даъволарни илгари суради ва муҳими, бу гуруҳга бирлашаётган хорижлик жангариларнинг араб жангарилари томонидан "замбаракка ем қилинаётгани"ни иддао қилади.

Ўзини "Жабҳат ал-Нусра" гуруҳи таркибидаги собиқ разведкачилардан бири, деб тақдим қилган Абу Ҳусайн Ўзбекий ўзи иштирок этган амалиётларга доир ахборотларни фош қилади. У берган маълумотлар муқаддам матбуотда хабар қилинган бир неча амалиёт, жумладан, 2013 йилнинг ноябрида ИД томонидан Сурия озодлиги армияси қурол-ярроғ омборига қилинган ҳужум ҳақидаги маълумотлар билан айнидир.

Шунингдек, бу шахс мусулмонларнинг моли ва номусига ҳужум қилаётган ИД эмас, деган даъвони илгари суришга уринди ва "Жабҳат ал-Нусра" гуруҳи раҳбарилари ўз жангариларига Сурия озодлиги армияси таркибидаги мусулмонларнинг моли ва қонини ҳалол деган, деб иддао қилди.

Бундан ташқари, "кўплаб ёлғонларини" сезиб қолгач, етакчилари билан тортиша-тортиша бу гуруҳни тарк этганини иддао қилган Ўзбекий Ироқ ва Сурияга бормоқчи бўлганларни тўғридан-тўғри "Исломий давлат"га қўшилишга чақиради.

Ироқ ва Сурия ҳудудида жанг қилаётган турли жангари гуруҳлар фаолиятини кузатаётган таҳлилчилар йирик гуруҳлар ўртасидаги зиддият анчадан буён давом этаётганини айтиб келмоқда.

Аммо кузатувларга кўра, барча жамоалар орасида ўзбек жангарилари гуруҳининг эътибори катта ва "Исломий давлат" тарғиботчилари навбатдаги видеомурожаатга шунинг учун айнан ўзбек мужоҳидини танланган.

Long War Journal таҳлилчиси Калиб Вайснинг айтишича, ўзбек жангари жамоалари орасида 2014 йилларгача "Жабҳат ал-Нусра" таркибида бўлган Абу Салоҳ номли ўзбек қўмондони гуруҳининг номи чиққан.

"Бу "Сайфиддин жамоати" деган гуруҳ, деган маълумот бор, аммо мен буни қанчалик тўғри эканини аниқ айтолмайман. Бироқ, бир вақтлар Ўзбекистон Исломий ҳаракати шу номдаги гуруҳ учун жангариларн ёллаган ва ҳануз ёллаётган бўлиши мумкин", дейди Абу Ҳусайн Ўзбекийнинг "Исломий давлат"га қадар бўлган иддаоларини таҳлил қилган Вайс.

Унинг айтишича, Абу Салоҳнинг гуруҳи 2014 йилга келиб "Жабҳат ал-Нусра"ни тарк этган ва ўзбек жангарилари тузган янги "Тавҳид вал-Жиҳод" гуруҳига қўшилгани ҳақида маълумотлар бор.

Аммо, расмий манбаларда бу гуруҳ "Жабҳат ал-Нусра"нинг иттифоқчиси кўрилади ва Суриядаги ҳукумат аскарларига қарши Идлиб вилоятида қилинган қатор ҳужумларда биргаликда иштирок этганига оид маълумотлар бор.

Айни пайтда, Абу Ҳусайн Ўзбекий номидан йўлланган навбатдаги тарғибот видеосида ҳам ИДнинг аввалги видеоларида кузатилган иддаолар такрорланди. Яъни, Сурияда ўзбекистонлик мужоҳидларнинг кўплиги ва уларнинг аксарияти аёли ва бола-чақаси билан яшаётгани айтилди.

Маълумки, сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати ҳам ИД таркибидаги ўзбекистонлик жангарилар масаласида бир неча баёнотлар берди ва улардан сўнггисида жами ўзбекистонлик жангарилар сони 200 га яқин экани айтилди.

Аммо, Марказий осиёлик бошқа таҳлилчилар уларнинг сони 500 тарофида экани, хорижлик норасмий манбаларда эса бир неча мингдан ошиқ эканини айтиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG