Линклар

Суриялик фаоллар Палмиранинг меъморий обидалар жойлашган қисми миналаштирилганини айтмоқда


“Исломий Давлат” гуруҳи жангарилари Суриянинг кўҳна Палмира шаҳридаги меъморий ёдгорликлар жойлашган қисмини миналаштирди. Бу ҳақда қароргоҳи Британияда бўлган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси фаоллари маълумот тарқатди.

Мазкур ташкилот раҳбари Рами Абдурраҳмонга кўра, жангарилар Палмиранинг қадим обидалар турган қисмини шу кунларда миналаштириб бўлган.

“Улар Рим театри ичига ҳам бомбалар ўрнатган, аммо бунинг нима сабабдан қилинганини биз ҳали ҳам билмаймиз”, дедиРами Абдурраҳмон Рейтерс агентлигига.

Ҳуқуқ фаоли Сурия ҳукуматига қарашли кучлар сўнгги 3 кундан буён шаҳарнинг одамлар яшайдиган мавзеларига ҳаводан зарба бераётганини, бунинг натижасида камида 11 киши ҳалок бўлганини билдирди.

“Исломий Давлат” гуруҳи кўҳна меъморий обидалари билан ЮНЕСКО рўйхатига кирган Палмира шаҳрини май ойи ўрталарида эгаллаб олганди. Шундан сўнг жангарилар шаҳардаги кўҳна бино харобалари ва ибодатхоналарни вайрон қилиши мумкинлиги юзасидан хавотирлар айтила бошлаган.

Бундан аввал “Исломий давлат” гуруҳи Ироқдаги жаҳон маданий мероси ҳисобланмиш Хатра ва Нимруд шаҳридаги минг йиллик тарихий ёдгорликларни вайрон қилган эди.

XS
SM
MD
LG